Home / МАҚОЛАЛАР / ИЛМ-ФАН ВА ТАДҚИҚОТЛАРДА ҲАМ ИНТЕГРАЦИЯ КЕРАК!

ИЛМ-ФАН ВА ТАДҚИҚОТЛАРДА ҲАМ ИНТЕГРАЦИЯ КЕРАК!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида диний-маърифий соҳадаги ташкилотлар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида доимий асосда фаолият кўрсатувчи Диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқотга оид фаолиятни мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этиш белгилаб қўйилгани ғоят муҳим қарор бўлди.

Диний маърифат илмнинг ўта нозик соҳаси бўлиб, кишидан бир йўналишни эмас, кенг қамровли билимларни ўзлаштиришни талаб қилади. Хусусан, исломий илмлардан бирини эгалламоқчи бўлганлар оят ва ҳадисларни, уларнинг тафсир ва шарҳларини, муқаддас динимизнинг барча арконларини, ақидани, уламоларнинг асарларини, ислом тарихини комплекс тарзда ўрганиши керак бўлади. Булардан бирортасини истисно қилган кишининг илми охир-оқибат нуқсонли, кемтик бўлиб қолиши муқаррар.

Булар – таълим ва таҳсил олиш учун зарурат саналган жиҳатлар.

Ўргатиш борасида билим қамровини янада кенгайтириш керак бўлади. Педагогика ва услубият бўйича маҳорати, муомала ва одобдаги фасоҳати, йўналтириш, руҳлантириш ва илҳомлантиришга лаёқати бўлмаган кишидан яхши устоз чиқмайди.

Энди шу фикрни илмий тадқиқот учун қўллайдиган бўлсак, илмга ошно бўлишни ният қилган инсоннинг масъулият доираси бундан-да катта бўлади. Негаки, унинг баён этганлари, таҳлил ва хулосалари сафдошлари ва янги авлодлар учун манба, маёқ, дастуруламал вазифасини ўташи керак. Ҳар ҳолда, пок ниятли, илмий унвон учун эмас, эл-юртга илмий илмий манфаат етказишни ният қилган тадқиқотчи шундай фикрлайди.

Диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқотга оид фаолиятни мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилиши, Фармонда кўрсатилганидек, буюк аждодларимиз илмий меросида улуғланган ватанпарварлик, бағрикенглик каби умуминсоний ғояларни аҳоли орасида кенг тарғиб этиш йўналишларини белгилашда умумий мезонларни ишлаб чиқиш ва татбиқ қилишга, тадқиқот йўналишларини тизимли равишда тартибга солишга хизмат қилади.

Бугун Ўзбекистонда Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси каби муассасалар фаолият юритмоқда. Шу чоққача уларнинг илмий ходимлари қайси йўналишда қандай илмий изланишлар олиб бораётганини, ким нимани тадқиқ этаётганини ҳамма ҳам аниқ билмас эди. Баъзан илмий нашрларда, матбуотда, мазкур муассасаларнинг расмий сайтларида “параллель мақолалар” учраб қолиши, такрорий фикрлар, бир масалага қайта-қайта мурожаатлар, мазмунан бир хил бўлган раддиялар эълон қилиниши – бор гап. Бу ноихтиёрий такрорланишлар тадқиқотчиларимизнинг салоҳияти янглиш йўналишларга сарф бўлаётганини англатади. Уларнинг изланишлари мувофиқлаштирилганда, тартибга солинганда эди, тадқиқотларнинг фойдаси зиёда бўларди.

Халқчил қилиб айтганда, битта қуёнга бир овчи битта ўқ сарфлагани худди ўша қуёнга ўнта овчи ўнта ўқ кетганидан ҳамиша афзалдир. Шундагина вақтда ҳам, ҳаракатда ҳам, ўқ-дорида ҳам, диққат-эътиборда ҳам исрофгарчиликка йўл қўйилмайди. Қолаверса, ким биринчи бўлгани, ким мерганроқ экани тўғрисидаги баҳсларга ҳам ўрин қолмайди.

Фармонда белгиланганидек, Кенгаш эндиликда диний-маърифий соҳадаги муассасалар фаолиятини чуқур ўрганиб боради, ўқув-тарбия жараёнига илғор ахборот-коммуникация ва педагогик технологиялар, инновацион ишланмаларни татбиқ этиш ҳамда илмий ва услубий фаолиятини мувофиқлаштиришга бош-қош бўлади.

Бу нималарда намоён бўлиши мумкин? Албатта, кўп жиҳатлар дастлаб қиёсда юзага чиқади. Тўғри, ҳозир илмий тадқиқот муассасаларида ахборот-коммуникация ва педагогик технологиялардан фойдаланиш, инновацион ишланмаларни татбиқ этиш бир хил даража юқори, дея оламиз. Аммо улардан ҳар бирининг илмий-техникавий ва манбаларга оид салоҳияти турлича. Гоҳо бирида мавжуд қўлёзма иккинчисида бўлмайди. Бири қайсидир йўналишга кўпроқ урғу беради, униси – бошқасига. Услуб борасида ҳам шуни айтиш мумкин, у ҳамма жойда бир хил бўлавермаслиги тайин ва табиий.

Бир сўз билан айтганда, илмий интеграция бугун жуда зарур бўлиб турибди!

Бунинг учун эса бир мувофиқлаштирувчи орган жуда керак. Айтайлик, Имом Мотуридий мероси бўйича илмий тадқиқот бошламоқчи бўлган киши ўз-ўзидан Термизга бормайди, лекин алломанинг айнан ўша мавзуга доир асари фақат Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказидаги қўлёзма фондида мавжуд. Демак, у ишини Термизга бориб давом эттиради.

Ахборот технологиялари борасида ҳам шунга ўхшаш мисол келтириш мумкин. Киши Халқаро ислом академиясида тадқиқот олиб бораяпти. Лекин у ўрганаётган айнан ўша қўлёзмани “ўқий оладиган” сканер ва ўчиб кетган жойларини тиклаб ё тушунтириб берадиган мутахассис (“китоб шифокори”) фақат Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бор. Табиийки, у одам ишини Самарқандга кўчиради.

Фармонда белгиланганидек, соҳа ташкилотларида тўпланган илмий-услубий ишланмалар ва тажрибани таҳлил этиш асосида улардаги таълим мазмунини такомиллаштириш ва мувофиқлаштириш, ўқув режа ва фан дастурларини ишлаб чиқишда узвийлик тамойилларини таъминлаш ҳам муҳим. “Фалон муассаса одатда бундай қилар экан”, “худди шундай вазиятда фалон марказ бундай йўл тутганда фойда берган экан” каби ўртоқлашувлар ҳар томонлама манфаатли бўлади, албатта. Юқорида таъкидландики, илмий интеграция керак. Шу узвий алоқа қарор топмаса, ким нимани ўргатаётгани ва ким нимани ўрганаётгани аниқ бўлмаса, биз имконият ва салоҳиятни янглиш йўналтирган ва саъй-ҳаракатларимизнинг камида ярмини ҳавога совурган бўламиз.

Барча таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида бажариладиган диний мавзудаги тадқиқотлар учун мавзу ва йўналишлар бўйича, уларнинг аҳамияти, долзарблиги юзасидан тегишли тавсиялар бериш ҳам фойдадан холи эмас. Такрорий тадқиқотлар ҳақида юқорида айтилди. Айни пайтда мавзунинг долзарблиги ва аҳамияти, шунингдек, тадқиқотнинг илм-фанга, ижтимоий ҳаётга қанчалар фойда келтириши ҳам муҳим масаладир. Кимдир чуқур илмий мавзуда тадқиқот ўтказса, яна кимдир намозда қўл кўтариш-кўтармаслик, саббоба қилиш-қилмаслик, фотиҳадан кейин кафтларни юзга суриш каби ўта майда, омиларга хос, принципиал аҳамият касб этмайдиган масалаларни ўрганиши мумкин. Иккинчи ҳолатда, тадқиқотчини тўғри йўлга солиш, вақти ва меҳнатини аҳамиятсиз нарсаларга сарфлаётганини унга тўғри англатиш зарур. Кимдир истиҳола, кимдир андиша қилиши туфайли бундай “тадқиқотлар” ҳам ҳимоядан ўтиб кетиши ҳеч гап эмас. Кенгаш эса, илм-фан учун чинакам қайғурадиган расмий орган сифатида бунинг олдини олади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Нашрлар бўлимидаги фаолиятимиз давомида кўплаб мақолалар билан танишишимизга тўғри келяпти. Уларнинг муаллифлари орасида илмнинг ҳақиқий фидойилари ҳам бор, афсуски, ҳужжат учун ёзаётганлар ҳам йўқ эмас. Ўшандай тоифа вакилларини чиғириқдан ўтказиш вақти аллақачон келган. Диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқотга оид фаолиятни мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилиши мана шу жиҳатдан ҳам айни муддао бўлди. Ўзбекистонда илм-фан ва таълим соҳасини устоз Абдулла Қаҳҳорнинг фикрини бироз ўзгартириб айтганда, “фанга адашиб кириб қолган” тоифалардан ҳимоялаш учун ҳам шундай тузилма керак аслида.

Анвар БОБОЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎТГАНЛАРНИ ХОТИРЛАШ ВА ТИРИКЛАРНИ ҚАДРЛАШ – ИНСОНИЙ БУРЧИМИЗ

Ислом дини инсонларни одоб-ахлоқ, яхшилик ва эзгуликка чорлайди. Шу боис, ислом динида ўтганларни хотирлаш, уларнинг …