Home / МАҚОЛАЛАР / Ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги масъулияти

Ота-онанинг фарзанд тарбиясидаги масъулияти

“Бола ота-она қўлида бир омонатдир”, дейди буюк алломаларимиз. Болаларимиз, уларнинг тақдири, келажаги ҳақиқатан ҳам жуда омонат эканини бугунги ҳаёт ҳар томонлама исботламоқда. Агар фарзандимизга тўғри тарбия бермасак, ҳар куни, ҳар дақиқада унинг юриш-туриши, кайфиятидан огоҳ бўлиб турмасак, уларни илму-ҳунарга ўргатмасак, муносиб иш топиб бермасак, бу омонатни бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас. «Кейинги йилларда халқимиз ўртасида кенг тарқалган “Ўз уйингни ўзинг асра!” деган даъватга бугун “Ўз болангни ўзинг асра!” деб қўшимча киритиш вақти келди, деб ўйлайман.

Шавкат Мирзиёев

Муқаддас динимиз таълимотида фарзанд Аллоҳ таоло инсонга берган энг улуғ неъматлардан бўлиши баробарида, у омонат ҳамдир. Бу буюк неъматга сазовор бўлган ота­оналар унинг қадрига етишлари, шукр қилиб, фарзанд олдидаги ота­оналик масъулиятларини пухта адо этишлари, яъни, унга чиройли исм қўйишлари, яхши таълим­тарбия беришлари ва охир­оқибатда Аллоҳ розилигини топадиган, миллати, Ватани, ота­онасига муносиб ўғил­қиз, тенгдошлари ҳурмати ва муҳаббатини қозонган етук бир инсон бўлиши борасидаги вазифаларини чин ихлос ва садоқат билан адо этишлари лозим бўлади. Ота-она фарзандини комил инсон бўлиб вояга етишиши учун динимизда бир қанча кўрсатмалар мавжуд. Жумладан:

  1. Фарзандингизга гўзал хулқли она танланг. Ҳар бир инсон оила қуриш ва солиҳ фарзандлар кўришни орзу қилади. Фарзанднинг яхши, одобли, меҳнатсевар, соғлом бўлиб ўсиши кўп жиҳатдан онасига боғлиқ бўлади. Шунинг учун динимиз кўрсатмаларида бўлғуси келинни танлашга алоҳида эътибор қилинади. Келажакда туғилажак фарзандларга муносиб она танлаш ҳақида фарзанд ҳали туғилмасидан қайғурилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизга муносиб онани ихтиёр қилинглар”, деганлар.

Келин танлашда унинг солиҳа, диёнатли, яхши хулқли бўлиши асосий мезон саналади. Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу тавсияларида улкан ҳақиқат мавжуд.

  1. Фарзанд дунёга келганда. Оилада фарзанд туғилса хурсандчилик қилиш лозим. Айниқса, қиз бола туғилганида кўпроқ хурсанд бўлиш керак. Чунки қиз фарзанд ўша хонадонга яхшилик ва шодлик олиб келади, хотиннинг баракотлиси биринчи фарзанди қиз бўлганидир. Баъзилар фақат ўғил кўришни исташади, қиз бола туғилганида эса севиниш ўрнига ҳафсалалари пир бўлиб, ҳатто, аёлларини айблашгача боришади. Бу мутлақо нотўғридир. Аксинча, агар қиз фарзанд туғилса, ота­она зиёдароқ хурсанд бўлиши зарур. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этган: “…Хоҳлаган кишига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишига ўғилларни ҳадя этур…” (Шуро, 49). Қуръони каримда қиз боланинг ўғил боладан олдин зикр этилиши ҳам қиз фарзанднинг ўғилга нисбатан баракали ва фазилатли эканига ишорадир. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Биринчи фарзанди қиз бола бўлгани аёлнинг баракотли, бахтли ва шарофатли эканига далолатдир”.
  2. Фарзанд дунёга келганда унга чиройли исм қўйиш. Фарзанд туғилгандан кейин биринчи масъулият ва тарбиялардан бири унга чиройли исм қўйишдир. Зеро, исм эгасининг хулқ атворига, ҳатто тақдирига ҳам таъсир қилади. Қиёмат кунида ҳам инсонлар исми билан чақирилади. Амр ибн Шуайб отасидан, бобосидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган чақалоққа еттинчи куни исм беришга, киндигини узишга ва ақиқа қилишга буюрдилар”, ‒ деди[1]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Пайғамбарларнинг исмларини қўйинглар. Исмларнинг Аллоҳ таолога яхшироғи Абдуллоҳ ва Абдурраҳмондир. Исмларнинг чиройлиси Ҳорис ва Ҳаммомдир. Исмларнинг хунуги эса Ҳарб ва Муррадир”, ‒ деганлар[2].

Фарзандларимизга Пайғамбарларнинг исмларини қўйиш афзал экан. Пайғамбарларни Аллоҳ таоло одамлар орасидан танлаб олган, агарда уларнинг исмлари Аллоҳга ёқмаганида эди уларнинг исмларини ўзгартиришга буюрган бўларди.

Шунинг учун ҳар бир мусулмон ота-она бу муҳим ишга алоҳида эътибор билан ёндашиши лозим. Фарзанд катта бўлиб, оқ-қорани таниганда ўз исмидан уяладиган бўлмасин, балки исми унга зийнат бўлиб турсин.

  1. Фарзанд туғилганда унга ақиқа қилиш. Ақиқа ҳам боланинг ота-онадаги ҳақи саналади. Жонлиқ сўйиб зиёфат қилинганда, қариндошлар ва оиланинг энг яқинлари жам бўлади. Борди-келди ришталари мустаҳкамланади. Фарзанд ҳақига дуолар қилинади. Ақиқани фарзанд туғилганининг етти, ўн тўрт ва йигирма биринчи кунлари қилингани мустаҳабдир. Имкони бўлмаса, кечиктириш ҳам мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Янги туғилган болага ақиқа қилинглар, қон оқизиб, азиятларини даф қилинглар” деганлар. (Имом Бухорий ривояти).

Туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон ва чап қулоғига такбир айтиш суннатдир. Рофеъдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотиманинг розияллоҳу анҳо туққан боласи Ҳасан ибн Алининг қулоғига азон айтаётганларини кўрдим” (Абу Довуд ва Термизий).

Ушбу ҳадиси шарифга биноан, янги туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат айтмоқ мандубдир. Аллоҳнинг зикри янги туғилган боланинг қулоғига кирган биринчи садо бўлиши қандай ҳам яхши. Албатта, бу улуғ амалнинг ўзига яраша баракаси бўлади.

  1. Фарзанд тарбиясига эътибор қилиш. Фарзанд Аллоҳ таолонинг инсонга берган олий неъматларидан бири бўлиб, ота-она ҳаётининг давомчилари ҳисобланади. Ҳар неъматнинг ўз шукри бор, фарзанд неъматининг шукри унга чиройли тарбия беришдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-она ўз фарзандига чиройли хулқдан кўра афзалроқ нарсани бера олмайди”[3], ‒ дейдилар.

Валид ибн Нумайр ибн Авсдан ривоят қилинади: У отасининг “Солиҳлик Аллоҳдан, одоб – оталардан дейишарди”, деганини эшитган экан.

Солиҳлик – луғавий жиҳатдан “олийжаноблик”, маъносини англатиб, у кишидаги ахлоқий сифатлардан бири саналади. Одоб – “тарбиялилик”, “хушмуомала”, ва “назокатли” маъноларини англатиб, гўзал фазилатлардан иборат мақтовга сазовор иш ва сўзга нисбатан ишлатиладиган атамадир. Инсон бунга фақат тарбия орқали эришади.[4]

Тарбия сўзини тор доирада тасаввур қилмаслик лозим, ота-она зиммасидаги бурч фарзандга фақат чиройли одоб-ахлоқ ўргатишдан иборат эмас, балки уни турли хил мафкура ва ғайри инсоний ёт ғоялардан сақлаш ҳам ота-онанинг бурчларидан бири ҳисобланади. Чунки эътиқоди соғлом, мафкураси тўғри бўлган фарзанд ота-онага меҳрибон, эл-юртига садоқатли фидойи инсон бўлиб вояга етади.

  1. Фарзанд тарбиясидаги нозик нуқталар. Фарзандларнинг келажакда гўзал ахлоқли ва чиройли тарбияли бўлишида ота-она фарзанди ҳақига қиладиган хайрли дуолар ўрни беқиёсдир. Чунки дуо ибодат мақомида. Аллоҳ таоло ҳар бир ишда Ўзидан ёрдам сўрашимизни яхши кўради. Бундан ташқари, ота-онанинг фарзанди ҳақига қилган дуоси мустажобдир. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч кишининг дуоси қабулдир: отанинг фарзандига қилган дуоси, мазлумнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси”, деганлар. Ота-она бундай неъмат ва имкониятдан унумли фойдаланиши ва фарзандларининг келажакда солиҳ ва тарбияли инсон бўлиб камол топишини Аллоҳдан сўраши лозим.

Аллоҳ таоло барчамизга фарзандларимизни тарбияси чиройли бўлишини насиб қилсин.

Машраб Хидиров
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази
Фиқҳшунослик шўъбаси раҳбари

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Мансуров А. ‒Т:. “ТИУ”, 2001.
  2. Абу Исо Термизий. Сунани Термизий. ‒Ж. 4. Байрут. “Дор иҳёу-т-туроси-л-арабий”, 1990. Б. 338. 1952-ҳадис.
  3. Абу Довуд. Сунани Абу Довуд.Ж.4. –Байрут. Дору-л-китоби-л-арабий. 4952-ҳадис. –Б.443.
  4. Исо Термизий. Сунани Термизий. ‒Ж.5. Байрут. “Дор иҳёу-т-туроси-л-арабий”. 2832-ҳадис. –Б.132
  5. Олимхон Исахон ўғли. Одоблар дурдонаси. – С:. “Имом Бухорий халқаро маркази” 2015. – Б. 127
 
[1]Исо Термизий. Сунани Термизий. Ж.5. –Байрут. Дор иҳёу-т-туроси-л-арабий. 2832-ҳадис. –Б.132.
[2]Абу Довуд. Сунани Абу Довуд.Ж.4. –Байрут. Дору-л-китоби-л-арабий. 4952-ҳадис. –Б.443.
[3]Абу Исо Термизий. Сунани термизий. Ж. 4. Байрут. Дор иҳёу-т-туроси-л-арабий, 1990. Б. 338. 1952-ҳадис.
[4]Олимхон Исахон ўғли. Одоблар дурдонаси. – С:. “Имом Бухорий халқаро маркази” 2015. – Б. 127

 

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …