Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Тасаввуф – йирик ижтимоий воқелик сифатида

Тасаввуф – йирик ижтимоий воқелик сифатида

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси маданий бойликлари” туркумида навбатдаги онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ ходимлари, юртимиз ва хориждаги илмий муассасалар тадқиқотчилари, шунингдек, Германия, Австрия ва Туркиядан олимлар иштирок этди.

Семинарда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Меҳрожиддин Амонов “Зарафшон воҳасида тасаввуф таълимоти тарихи: нақшбандия, яссавия, кубровия (XV-XIX асрлар)” мавзусида маъруза қилди.

Олим Зарафшон воҳасида фаолият кўрсатиб, бошқаларга нисбатан кенгроқ қамровга эга бўлган кубровия, нақшбандия ва яссавия тариқатларининг пайдо бўлиши ва тараққий топишига оид илмий маълумот ва манбалар билан ўртоқлашди. Воҳада тўрт аср давомида юзага келган таълимотларнинг ислом оламида энг улуғ тариқатга айланиш жараёнлари, сабаблари ва бунга ҳисса қўшган тарихий шахсларга батафсил тўхталди.

Таъкидланганидек, XV-XIX асрларда фаолият кўрсатган тасаввуф мактаблари воҳанинг ижтимоий-маънавий муҳитида муҳим ўрин тутган. Ҳудудда нақшбандия, яссавия, кубровия, ишқия каби тасаввуф мактаблари узоқ йиллар мобайнида ўзаро ҳамжиҳатликда фаолият кўрсатган. Самарқандда нақшбандия ва яссавия тариқати намояндалари кўпликни ташкил этгани эса, бу ҳудудда ўша мактабларнинг таъсири катта бўлганидан далолат беради.

Нақшбандийлик хожаликни эмас, меҳнаткашликни тарғиб қилгани учун ҳам ўз даври учун улкан ижтимоий ҳодиса бўлган. Бу тариқатда жаҳоннинг энг муҳим ижтимоий муаммоси – меҳнатга ва у орқали эришиладиган мол-давлатга муносабат масаласига жиддий эътибор берилади. “Дил ба ёру даст ба кор!” яъни “Кўнглинг Аллоҳда, қўлинг ишда бўлсин!” шиори кишининг меҳнат қилиб туриб ҳам тасаввуф билан машғул бўлиши мумкинлигини исботлади.

Тадқиқотчи воҳанинг тасаввуф тарихига оид нодир манбаларни сақлаш, таъмирлаш ва тадқиқ этиш ҳамда уларнинг электрон нусхаларидан фойдаланиш билан боғлиқ қимматли таклифларни илгари сурди.

Семинар қизғин савол-жавоблар билан давом этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …