Home / МАҚОЛАЛАР / ПАЙҒАМБАРИМИЗ СУЙГАН АМАЛЛАР МЎМИНЛАРГА ҲАМ СУЮКЛИДИР

ПАЙҒАМБАРИМИЗ СУЙГАН АМАЛЛАР МЎМИНЛАРГА ҲАМ СУЮКЛИДИР

Инсоннинг бирор амални яхши кўриб, унда бардавом бўлиши гўзал сифатлардандир. Ҳаётда ҳар бир кишининг ўзи хоҳлаб, севиб тановул қиладиган таоми, яхши кўрган кишиси, кийими ва бошқа нарсалари бўлиб, вақти-вақти билан ўша таомлардан егиси, яхши кўрган кишисини кўргиси келади.

Мўмин бандани бу дунёда яхши кўргани, аввало, унинг ота-онаси, оиласи, яқин қариндошларидир. Лекин ҳар бир мўмин, аввало, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарини ҳаммадан ва ҳар бир нарсадан устун қўйиши керак. Бу борада Пайғамбар алайҳиссалом умматларига гўзал бир дуони ўргатганлар. Яъни: “Ё Аллоҳ, сендан сени севишни ва сени севадиганларни ҳамда сени севгингга яқинлаштирувчи амални севишни сўрайман” (Имом Термизий ривояти).

Демак, инсон Пайғамбар алайҳиссаломни яхши кўришининг исботи ўлароқ у зотнинг буюрганларига амал қилиши ва у зот яхши кўрган нарсаларни яхши кўриши керак экан. У зот қуйидаги амалларни яхши кўрган ва умматларини ҳам унга даъват қилганлар:

  1. У зот ҳалимлик ва хотиржамликни яхши кўрганлар:

Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисда у зот бундай деганлар: “Хотиржамлик Аллоҳдан ва шошилиш шайтондандир” (Имом Термизий ривояти). Хотиржамлик – инсонга ҳаётда энг зарур бўлган неъматлардандир. Қаерда тинчлик, хотиржамлик бўлса, ўша ерда инсоннинг барча орзу-ҳаваслари амалга ошади. Инсон қандай қилиб хотиржамлик ва покиза ҳаётга эришишининг ягона йўли – бу Қуръон ва суннатнинг ҳанафия мазҳаби асосида асл моҳиятини англашидадир.

Аллоҳ таоло айтади: “Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас” (Тоҳа, 123-оят). Демак, ҳақиқий бахтни излаган инсон шу оятни ўзига дастурул амал қилиб олиши лозим.

  1. У зот ҳаё ва гўзал хулқ соҳиби бўлганлар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта ҳаёли ва гўзал хулқ соҳиби эдилар. Ҳаттоки, у зотни шундай хулқлар билан сифатланганини Ҳақ таоло мадҳ этган. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз”. (Қалам сураси 4-оят). Ҳаёли инсонда имон бўлади. Имонли инсон ҳаётдаги ҳар бир гуноҳ ишларни содир этиш имкони бўлганда ҳам, аввало, Аллоҳ таолодан ҳаё қилиб, ўша амални қилмайди. Мабодо билиб-билмасдан содир этса, дарҳол истиғфор айтиб, тавба қилади. Ҳаёси йўқ инсондан эса барча хунрезликлар ва гуноҳ ишларни кутиш мумкин. Бундай одамларда ҳаё бўлмадими, демак, имони ҳам ўта заиф, гуноҳга рағбатли, қилган ишининг охирини ўйламайдиган инсонга айланади. Алал-оқибат бундай одамлар охирида хору зор бўлиб, Яратганнинг ғазабига учрайди.

  1. У зот доимо етимларнинг бошини силаган ва бева-бечораларга ёрдам берганлар:

Муқаддас динимиз муҳтожлар, ногиронлар ва айниқса, етимларга доимо эътибор қаратишни тарғиб қилади. Ҳаттоки, бундай амалларни ибодат даражасига ҳам кўтарган. Агар бир инсон бева-бечораларга молидан инфоқ қилса, ёки бундай хайрли ишларга бошқаларни ҳам даъват қилса, бу инсон ҳам эҳсон қилганнинг савобини олади.

Аллоҳ таоло айтади: “Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга… яхшилик қилинглар” (Нисо сураси, 36-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар қалбинг юмшашини хоҳласанг, мискинга таом бер ва етимнинг бошини сила!” дедилар (Имом Аҳмад ривояти). Демак, мискинга таом бериш, етимларнинг бошини силаш, ота-онага яхшилик қилиш Пайғамбар алайҳиссалом суйган амаллардан экан.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, қайси бир инсонда ҳалимлик, ҳаёлилик, гўзал хулқ соҳиби ва етимлар бошини силаш хислатлари бўлса, бундай кишилар икки дунёда кўп яхшиликка эришади.

Машраб ХИДИРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” ИНСОНЛАРНИ ИЛМГА ЧОРЛАЙДИ

“Аллоҳ жалла зикруҳу айтади: “Бандалар орасида Аллоҳдан фақат олимларигина қўрқарлар”[1]. “Лекин уларга фақат олимларнинг ақли …