Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “ТЎРТЛИК”ЛАРИ (1-қисм)

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ “ТЎРТЛИК”ЛАРИ (1-қисм)

Имом Бухорийнинг шогирдларига айтган васияти “Рубоиётул Бухорий – Бухорий тўртликлари” номи билан танилган. Бу тўртликларнинг ҳар бирида тўртта насиҳат ва кўрсатма мавжуд бўлиб, ҳадис ўрганувчининг зиммасига нечоғлик катта масъулият тушишини кўрсатиб беради.

Шунингдек, бу “тўртликлар” ҳадисларни ўрганиш ва қабул қилинишдаги талабларни ўзида мужассам этган бўлиб, улар замирида Имом Бухорийнинг ҳадисларни қабул қилишдаги шартлари ҳам қисман ўз ифодасини топган.

Бу “тўртлик” насиҳат, муҳаддиснинг шартлари билан танишиш, буюк муҳаддис бўлиш учун ўзлаштириш лозим бўлган билим ва кўникмалар ҳамда амалиётларни ўз ичига олган ноёб услубий-илмий ҳужжат саналади.

Унинг илмий аҳамиятини ҳисобга олиб, васиятноманинг матни ва қози Иёз бошчилигидаги ровийлар силсиласидан иборат санади тўлиқ ҳолда келтирилди

Ўгитлар нақл занжири билан Имом Бухорийдан ҳижрий VI аср (476-544)да илм аҳлидан бўлган аллома қози Иёзга боғланади. Бу “Ғания” номли фиҳристда тақдим қилинган.

Шу боис васиятнома фақат қози Иёздан ривоят қилинган ва ундан бошқа ҳеч ким буни зикр қилмаган. Қози Иёз “тўртликлар”ни устози Ибн Арабийдан, у Абу Аббос Валид ибн Иброҳим ибн Зайд Ҳамадоний Бухорийдан ривоят қилган. Маълумотларга кўра, Валид ибн Иброҳим ҳадис ўрганиш учун зарур бўладиган шартларни нималардан иборат эканини сўраб, Имом Бухорий ҳузурига боради ва ўзига хослаб айтилган рубоийлар шаклидаги бу ривоятни Имом Бухорийдан юзма-юз ҳолатда эшитади.

Васиятнома ўн олтита рубоийдан ташкил топган бўлиб, ҳар бири рубоий эса тўртта амални ўз ичига олган.

Ҳар бир ишнинг зарурий омил ва воситалари, ҳадди – чегараси мавжуд. Инсон ўша чегараларни яхши билмоғи ва ўзининг нималарга қодир эканини ўлчай олмоғи даркор. Қози Валиднинг Имом Бухорийга берган саволи ҳадис маърифати ва хабарларни ривоят қилиш ҳақида бўлса-да, унга айтилган ушбу насиҳат ана шу омил ва воситалар доирасидан анча кенг бўлиб, толиби илмга ўзидаги илмий салоҳиятни баҳолай олиш имконини ҳам беради.

Қози Валид Имом Бухорийнинг шогирдларидан бўлган. У  Райда қозилик қилган кезлари бундай деган эди:

– Балоғат ёшига етганимдан сўнг қалбимда ҳадисларни астойдил ўрганмоққа интилиш ҳаваси уйғонди. Шу боис Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг ҳузурларига бориб, мақсадимни баён қилдим. Шунда у зот менга:

  • “Эй бўтам! Бирон ишга фақат унинг ҳудудини билиб, миқдоридан воқиф бўлганингдан кейингина киришгил. Шуни билки, бирон киши ҳадис илмини комил равишда ўзлаштирмоғи учун тўртни тўрт билан омухта қилиш мисоли, тўрт марта тўртта, тўртта бирлан тўртта, тўрттадан тўрттага битгандан сўнггина эришгай. Ушбу тўртликлар тўртни тўртга кўпайтирмасидан ҳосил бўлмагай. Магар бул нарсаларнинг барига эришилса, у ҳолда тўрттага ул киши осонликча етишур, тўрт нарсанинг заҳматини чекур. Магар ул киши шу нарсаларга сабр-тоқат этса, Аллоҳ таоло уни бу дунёда тўрт нарса билан сийлаб, охиратда ҳам тўртта мукофотга сазовор қилгай”, деди.

– Аллоҳ сизга раҳматини ёғдирсин, ўзингиз зикр қилган тўртликларни менга тафсир қилиб бергайсиз, – деб сўрадим. (давоми бор)

Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …