Home / МАҚОЛАЛАР / “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” НИНГ ПОДШОҲ АБДУЛАЗИЗ КУТУБХОНАСИДАГИ НУСХАСИ

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” НИНГ ПОДШОҲ АБДУЛАЗИЗ КУТУБХОНАСИДАГИ НУСХАСИ

Ушбу кутубхона 1987 йили Подшоҳ Абдуллоҳ ибн Абдулазиз Ол Сауд томонидан хайрия мақсадида очилган. Кутубхона Саудия Aрабистони Подшоҳлиги тарихи ва айниқса Подшоҳ Aбдулазизнинг ҳаёт йўлини  ҳужжатлаштиришга алоҳида эътибор қаратади.

Ушбу кутубхонани бунёд этишдан кўзланган мақсад кенг жамоатчиликни билим манбалари билан таъминлаш, қўлёзма асарлар ва замонавий нашрлардан фойдаланишни осонлаштириш, тадқиқотчи, олим ва китобхонлар учун кутубхона маълумотларини тақдим этишдан иборат бўлган. Шунингдек, кутубхона илғор ускуналар, замонавий ахборот-коммуникация ва хавфсизлик тизимлари билан таъминланган. Бу ерда халқаро анжуманлар, кўргазма, диний, миллий ва ижтимоий тадбирлар ўтказилади. Аёллар учун ҳам барча шароитлар муҳайё қилинган.

1988 йили кутубхонада қўлёзмалар бўлими ташкил этилган. Унинг фондида етти минг олти юз йигирмадан зиёд нодир қўлёзма ва  тарихий ҳужжат сақланмоқда. Мазкур асарлар кутубхонанинг рақамли электрон онлайн базасига жойлаштирилган.

Бўлимда мовароуннаҳрлик алломаларнинг китоблари ҳам мавжуд. Хусусан, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий қаламига мансуб “Саҳиҳул Бухорий” асарининг ўндан ортиқ қўлёзма нусхаси бор.

Қуйида улардан; №114 рақам билан сақланаётган нусханинг тавсифи келтирилади.

Асар мағрибий насх хатида кўчирилган бўлиб,  “Саҳобалар фазилати китоби”, 3759-ҳадисдан бошланган:

بَابُ مَنَاقِبِ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ

3759   – حَدَّثَنَا حَفْصُ بْنُ عُمَرَ حَدَّثَنَا شُعْبَةُ عَنْ سُلَيْمَانَ قَالَ سَمِعْتُ أَبَا وَائِلٍ قَالَ سَمِعْتُ مَسْرُوقًا قَالَ قَالَ عَبْدُ اللَّهِ بْنُ عَمْرٍو إِنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَمْ يَكُنْ فَاحِشًا وَلَا مُتَفَحِّشًا وَقَالَ إِنَّ مَنْ أَحَبُّكُمْ إِلَيَّ أَحْسَنَكُمْ أَخْلَاقًا وَقَالَ اسْتَقْرِئُوا الْقُرْآنَ مِنْ أَرْبَعَةٍ مِنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ وَسَالِمٍ مَوْلَى أَبِي حُذَيْفَةَ وَأُبَيِّ بْنِ كَعْبٍ وَمُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ .[1]

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг фазилатлари ҳақидаги боб

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам  сўконғич  ҳам,  шармсиз  ҳам  эмас  эдилар.  У  зот: “Менинг  учун  энг маҳбубингиз хулқи энг яхшингиздир!” дер эдилар. Шунингдек, у зот: “Қуръонни тўрт кишидан – Абдуллоҳ ибн Масъуд, Ҳузайфанинг озод қилган қули Солим, Убай ибн Каъб ва Муъоз ибн Жабалдан ўрганинг!” деб ҳам айтганлар”[2].

Нусха “Тафсир китоби” даги 4700-ҳадис билан тугалланган.

4700   – حَدَّثَنَا عَلِيُّ بْنُ عَبْدِ اللَّهِ حَدَّثَنَا سُفْيَانُ عَنْ عَمْرٍو عَنْ عَطَاءٍ سَمِعَ ابْنَ عَبَّاسٍ { أَلَمْ تَرَ إِلَى الَّذِينَ بَدَّلُوا نِعْمَةَ اللَّهِ كُفْرًا } قَالَ هُمْ كُفَّارُ أَهْلِ مَكَّةَ.[3]

Ибн Aббос розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таолонинг неъматини куфрга алмаштирганларни кўрмадингизми?”[4] деган оятдаги кишилар Макка аҳлининг кофир бўлганларидир”[5], деди.

Қўлёзманинг колофон қисмида ўн олтинчи жузнинг тугаллангани ва Пайғамбаримизга салавот айтилади ва кейинги нусха ўн еттинчи жуз бўлиб, у “Ҳижр сура”си билан бошланиши билдирилади.

تم الجزء السادس عشر بحمد الله تعالى و حسن عونه و صلى الله على مولانا محمد و آله يتلوه فى سابع عشر منه إن شاء لله سورة الحجر.[6]

Қўлёзма тахминан XVII асрда кўчирилган ва 117 варақдан иборат. Кўп ўқилганидан варақлари курроса ва таякисидан ажралиб кетган. Муқова малларанг, босма нақшли, турунж ва лола. Шарқ муқоваси ва таякиси чармдан. +1а варақда ушбу китоб “Мулк ….. бияди Абдуллоҳ ибн Ал-Фозил Ал-Хабир Саййид Мажид ибн Саййид Абдуллоҳ ибн Саййид Саид ибн Саййид Убайдуллоҳ Абдулманнон” га тегишли экани ҳақида ёзув бор. Варақ ҳошиясида келтирилган тўлдирма, изоҳ жуда муҳим маълумотлар бўлиб, уларни ровийларга тегишли экани ёзилган. Улар турли араб ҳарфлари, белги ва ранглар билан ифодаланган. Бундан келиб чиқадики, нусхани кўчирган хаттот ҳадис илмида салоҳиятли ва бошқа нусхалардан хабардор бўлган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки,  “Саҳиҳул Бухорий” дунёнинг турли давлатларида кўплаб нусхаларда кўчирилган асарлардан бири бўлиб, унда ёритилган мавзулар аҳамиятли ва долзарблиги билан  инсоннинг маънавий-ахлоқий савия ва маданиятини юксалтириш ҳамиша муҳим ўрин тутади.

[1] Подшоҳ Абдулазиз халқ кутубхонаси. № 114, 1б -варақ.
[2] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ. Ж.III. Қомуслар Бош таҳририяти. Тошкент. 1997. Б.393.
[3] Подшоҳ Абдулазиз халқ кутубхонаси. № 114, 117а варақ.
[4] Қуръони карим. Иброҳим сураси, 28-оят.
[5]Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий. Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ. Ж.III. Қомуслар Бош таҳририяти. Тошкент. 1997. Б.169.
[6] Подшоҳ Абдулазиз халқ кутубхонаси. № 114, 117а варақ.
Тохир ЭВАДУЛЛАЕВ,
Қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими бошлиғи

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …