Home / МАҚОЛАЛАР / УСТОЗНИНГ ШОГИРДИГА ДЕГАНЛАРИ

УСТОЗНИНГ ШОГИРДИГА ДЕГАНЛАРИ

Ўн иккинчи дарс. Ростгўйликнинг фазилати.

Эй ўғлим! Мусулмон киши ихлосманд ва тақводор бўлиши билан бир қаторда ростгўй бўлиши ҳам лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَكُونُوا مَعَ الصَّادِقِينَ﴾

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (иймонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!”[1]

Аллоҳ таолонинг бу амрида икки нарсани рўёбга чиқариш талаб қилинади. Биринчиси, инсон ўз сўзида рост сўзловчи, иккинчиси, инсон ростгўйлар билан бир сафда бўлишлигидир.

Эй ўғлим! Ростгўйлик – эзгу хулқларнинг посбони бўлиб, ўзини ҳақиқий мўмин-мусулмон ҳисоблаган инсон ҳеч қачон ёлғон сўзламайди ва ҳеч кимни алдамайди ҳам. Негаки Ислом динининг муқаддас манбаи ҳисобланган Қуръони каримнинг аксарият оятлари ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда кўплаб ҳадиси шарифларида ростгўйликка тарғиб қилинади, ёлғондан қайтарилади. Ҳақиқий мўминлар ростгўйликни маҳкам тутади ва Аллоҳ таоло Қуръони каримда ишора қилган улуғ савобларни эслайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

﴿قَالَ اللَّهُ هَذَا يَوْمُ يَنْفَعُ الصَّادِقِينَ صِدْقُهُمْ لَهُمْ جَنَّاتٌ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَدًا رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ وَرَضُوا عَنْهُ ذَلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ﴾

“Бу кун содиқ (мўмин)ларга тўғри сўзлиги фойда берадиган кундир”. Улар учун остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннат боғлари бордир. (Улар) у ерда абадий бўлурлар”. Улардан Аллоҳ рози ва улар Аллоҳдан рози бўлурлар. Бу буюк ютуқдир”[2].

Эй ўғлим! Ўзинг ва молингга фидойи бўлганингдек бошқага айтадиган гапингда ҳам ростгўй бўлишга ҳаракат қил. Чунки ёлғон сўзлаш нуқсонли ва айбли ишларнинг энг ёмонидир. Дўстларинг ва устозларинг орасида ёлғончилик билан танилишдан эҳтиёт бўл. Агар алдашда давом этаверсанг, бирор киши сенга ишонмайди ва ростгўйлигингни тасдиқ этмайди.

Эй ўғлим! Устозинг жазосига лойиқ ишни қилган бўлсанг ҳам сўраганда ҳаргиз ёлғон сўзлама. Айбни дўстларингдан бирига тўнкашга уринма. Ҳужжат сенинг зиёнингга гувоҳлик бериб, жазойинг бир неча баробар кўпайиши мумкин. Биринчиси айб иш қилганинг, иккинчиси ёлғон сўзлаганинг учун. Қанийди, бу жазо қалбингдаги нарсаларни билувчи Раббингнинг жазосидан ҳам сени қутқара олса?!

Эй ўғлим! Аллоҳ таоло Ўзининг китобида ёлғончиларни лаънатлади. Раббинг ҳузурида лаънатланишга розимисан, ҳолбуки сен фойдали илм олаётган бўлсанг-а?!

Эй ўғлим! Бир маротаба ёлғон сўзлаганингда сенинг зарарингга гувоҳлик берувчи топилмаса-ю, қутулсанг, кейинги сафар кўрган кишининг гувоҳлиги билан ёлғонинг фош бўлганда нима қиласан?

Эй ўғлим! Ёлғон гапиришда одамлардан қўрқмас экансан, Хожангдан ҳам қўрқмайсанми? Ахир У кўзларнинг хиёнаткорини ҳам, қалбларда махфий бўлаётганини ҳам билур!

Эй ўғлим! Киши бир марта ёлғон гапирса, тили яна ёлғонни такрорлайди, бора-бора рост сўзлай олмайдиган бўлади. Тилингдан чиқадиган сўзнинг ростлигига синчковлик билан аҳамият қарат. Ёлғон ишга аралашиб қолишдан эҳтиёт бўл, гарчи обрўйингга путур етса ҳам.

Эй ўғлим! Сенга насиҳатим шудир. Ростгўйлардан бўлсанг, ҳечам ёлғон ишлатмасликка ваъда бер. Аллоҳ номи билан ваъда бераманки, ҳаётим давомида бирор кишига ёлғон гапирмайман, дегин. Устозинг ва дўстларинг олдида Аллоҳга берган аҳдингга қанчалик вафо қилишингни вақт кўрсатади.

   Эй ўғлим! Яхшиликдан насибаси узилган баъзи инсонлар ёлғонни ҳазил билан адаштиради. Жиддий ишда ҳам, ҳазилда ҳам ёлғон ишлатма. Тилингни ноҳақ ва нотўғри сўзга ўргатма. Шуни билгинки, қавму қариндошлари ва дўстлари орасида ростгўйлик билан танилган кишининг сўзи далилсиз ҳужжат сифатида қабул қилинади. Унинг сўзи омма олдида ҳам, хослар олдида ҳам  ишончли бўлади. Ишонарли киши бўлишни истасанг, доимо рост сўзла. Аллоҳнинг ўзи сени тўғри йўлга йўлласин!

[1] Тавба сураси, 119-оят.
[2] Моида сураси, 119-оят.
Ҳусан МИРЗОАҲМАДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

МАВЛОНО МУҲАММАД ҚОЗИНИНГ «СИЛСИЛАТУЛ-ОРИФИН ВА ТАЗКИРАТУС-СИДДИҚИН» АСАРИДАГИ ТАРИХИЙ-ТАСАВВУФИЙ ҒОЯЛАР

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида дунёга машҳур алломаларимиз маънавий меросини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз …