Home / МАҚОЛАЛАР / МЕҲМОННИ ЭЪЗОЗЛАШ ҲАМ ФАЗИЛАТ

МЕҲМОННИ ЭЪЗОЗЛАШ ҲАМ ФАЗИЛАТ

Ўзбек халқининг азалий ахлоқий қадриятларидан бири меҳмоннавозликдир. Ислом дини келиб, бу фазилатли ишга кўрк қўшди. Келган инсон Аллоҳ таолонинг меҳмони ҳисобланиб, ташрифи учун савоб ва муайян даражага эришади. У иззат-икром, яхшилик ва тақдирланишга лойиқдир. Чунки меҳмон мезбоннинг хонадонига барака олиб киради, унинг гуноҳини кетказади ва зиёфат савобига эриштиради. 

Меҳмонни эъзозлаш, ҳурмат қилиш Aллоҳ ва унинг Расули буюрган ислом одобларидандир. Қолаверса, бу иш пайғамбарлар ва салафи солиҳларнинг гўзал сифатларидан бири ҳисобланади.

Хусусан, пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳиссалом меҳмонни улуғлашда жуда ғайратли бўлганлар. Қуръони каримда у зот ҳақида бундай қисса қилинган:

﴿هَلْ أَتَاكَ حَدِيثُ ضَيْفِ إِبْرَاهِيمَ الْمُكْرَمِينَ إِذْ دَخَلُوا عَلَيْهِ فَقَالُوا سَلَامًا قَالَ سَلَامٌ قَوْمٌ مُنْكَرُونَ فَرَاغَ إِلَى أَهْلِهِ فَجَاءَ بِعِجْلٍ سَمِينٍ﴾

(Эй Муҳаммад!) Сизга Иброҳимнинг азиз меҳмонлари ҳақидаги хабар келдими? Ўшанда улар (Иброҳим) ҳузурига кириб: “Салом!” дейишганда, у ҳам: “Салом! (Булар) нотаниш қавм-ку!” деди.  Сўнгра у аста оиласи олдига чиқиб, бир семиз бузоқни (сўйиб, пишириб) келтирди. Уни уларга яқин қилиб, “(Таомдан) емайсизми?” деди”[1].

Иброҳим алайҳиссаломнинг олдига келган нотаниш кишилар фаришталар бўлган. У зот меҳмонларни танимаса-да, уларга иззат-икром кўрсатган.

Шунингдек, Иброҳим алайҳиссалом акасининг ўғли Лут алайҳиссалом меҳмонни жуда яхши кўрган ва унга икром кўрсатишга иштиёқманд бўлган. Аллоҳ таоло айтади:

﴿وَجَاءَهُ قَوْمُهُ يُهْرَعُونَ إِلَيْهِ وَمِنْ قَبْلُ كَانُوا يَعْمَلُونَ السَّيِّئَاتِ قَالَ يَا قَوْمِ هَؤُلَاءِ بَنَاتِي هُنَّ أَطْهَرُ لَكُمْ فَاتَّقُوا اللَّهَ وَلَا تُخْزُونِ فِي ضَيْفِي أَلَيْسَ مِنْكُمْ رَجُلٌ رَشِيدٌ﴾

“Унинг (Лутнинг) олдига қавми югуриб келдилар. Олдиндан (улар) ёмон ишлар (баччабозлик) қилар эдилар. У (Лут) деди: “Эй қавмим! Ана улар – қизларим (уларга уйланинггиз), улар сизлар учун покроқдир. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва меҳмоним олдида мени шарманда қилмангиз! Орангизда бирорта тўғри йўл топган киши йўқми?!”[2]

Демак, ҳолат-воқелик қандай бўлмасин, меҳмонни эъзозлаш пайғамбарлар йўли экан. Бунинг бир нечта одоби бўлиб, дастлаб меҳмонни хуш-муомалалик ва очиқ чеҳра билан кутиб олиш, шинам жойга ўтқазиш,  хурсандлик бахш этадиган гаплардан сўзлаш керак. Таомни имкон қадар тез тайёрлаш лозим. Дастурхонга уйидаги неъматларнинг энг яхшиларини қўймоқ даркор. Сўнгида меҳмонни чиройли кузатишни ҳам унутмаслик керак.

 Бу ўринда Абу Шурайҳ Адавий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни келтирамиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Aллоҳга ва охират кунига имон келтирса, меҳмонини мукофоти ила эъзозласин!”. Кимдир: “Унинг мукофоти нима, эй Аллоҳнинг Расули?” деди. У зот: “Бир кеча-кундуз (жой беришидир). Меҳмондорчилик уч кундир, ундан уёғи унга садақадир”[3], деб марҳамат қилдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дастлаб Мадинага келганларида, ансорларга биринчи бўлиб оч-мискинларни тўйдириш ҳақида насиҳат қилганлар. Бу ишда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга ўрнак бўлганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳга қасамки, очликдан бағримни ерга бериб, қорнимга тош ҳам боғлаб олар эдим. Бир куни одамлар ўтадиган йўлга ўтириб олдим. Абу Бакр ўтиб қолди. Ундан Қуръондаги бир оят ҳақида сўрадим. Буни менга таом берармикан, деб сўраган эдим. Лекин у бундай қилмай, ўтиб кетди. Бироздан кейин Умар ўтиб қолди. Ундан ҳам Аллоҳнинг Китобидаги бир оят ҳақида сўрадим. Ундан ҳам менга таом берармикан, деб сўраган эдим. Лекин у ҳам ўтиб кетаверди. Кейин олдимдан Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтиб қолдилар. Кўрибоқ табассум қилдилар ва мендаги ҳолатни, юзимдаги аҳволни пайқадилар. Кейин: “Эй Абу Ҳирр!” дедилар. “Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули!” дедим. У зот: “Ортимдан юр”, деб йўлда давом этдилар. Ортларидан юрдим. У зот уйга кириб кетдилар. Изн сўраган эдим, менга изн бердилар. У зот кирсалар, бир жом сут бор экан. “Мана бу сут қаердан?” дедилар. “Фалончи сизга ҳадя қилган экан”, дейишди. У зот: “Эй Абу Ҳирр!” дедилар. “Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули!” дедим.  “Суффа аҳлига бориб, уларни бу ерга чақириб кел”, дедилар. Суффа аҳли ислом меҳмонлари эди, суянадиган аҳли оиласи ҳам, мол дунёси ҳам, бирор кишиси ҳам йўқ эди. У зотга садақа келса, ундан ҳеч нарса тановул қилмай, ўшаларга жўнатар эдилар. Агар ҳадя келса, ундан татиб кўриб, кейин улар билан баҳам кўриш учун уларга юборар эдилар”[4].

Ислом дини меҳмонни шунчалик улуғ санаганки, агар унинг ҳаққи адо этилмаса, буни куч билан олишга ҳам рухсат берган. Уқба ибн Омирдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Сиз бизни у ёқ-бу ёққа юборасиз. Баъзан меҳмон қилмайдиган қавмга бориб қоламиз. Бу борада нима дейсиз?” дедик. Шунда у зот бизга: “Бир қавмнинг ҳузурига тушганингизда, сизга  меҳмон учун бериладиган нарсани беришса, қабул қилинг, ундай қилишмаса, зиммаларидаги меҳмоннинг ҳаққини олаверинг”, дедилар”[5].

Демак, меҳмондўстлик динимиздаги улуғ ва фазилатли амаллардан экан. Кишинининг меҳмондорчилик фазилати унинг қалби юмшоқлиги, қўли очиқ, сахий инсонлигидан далолат беради. Меҳмондорчилик покиза имон, гўзал фазилат, катта ибодат ва мақталган хислатлардандир.

[1] Зориёт сураси, 24-27 оят.
[2] Ҳуд сураси, 78-оят.
[3] Имом Бухорий ривояти.
[4] Имом Бухорий ривояти.
[5] Имом Бухорий ривояти.
Отабек БАХРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗБЕКИСТОНДА ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ СОҲАДА ХАЙРИЯ ВА ҲОМИЙЛИК ФАЗИЛАТЛАРИ: “ВАҚФ” ХАЙРИЯ ЖАМОАТ ФОНДИ ФАОЛИЯТИ МИСОЛИДА

Маълумки, хайрия ва ҳомийлик қадриятлари Ўзбекистон тарихининг турли даврларида турли кўринишларда акс этиб, ҳар хил …