Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ҳар бир намунаси – бетакрор!

Ҳар бир намунаси – бетакрор!

22 май куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Туркиядаги Мармара университети билан ҳамкорликда “Турк абруси тарихи” мавзусида семинар ўтказилди.

Марказ илмий ходимлари, Бухородаги “Устоз-шогирд” амалий санъат маркази, Самарқанд вилояти маданият ва санъат ходимларининг “Эъзоз” ассоциацияси раҳбарлари, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги Ҳунармандлар уюшмаси аъзолари, Самарқанд вилояти педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий маркази ходимлари, Самарқанд давлат университети докторант ва магистрантлари, қўлёзма асарлар реставрацияси ва абру санъати билан шуғулланувчи тадқиқотчилар ҳамда соҳага қизиқувчи жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда Мармара университетининг Ижтимоий фанлар институти Ислом тарихи ва санъати бўлими мудири др. Сумайра Ўжак Аҳмад мавзу юзасидан маъруза қилди.

Семинарнинг назарий қисмида олима йиғилганларга санъатнинг бу тури ҳақида батафсил маълумот берди. Туркиядаги абру усталари ва уларнинг устозларига алоҳида тўхталиб, айни дамда мамлакатда классик абру билан унинг замонавий турлари ҳам ривожланаётганини таъкидлади ва бу йўналишда фаолият олиб бораётган моҳир ҳунармандларнинг ижод намуналарини кўрсатди.

Абру санъати бўёқлар ёрдамида сув юзида турли шакллар ясаш орқали қоғозда абстракт ёки гулсифат безакларни акс эттириш, демакдир. Баъзи манбаларда абруни ҳозирги Туркия ҳудудига бухоролик ё самарқандлик усталар олиб келгани қайд этилган.

Измирлик рассом Нури Пинар ҳам абру санъати дастлаб Марказий Осиёда пайдо бўлган, деган фикрни илгари сурган. Унинг таъкидлашича, санъатнинг бу тури қоғоз ишлаб чиқариш ривож топиб, уни безаш урфга кирган вақтда Самарқанддан Эрон орқали Онадўлига келган.

Тадбирнинг иккинчи – тажриба-амалиёт қисмида Ўжак хоним иштирокчиларга абру санъати бўйича маҳорат дарсини ўтказди. Қатнашчиларга сувда абру санъати намуналарини яратиш техникаси амалда намойиш этилди.

Бу йўналишда асар яратишнинг турли усуллари мавжуд. Исталган тасвирни – гуллар, инсонлар, табиат манзаралари, асбстракт суратлар, хуллас, оддий қоғозда оддий мўйқалам билан нимани тасвир қилиш мумкин бўлса, ҳаммасини – яратиш мумкин.

Абру санъати 2014 йилда ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос рўйхатига киритилди. Унинг ўзига хос жиҳати шуки, бир марта чизилган суратни такрорлашнинг ҳеч ҳам иложи йўқ. Шу сабабли бу санъатда ҳозиргача индивидуаллик сақланиб келмоқда.

Дарсда ҳар бир қатнашчи ўзи сувда расм чизиш имкониятига эга бўлди. Ҳар бир ижод намунаси қоғозга туширилиб, эгасига тақдим қилинди.

Семинар якунида иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан тегишли сертификатлар топширилди.

 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тадбирнинг юксак самарадорлиги эътироф этилди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Туркиянинг “Diyanet” жамғармаси ҳузуридаги Ислом тадқиқотлари маркази (ИСАМ) билан ҳамкорликда …