Home / МАҚОЛА / АСЛ ТАҲДИД СЎЗДА ЭМАС, СЎЗНИ ҚУРОЛ ҚИЛГАНЛАРДАДИР

АСЛ ТАҲДИД СЎЗДА ЭМАС, СЎЗНИ ҚУРОЛ ҚИЛГАНЛАРДАДИР

Ҳозирги мураккаб, таҳликали замонда, тўрт томонимизда нотинчлик, ўнлаб давлатларда юз бераётган қонли тўқнашувлар, минг-минглаб бегуноҳ инсонларнинг қирилиб кетаётгани, машҳур тарихий иншоотлар, муқаддас зиёратгоҳлар шафқатсизларча портлатилиб, худбинларча бузиб ташланаётган бир пайтда юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидай асраш ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Ҳар биримиз юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаб, ён-атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан огоҳ бўлиб боришимиз керак.

Таассуфки, ҳозирги кунда ҳам баъзилар турли диний қарашлар билан ислом аҳкомларини кўр-кўрона бузган ҳолда ўзига эргашмаган мусулмонларни «кофир», «мунофиқ» атамоқда. «Ҳижрат қилмаган кофирдир» деган асоссиз ҳукм чиқариб, мусулмонлар бошига кўп ташвиш солмоқда. Улар шу йўл орқали Ўзбекистонда халқ онгини бузиб, одамлар ва жамиятни турли нохушликларга гирифтор қилишга уриняпти.

Аслида, ислом мусулмон одамни кофирга чиқаришдан қайтаради. Ҳанафийлик мазҳаби ва мотуридийлик ақидасига мувофиқ, имоннинг шарти якка худоликка тил билан иқрор бўлиш, қалб билан тасдиқлашдир. Бундаги асл қалб саналади. Шу сабабли инсонга бошқаларнинг имонини баҳолаш имконияти берилмаган. Ислом таълимотига кўра, қалбни фақат Аллоҳ таоло билади ва мусулмон одамнинг имони ҳақидаги ҳукмни ёлғиз Унинг Ўзи чиқаради.

Бу масалада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай кўрсатма берганлар: «Уч нарса имоннинг аслидандир: «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деган кимсага тегинмаслик. Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаслик. Амали туфайли уни исломдан чиқармаслик» (Абу Довуд ривояти).

Демак, шахсларга нисбатан куфр фатвосини беришдан олдин сўраб-суриштириш, аниқлаш лозим ҳисобланади. Айрим ёшларимиз интернет орқали диний маълумоти кам, кимга хизмат қилиши номаълум бўлган кимсаларнинг таъсирида ўзгаларни, баъзан ҳатто яқинларини диндан чиққанликда айблаётгани жуда хатарли ҳолатдир. Мазкур муаммонинг энг оғир жиҳати шундаки, ўз диндошлари, юртдошлари ва қавм-қариндошини кофирликда айблаётган бу каби ёшлар кейинги босқичда «раҳнамо» ва «устозлари»нинг талаби билан «ҳижрат» даъвосини қилади. Аслида, ҳижрат ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир ва ҳар бир киши учун ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлган ҳисобланади. Кимнинг ҳижрати молу дунё учун бўлса, унга эришади ёки бирор аёл учун бўлса, унга уйланади. Унинг ҳижрати ҳижрат қилган нарсаси учун бўлади» (Имом Бухорий ривояти). Яъни, ҳижрат ҳам ниятга боғлиқ бўлиб, мусулмонлар ҳар бир ишда ниятни яхши қилиши зарур экан.

Аммо Макка фатҳ этилгандан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратни ман этганлар. Ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фатҳдан сўнг ҳижрат йўқдир…», дедилар. Бу ҳадис Макка тўғрисида айтилган бўлсада, шаҳарнинг фатҳ этилгани ундан ҳижрат қилиш жоиз эмаслигига сабаб бўлгани учун ушбу ҳукм фатҳ этилган ҳамма диёрларга тегишли ҳисобланади. Демак, қайси юрт бир марта фатҳ этилган бўлса, ундан ҳижрат қилиш мумкин эмас. Фақат кофирлар томонидан ишғол қилиниб, мусулмонларнинг жони ва динига хавф туғилган тақдирдагина, ҳижрат ҳукми янгидан жорий бўлади. Чунки ҳижратдан кўзланган асл мақсад мусулмоннинг жони ва динини сақлаб қолишдир.

Шуларни инобатга олиб, ҳозирги глобаллашув шароитида ёшларимизга, умуман кенг жамоатчиликка ҳижрат ҳақидаги маълумотларни тўғри етказиш керак. Шунда хавф-хатар аслида «ҳижрат» сўзида эмас, балки бу сўзни қурол қилиб олган тоифа, гуруҳ ва адашган жамоаларда эканлигини барча тушуниб етади.

Отабек БАХРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Ўзбекистонда Имом Мотуридий илмий меросига юксак эътибор қаратилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори жаҳон …