Home / МАҚОЛАЛАР / АҚЛНИНГ МАЪДАНИ – ҚАЛБ

АҚЛНИНГ МАЪДАНИ – ҚАЛБ

Кўпчилик ислом олимлари мана шу фикрни тасдиқлайди. Улар ўз сўзига қуйидагиларни далил қилади: Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “Улар ер юзида сайр қилмайдиларми?! Уларда англайдиган қалблар ёки эшитадиган қулоқлар бўларди. Аслида кўзлар кўр бўлмайди. Лекин кўкраклардаги қалблар кўр бўлади”[1], дейди. Шу оятга биноан илмнинг маъдани қалб эканига иттифоқ қилинган. Қалб илмнинг маъдани экан, ақл илмнинг муқаддимаси бўлгани учун ўз-ўзидан ақлнинг ҳам маъдани қалб экани маълум бўлади. Яна бир оятда Аллоҳ таоло: “Бунда қалб эгаси учун ва ҳозир бўлиб қулоқ солган киши учун эслатма бордир”[2], дейди. Оятдаги “қалб“ сўзи ақл деб тафсир қилинган. Чунки қалб ақл воситасида эслатмадан манфаат олади. Қалб ўзи бир парча гўшт бўлиб, у ҳар бир жонзотда мавжуд. Қалбнинг кўр бўлиши тўғри йўлни идрок этишдан қолишидир. Тўғри йўлни идрок этишдан қолиш эса бир парча этга эмас, балки ундаги ақлнинг кетишига боғлиқ. Бу ҳам ақлнинг маъдани қалб эканига далил бўлади. Бошқа аъзолар ақлнинг маъдани бўлмагани учун кўрлик билан сифатланмайди.

Али ибн Абу Толиб ҳам: “Қалб ақлнинг маъданидир”, деган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, жасадда бир парча эт бор. Агар у тўғри бўлса, бутун жасад тўғри бўлади. Агар у бузилса, бутун жасад бузилади. Огоҳ бўлингки, у қалбдир”, деган. Бошқа ривоятда “Албатта, қалб подшоҳдир. Агар у тўғри бўлса, бутун жасад тўғри бўлади”, дейилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жасаднинг тўғри ёки бузуқ бўлишини қалбга боғлиқ қилиб қўйдилар. Қалбнинг тўғри ёки бузуқ бўлиши эса ақлга боғлиқ. Демак, қалб ақл воситасида подшоҳ бўлади. Бу ҳам ақлнинг маъдани қалб эканини англатади.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Ҳар бир нарса учун хўжайин бор. Жасаднинг хўжайини ақлдир. Қалбнинг жасадга хўжайинлиги гўшт парчаси билан эмас, балки ундаги ақл билан эканига шак йўқ”, деган.

Баъзилар: “Ақлнинг маъдани бош мия”, деган. Улар Муҳаммад ибн Ҳасаннинг “Китобуддиёт”да: “Бошига урилиб, ақли кетган киши ҳақида”, деган боб ажратганини далил қилган.

Бунга қуйидагича жавоб бериш мумкин: “Бош мияда ақл нурини кучайтирадиган қувват борлиги сабабли у бош мияда, деб айтилган. Бош миянинг қуриши ақл нурига таъсир қилади. Натижада ақл ноқис бўлади. Бу ақлнинг маъдани аслида бош мия эканини англатмайди. Демак, ақл тўлиқ ишлаши учун қалб билан бирга бош мия ҳам соғлом бўлиши керак”.

Аллоҳ таоло: “Фуод кўрган нарсасини ёлғон айтмади”[3], деб “Фуод” деган сўздан қалбни ирода қилди. Бу қалбни фуод деб номлаш ҳам дуруст эканини билдиради. Фуод аслида қалбни ҳимоя қилиб турувчи пўстдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳузурингизга Яман аҳли келди. Уларнинг қалблари юмшоқ ва фуодлари нозик”, деб ҳар бирини алоҳида-алоҳида васфлашлари улар бошқа-бошқа нарсалар эканини билдиради. Лекин фуод хилқат жиҳатидан қалбга ёпишган ва қалб ундан ажралмайдиган нарса бўлгани учун қалб киноя йўлига кўра фуод деб номланган. Чунки бир нарсани унинг бир бўлаги билан мажозан номлаш жоиз.

Қалбга илмлар, мақсадлар ва хотир (тўсатдан қалбга келадиган нарса)лар кириб тургани учун у ўзгариб туради. Шунинг учун ҳам  “қалб” (айланиб турувчи нарса) деб номланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалб бамисоли ялангликда кучли шамоллар ичида қолган ва шамоллар уни у ёқдан бу ёққа айлантириб турадиган патга ўхшайди”, деганлар. У зот ўз сўзлари билан Аллоҳ таоло инсон қалбида ҳар хил маъноларни яратиб, уни айлантириб туришига ишора қилдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй қалбларни айлантириб турувчи Зот, қалбимни динингда собит қил”, деб кўп дуо қилар эдилар.                                                     

[1] Ҳаж сураси, 46-оят.
[2] Қоф сураси, 37-оят.
[3] Нажм сураси, 11-оят.
Обид ХУРСАНДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …