Home / МАҚОЛАЛАР / УЛУҒ АЖДОДЛАР МАЪНАВИЙ МЕРОСИДА ИЛМНИНГ ВАСФИ

УЛУҒ АЖДОДЛАР МАЪНАВИЙ МЕРОСИДА ИЛМНИНГ ВАСФИ

Инсон камолотга илм воситасида эришади. “Илм” сўзи луғатда бир нарсани воқеликдагидек идрок этишни билдиради. Илм ўрганиш ва уни ўргатиш исломда улуғланади, миллий қадриятларимизда ҳам илғор ўрин тутади.

Мусулмонлар Қуръон ва суннатга амал қилиб яшаган даврларида илм нурини бутун оламга таратганлар. Улуғ аждодларимизнинг дунё цивилизацияси равнақига қўшган улкан ҳиссаси фикримиз далилидир. Шу боис олимларни кўпчилик ҳурмат қилади ва уларга ҳавас билан қарайди.

Афсуски, ҳозирги кунда бу борада ҳам ихлос етишмаслиги ва риё аралашуви кўзга ташланади. Ихлоси баланд бўлганлар йўқ эмас, албатта, аммо риёкорлик қилаётганлар ҳам кам эмас. Илмни шаҳодат, унвон ва шуҳрат учун ўқиётганлар, ўқитаётганлар мана шундай иллат эгаларидир[1].

Ёзилаётган кўп сонли мақола ва китоблар, ёқланаётган минглаб диссертацияларга қарамасдан, доим ҳам кўзланган натижаларга эришилмаётгани шундан бўлиши мумкин. Биргина илмга ихлос қилмасликдан жамиятга шунча путур етар экан, сўзи ва амали бошқа-бошқа бўлган риёкор, жоҳил ва бузғунчилардан етадиган зарар кўламини тасаввур қилиш қийин эмас.

Абу Лайс Самарқандий бу ҳақда: “Илмни фақат ва фақат ишончли, омонатдор зотлардан олиш лозим, чунки дин пойдевори илм биландир” [2], деб ёзади. Фақиҳ илмни етук олиму фузалолардан, илмига амал қилувчи тақво соҳибларидан олиш лозимлигини таъкидлаб, амалсиз илм, насаб ва мартаба бефойдалигини назарда тутади.

Ҳазрат Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асаридаги “Ё аслинг каби кўрин ёки кўринганинг каби бўл”, деб номланган танбеҳида: “Фосиқ ҳамма соҳада ёмон, хусусан, тақводор қиёфасида кўриниши жуда ҳам ёмондир”, дейди. Бунда аллома ҳали ҳаёт тажрибасига эга бўлмаган ёшларнинг бундай тоифаларга эргашиб, кўр-кўрона тақлид қилиши хавфи мавжудлигини назарда тутган бўлса, ажаб эмас.

Буюк шоир: “Фосиқ олим, билгинки, ўзига золим донишманддир. Бахил бой эса нодондирки, у ўз зиёнини кўзловчи. Бу икки тоифа умрини бекорга ўтказади ва ўзи билан ҳасрат ва армон олиб кетади. Чунки уларнинг бири илм ўрганиш учун машаққат тортса-да, илмига амал қилмайди. Иккинчиси мол-дунё йиғиш учун кўп овора бўлади-ю, уни нимага сарфлашни билмайди. Илм ўрганмоқ динни мустаҳкам қилмоқ учундир, ҳаргиз бойлик орттирмоқ учун эмас. Илмига амал қилмаган олим устига китоб ортилган ҳайвонга ўхшайди”[3], деб амал қилинмаган илмнинг бефойдалигини жуда қатъий ва кескин тарзда таъкидлайди.

Абу Райҳон Берунийнинг таъкидлашича, илм орқали жоҳилиятдан халос бўлишга эришиш фақат ёмонликдан тийилиш билангина вужудга келади. Ёмонликнинг шохобчалари кўп бўлса ҳам, уларнинг асоси тамаъ, ғазаб ва илмсизликдир. Шу асослар қирқилса, шохобчалар сўлади, у асослар иштаҳа ва ғазаб қувватларининг йўлбошчилигидан келиб чиқади. Бу икки қувват инсонга энг кучли ва ҳалокатли душман бўлиб, одамни турли лаззат ва роҳатлар билан алдайди. Лаззат ва роҳат эса ранж ва гуноҳларга олиб боради. Уларга берилган инсон йиртқич ҳайвонга, ҳатто иблисга айланади [4].

Беруний наздида, ҳақиқий олимга алам ва лаззат таъсир кўрсата олмайди. Ушбу чўққига (комилликка) ҳирс ва ғазабини енгган киши кўтарила олади. Ҳирс ва ғазабни енгиш учун доимо Тангри зикрида бўлиш  (Унинг ғазабидан қўрқиш) тақозо этилади. “Қўрқиш” феъли салбий маънога эга бўлса-да, мазкур вазиятда Аллоҳдан қўрқиш ҳисси ўз соҳибини ёмонликлардан тийиб турувчи куч сифатида конструктив аҳамият касб этади.

Мутафаккирнинг эътироф қилишича, ғоят даражадаги матлуб нарса узлуксиз фикр қилишдир. Инсон ахлоқи яхши бўлиб, нафсини шунга одатлантирган, ҳатто нафсида шундай хулқ табиийлашиб, зотий бир сифатга айланган киши аста-секин ўшандай матлубга (комилликка) эришади, деб таъкидлайди [5].

Хулоса қилганда, халқимизнинг азалий миллий қадриятлари ва бой маънавий мероси моҳиятини чуқур ўрганиш ва ҳаётий фаолиятда уларга қатъий амал қилиш баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилади.

Бахтиёр ТУРСУНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. 3-жуз. – Т.: HILOL-NASHR, 2018. – Б. 56-65.
[2] Абу Лайс Самарқандий. Бўстонул орифин. Араб тилидан таржимонлар: М.Исмоилов ва Б.Муҳаммадшукур. – Самарқанд: Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, 2018. – Б. 49.
[3] Алишер Навоий. Маҳбубул қулуб (Қалбга маҳбуб ҳикматлар ва ҳикоятлар). Ҳозирги ўзбек тилига табдил. – Т.: Sano-standart, 2018. – Б. 121.
[4] Абу Райҳон Беруний. Танланган асарлар. Т.I. – Т.: Фан, 1968. – Б. 70.
[5] Ўша манба: – Б. 70-71.

Check Also

ОЯТЛАР БИЛАН ҲУКМ ҚИЛМАГАНЛАРНИ КОФИРГА ЧИҚАРИШ МАСАЛАСИДА УЛАМОЛАРНИНГ ҚАРАШЛАРИ

Ислом дини инсонларни илм, ҳамжиҳатлик ва аҳилликка чорлайди. Улар орасида жоҳиллик, фирқаланиш ва ўзаро келишмовчилик …