Home / МАҚОЛАЛАР / Деҳқончилик ва зироатчиликда барака бор

Деҳқончилик ва зироатчиликда барака бор

Шаҳар ва қишлоқларда яшовчи барча инсонлар бу муборак фаслни ғанимат билиб, юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, турмушимиз равнақи йўлида астойдил белларини маҳкам боғлаб, фидокорона меҳнат қилиш, тозалик ва озодалик ишларини амалга ошириш билан ўзларининг холис ҳиссаларини қўшишга ҳаракат қилишлари мақсадга мувофиқдир.

Мана шундай навбаҳор фаслида юрт тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, имон-эътиқодимизга яраша солиҳ амалларни бажаришликка муносиб шароитларнинг муҳайё экани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтган ҳолда атроф-муҳит ва ҳовли-жойларимизнинг озода бўлишлиги учун ҳаракат қилайлик.

Пайғамбаримиз (с.а.в) умматларини деҳқончилик қилишга тарғиб ва ташвиқ этиб: “Агар қиёмат қойим бўлиб қолса-ю, қайси бирингизнинг қўлингизда экаман деб турган кўчат ниҳоли бўлса, уни экиб қўйсин”, – деганлар.

Ушбу ҳадис ва ривоятлардан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, кўчат экиб, унинг соясидан, мевасидан бошқаларнинг баҳраманд бўлишлиги инсон учун энг улкан бахт ҳисобланади. Деҳқоннинг ерга уруғ экиб, ҳосилини халққа улашиши эса, Аллоҳ таолонинг даргоҳида юксак ажр-савоблар бор эканлигидан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банданинг фойдасига хизмат қилади.

 Бошқа бир ҳадисда: “Кимки, дарахт экса, унинг соясида одамлар дам олса, у Аллоҳнинг раҳматига эришади”,- деб келтирилган.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир мусулмон бирор кўчат (дарахт), ёхуд бирор экин экса-ю, унинг ҳосилидан инсон, қуш ёки ҳайвон еса, бу унинг учун садақа бўлади”, – дедилар.

Жобир (р.а,) Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан бу борада қуйидаги ҳадиси шарифни ривоят қилган: “Ким Аллоҳга ишониб, савоб умид қилган ҳолда қаровсиз ерни обод қилса, унга ёрдам ва барака бериш Аллоҳга лозим бўлди (у бандани Яратган ўзининг марҳамати билан неъматлантиради)”, деб марҳамат қилганлар.

Шунингдек, ҳар йили баҳор келиши билан атроф-муҳит, ҳовли ва яшаш жойлар, ўқув даргоҳлари ҳамда маҳаллаларни саранжом-саришта қилиш бўйича кўплаб оммавий ҳашарларни уюштириш ҳам миллатимизга хос фазилатлардандир. Бунда дарахтлар оқланиб, ҳар хил чиқиндилар тозаланади, янги-янги мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилади. Атрофни ўзгача файз ва шукуҳ, поклик қамраб олади.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар инсон вафот этса унинг уч нарсадан ташқари (унга савоб бориб турадиган) амаллари тўхтайди. Улар: Садақаи жория (мусулмонларга доимий равишда фойда бериб турадиган хайрли ишлар), манфаат олинадиган илм, ҳаққига дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд”,- дедилар.

Деҳқончилик ва зироатчилик билан шуғулланиб келаётган инсонларнинг бундай юксак ажр-савобларга мушарраф бўлишига сабаб, ҳаёт фаровонлиги, жамият манфаати, қолаверса табиатнинг янада кўркам бўлишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Улар фақат ўз манфатини ўйлаб эмас, балки атрофдаги инсонларнинг ҳам бахт-камолини ўйлаб иш тутиб, эзгу амалларнинг кўпайишига ёрдам бермоқда.

Жаннат макон юртимизнинг қай гўшасига бормайлик, турли хил мевали боғларни ва истироҳат боғлар, хонадонларни безаб турган, манзарали дарахтларни учратамиз. Ўтган-кетган йўловчилар уларнинг соясида ўтириб дам олишади, болакайлар ғарқ пишган дарахтнинг мевасини териб ейишади, шу боғларни яратган инсонларнинг беихтиёр ҳаққига дуо қилишади. Бундай ажойиб боғларни яратган инсонлар нафақат ҳаётлигида балки, вафотидан кейин ҳам Аллоҳ таолонинг ажру-савобидан албатта, баҳраманд бўлишади.

Динимизда деҳқончилик, ерни обод қилиш масаласига алоҳида эътибор берилганлигини юқорида ўрганиб чиқдик.

Зеро, ерга меҳнат билан қанчалик ишлов берилса, деҳқончилик, зироат ҳам шунга қараб баракали бўлади. Рўзғоримиз бутун, ҳаётимиз фаровон, турмушимиз ҳам янада обод ва кўркам бўлади.

Турдиматов Зухриддин
Наманган вилояти Учқўрғон тумани
«Нурмуҳаммад бува» жомеъ масжиди имом хатиби

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …