Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Фиқҳни ўрганишда шурут илмининг аҳамияти

Фиқҳни ўрганишда шурут илмининг аҳамияти

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси маданий бойликлари” туркумида галдаги онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ ходимлари, юртимиз ва хориждаги илмий муассасалар тадқиқотчилари, шунингдек, Миср, Германия, Австрия ва Туркиядан олимлар иштирок этди.

Семинарда Қоҳирадаги Америка университети доценти Аҳмад Хон “Ўрта асрларда Хуросон ва Мовароуннаҳрдаги ҳуқуқ ва жамият: шурут асарлари” мавзусида маъруза қилди.

Олим Ўрта асрларда Мовароуннаҳр ва Хуросон ҳаётининг ҳуқуқий жиҳатлари ҳақида маълумотлар келтириб, исломнинг ҳуқуққа оид манбалари ва фиқҳнинг давлат ва ҳудудларни бошқариш амалиётида тутган муҳим ўрнини алоҳида таъкидлади.

Маърузада ҳуқуқ ва тарих илмлари ўртасидаги узвий боғлиқлик турли манбалар – хроникалар, биографик луғатлар, ҳужжатлар ва ҳуқуқий асарлар воситасида кўрсатиб берилди.

Семинарда ҳуқуққа оид асарлар сирасидаги ижобий ҳуқуқий таълимот (фиқҳ), янги ҳуқуқий ишлар (навозил) ва ҳуқуқий фикрлар (фатволар) муҳокамасига ҳам кенг ўрин ажратилди ва юридик манба – шурут асарларнинг ўрганилаётган даврдаги мавқеига алоҳида эътибор қаратилди.

Шурут илми – ҳуқуқий шартномалар ва уларни тузишни ўрганадиган соҳа бўлиб, фиқҳга оид барча турдаги келишув, васиқа, вақф ва бошқа қозилик ҳужжатларини қонуний расмийлаштириш бўйича қатъий тартиблаб берилган қоидалар мажмуасини ўз ичига олади.

Маърузачи шурут асарларининг ислом ҳуқуқини ўрганишдаги юксак аҳамиятини қайд этиб, ҳуқуқий манбаларнинг яратилиш тарихига тўхталди. Гап шундаки, замонавий илм-фанда фақат X асрда Мисрда битилган шундай асарлар кўпроқ тилга олинади. Олим эса изланишлар кўламини кенгайтириб, Хуросон ва Мовароуннаҳр ҳудудидаги ҳуқуқий ҳаётни чуқурроқ тадқиқ этишни ният қилган.

Аҳмад Хон ҳудудда ҳуқуқий таълимотнинг ривожланиши, шурут асарларини тартиблаган алломалар, энг йирик фиқҳий манбалар, ер, мулк ва ҳукмдорларга оид ижтимоий-тарихий воқеликлар хусусида атрофлича маълумот берди.

Семинар қизғин савол-жавоблар билан давом этди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Тавсиялар амалиётда қўлланади

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари томонидан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказининг …