Home / МАҚОЛА / ИМОНДА ИСТИСНО ҚИЛИШ (“Ал-Эътимод фил эътиқод” асари асосида)

ИМОНДА ИСТИСНО ҚИЛИШ (“Ал-Эътимод фил эътиқод” асари асосида)

Ким имоннинг олти рукнини қалби билан тасдиқлаб, тили билан иқрор бўлса, у ҳақиқий мўминдир. Аллоҳ таоло:

﴿أأُولَئِكَ هُمُ الْمُؤْمِنُونَ حَقًّا﴾  

“Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир”[1], деган. Ҳеч бир мўмин “Иншааллоҳ, мен мўминман” дейиши жоиз эмас. Бу худди “Иншааллоҳ (Худо хоҳласа) мен тирикман ёки иншааллоҳ мен ёш йигитман”, дейиш жоиз бўлмаганига ўхшайди. Чунки истисно айни пайтда мавжуд бўлмаган нарсаларга тегишлидир.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг: “Иншааллоҳ, мен мўминман”, дегани ривоят қилинган. У бу иборани келажакда мўмин ҳолда ўлиш Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқ экани маъносида ишлатган. Айни пайтда мавжуд имонга эмас.

Шофеъий ва уларнинг жамоаси ҳам шундай дер эди. Улар: “Иншааллоҳ, мен мўминман” деган гап инсон ўз имонида шак-шубҳа қиляпти деган маънода тушунилмайди. Балки табаррук (хайр-барака) маъносида қўлланади. Бу Аллоҳ таолонинг:

﴿لَتَدْخُلُنَّ الْمَسْجِدَ الْحَرَامَ إِنْ شَاءَ اللَّهُ آَمِنِينَ﴾

 “Албатта, Масжидул Ҳаромга, иншааллоҳ, омонликда кирасиз”[2], деганига ўхшайди. Оятда шак-шубҳа маъноси акс этмаган. Чунки шубҳа қилиш Аллоҳ таолога нисбат берилмайди. Балки бу ўринда “Иншааллоҳ” сўзи барака учун ишлатилган. Ёки имон келажакка нисбатан шак-шубҳа остида бўлади, айни пайтда эмас. Чунки фойдали имон инсон вафот этаётганда боқий қолганидир. Пайғамбарлардан бошқа ҳеч ким ўша пайтда имонда собит қолиш борасида шак-шубҳадан холи бўлмайди. Биз Аллоҳ таолодан ўша ҳолатда имонимизни боқий қолдиришини сўраймиз”, деган.

Шофеъий роҳимаҳуллоҳнинг наздида амаллар имондан ҳисобланади. Бу фикрга кўра, бирор амалда шак бўлиши имонда ҳам шак бўлишини тақозо этади. Шунинг учун имом Шофеъий имонда истисно қилишни жоиз ҳисоблайди.

Абу Ҳанифа ва асҳоблари наздида эса имон иқрор ва тасдиқдан иборатдир. Бунда бирор амалда шак бўлиши имонда шак бўлишини келтириб чиқармайди. Шунинг учун улар имонда истисно қилишни жоиз санамаган. Агар бирор киши тасдиқдан сўнг куфр келтирса, унинг ҳолати иблиснинг ҳолатига ўхшайди. У имондан кейин кофир бўлган ҳисобланади. Баъзан имони сабабли бахтли бўлган инсон куфр келтириб, бахтсизга айланади. Баъзан эса куфр сабабли бахтсиз инсон имон келтириб, бахтлига айланади. Чунки имон ҳақиқати маълумдир. У Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келтирганлари борасида тасдиқлашдир. Инсонда ушбу ҳолат ҳосил бўлса, у ҳақиқий мўмин ҳисобланади.

Ашъарийлар наздида имон ёки куфр хотимага кўра эътиборга олинади. Улар: “Инсонда айни пайтда тасдиқнинг мавжуд бўлиши вафот этаётганида ҳам боқий қолишини ва айни ҳолатда такзибнинг мавжуд бўлиши вафот этаётганда ҳам боқий қолишини англатмайди. Аллоҳ таолонинг илмида бир инсоннинг имон билан хотима топиши белгиланган бўлса, у санамларга сажда қилиб, Аллоҳ ва Расулини ёлғонга чиқараётган ҳолатда ҳам мўмин ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг илмида бирор инсоннинг куфр билан хотима топиши белгиланган бўлса, у доимо ибодат қилиб, Аллоҳ ва Расулини тасдиқлаётган ҳолатда ҳам кофир ҳисобланади. Иблис фаришталарга муаллим бўлган пайтда ҳам кофир эди”, дейди.

Биз айтамизки, бу гапларда маъно йўқ. Чунки Аллоҳ бирор мавжуд нарсанинг келажакда йўқ бўлишини билгани учун уни “айни пайтда мавжуд эмас” дейиш хатодир. Аллоҳ таоло тирик инсонни тирик деб билади. Гарчи унинг ўлишини билса ҳам. Уни айни ҳолатда ўлик деб бўлмайди.

Ашъарийнинг гапидан ким қариса, нафақат ёшлигининг гуллаб-яшнаган пайтида, балки болалик даврида ҳам қари бўлгани келиб чиқади. Бу эса ҳақиқатларни инкор қилишдир. Юқоридаги далиллардан имон борасида истисно қилиш (яъни Худо хоҳласа, мўминман, дейиш) жоиз эмаслиги маълум бўлади. Чунки бу ибора зоҳиридан инсоннинг ўз имонида шак-шубҳа қилаётганини билдиради. Унинг ўрнига “Алҳамдулиллаҳ, мен мўминман” дейиш лозим.

[1] Анфол сураси, 4-оят.
[2] Фатҳ сураси, 27-оят.
Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

МАЗҲАБДА БЎЛИШ ВОЖИБ

Ислом оламида кўп асрлардан буён фаолият юритиб келаётган ҳанафий, шофеъий, ҳанбалий ва моликий мазҳабларининг ҳақ …