Home / МАҚОЛАЛАР / МАЗҲАБСИЗЛИК ВА УНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ

МАЗҲАБСИЗЛИК ВА УНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ

Ҳозирда айрим шахслар томонидан илгари сурилаётган мазҳабсизлик ғояси ислом шариатини тўғри тушунишга хавф солаётган хатарли омиллардан биридир. Мазҳабсизлик ғояси ўтган минглаб олимларнинг қилган меҳнатларини, қанча машаққат билан умр сарфлаб яратилган ноёб манбаларни бекорга чиқаради. 

Асрлар давомида барча мусулмонлар амал қилиб келган анъаналар нотўғри, шунча мусулмон адашган экан, деган хулосага олиб келади. Энг аянчлиси, мусулмонларни бирлаштириб, жамлаб турган тўғри йўлга путур етказади. Бунинг натижасида эса, мусулмонлар орасида ўзаро парокандалик юзага келади. Бундай даъват мазҳаблар моҳияти ва қийматини умуман билмасликдан келиб чиқади. Гарчи мазҳаблар 4 та бўлса ҳам, улар ягона аҳли сунна вал-жамоанинг йўналишлари сифатида эътибор қилинади ва мусулмон умматини жамлайди, бирлаштиради. Зеро, Пайғамбар (алайҳиссалом) шундай марҳамат қиладилар: «Аллоҳ умматимни бирор залолатга жамламас». Яна бир ҳадисда «Мусулмонлар яхши деб билган нарса Аллоҳнинг ҳузурида ҳам яхшидир», дейилган.

Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳаётларининг охирига келиб, турли қабила ва юрт одамлари исломни қабул қила бошладилар. Янги мусулмонлар олдида йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида нозил бўлган оятларни ўрганиш, шариат аҳкомларини ўз ҳаётларига татбиқ қилиш вазифаси турар эди. Табиийки, ёш саҳобийлар ўзларидан катталардан, янги мусулмонлар эса, аввалги мусулмонлардан шаръий масалаларни ўргана бошладилар.

Биринчи ҳижрий асрнинг иккинчи ярми ва иккинчи ҳижрий асрда ислом дини дунё бўйлаб, турли минтақаларда тарқалди. Турли араб бўлмаган халқлар ҳам мусулмон бўлдилар. Табиийки, улар ўзларига Қуръони карим ва Пайғамбар (алайҳиссалом) суннатларидан шариат аҳкомларини чиқариб, тартибга солиш имконига эга эмас эдилар.

Шундай қилиб, жамиятда аста-секин кишиларга диний ҳукмларни ўргатадиган, уларнинг саволларига жавоб бера оладиган, муайян илмларга эга инсонларга эҳтиёж тобора ортиб борди.

Шу тариқа турли диёрларда олимлар етишиб чиқа бошладилар. Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеий ва Имом Аҳмадлар бугунги кунда ҳам мавжуд бўлган тўрт фиқҳий мазҳабга асос солдилар. Улар ибодатлар ва бошқа барча масалаларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифга кўра маълум қоидаларга солиб чиқдилар. Манбанинг бойлиги ва Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг айрим вақтларда бир амални турлича бажарганлари, бир масала бўйича турлича тасарруфлари ҳақидаги саҳиҳ ривоятлар бу олимларнинг ишларида ҳам маълум жузъий фарқларни пайдо бўлишига олиб келди. Шунингдек, турли минтақалардаги шароитларнинг турличалиги, шариат масалаларида табиий тафовутларнинг юзага келишига асос бўлди. Масалан, шофеий мазҳабида таҳоратдан сўнг юз-қўлни артинмаслик афзал бўлса, ҳанафий мазҳабида артиш афзалдир. Бу ўринда мазҳаблар тарқалган ҳудудлардаги иқлим шароити ҳам эътиборга олинган. Бинобарин, Расулуллоҳ (алайҳис-салом)дан икки ҳолатни ҳам тасдиқловчи ривоятлар етиб келган.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, имом Шофеий Мисрга келганларидан сўнг, Бағдодда айтган баъзи ҳукмларини урф ўзгаргани учун ўзгартирганлар. Масалан, икки даъвогар ўз даъволарида ҳужжатлари йўқлиги сабабидан келиша олмасалар, урф қайси бирини қувватласа, ҳукм шунинг фойдасига бўлиши; эр билан хотин маҳрнинг аввалдан бериладиган ва кейин бериладиган қисмларига келиша олмасалар урфга асосан ҳал қилиниши; бир киши гўшт емайман, деб қасам ичса-да, балиқ еса, қасамига каффорат бермаслиги, каби ҳодисалар урфга асосан ҳал қилинган.

Юқорида зикр этилганидек жузъий масалаларда ихтилоф қилингани билан, тўрт сунний мазҳабда исломнинг асосий масалалари бўйича ихтилофлар йўқ. Чунки ҳар бир мазҳаб асосчиси ўз сўзларини ишончли далиллар билан исботлаганлар. Мазҳаблар ўртасидаги фарқлар намоз ибодатида кўпроқ кўзга ташланади: намозда тик турганда қўлни боғлаш шакли, такбирларда қўлни кўтариш, имомга иқтидо қилганда «Фотиҳа»ни ўқиш ёки ўқимаслик.

Ҳаж маросими пайтида Маккадаги Масжид ал-Ҳаромда ҳар хил юртлардан келган ҳожилар ўзларида қабул қилинган қоидага кўра намоз ўқийверадилар ва бу ҳеч қандай эътироз ёки ноқулайликка сабаб бўлмайди. Аммо бир диёрда бир хил тартибда, бир мазҳаб кўрсатмалари доирасида ибодат қилиш маҳаллий аҳоли вакилларини жипслаштиришга хизмат қилиб келган. Унинг акси эса турли ихтилофларга йўл очиб берган. 

Ислом динининг Ўрта Осиё халқлари тарихида ижобий роль ўйнаганига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Айни вақтда Ўрта Осиёда шаклланган минтақавий исломнинг ҳам умуммусулмон маданиятида ўзига хос салмоқли ўрни борлиги ҳам сир эмас. Мазҳабсизлик ғоясининг асл мазмуни эса, асрлар давомида мусулмонлар амал қилиб келаётган ҳуқуқий мактабларни бекорга чиқаришдир. Бунинг натижасида жамиятда турли ихтилофлар вужудга келади, асрлар давомида ўз маромида келаётган ҳаёт изидан чиқиб кетади.

Олимлар наздида ҳар доим одамлар шариат билимларини билиш даражасига кўра хос ва оммага бўлинган. Хос кишилар маълум бир соҳа билан шуғулланиб, ўз мутахассислигини мукаммал ўрганган. Омма одамлар эса ўзларининг одатий ишлари, касб-ҳунарлари каби ишлар билан машғул бўлган ва зарурат туғилганда керакли мутахассисга мурожаат қилиб ўз масаласи бўйича ечим топган. Шаръий ҳукм чиқариш билан ҳам хос кишилар, яъни мужтаҳид фақиҳлар шуғулланган, омма мусулмонлар эса ушбу ҳукмларга амал қилган. Демак, шариат ҳукмлари ва уларнинг далилларига нисбатан одамлар икки гуруҳга бўлинади: мужтаҳидлар ва муқаллидлар.

Мазҳаб ва мазҳабга эргашиш ҳақида гап кетганда, ижтиҳод ва одамларнинг унга нисбатан даражалари ҳақида айтиб ўтиш зарур, зеро бирор мазҳабга эргашиш ижтиҳод даражасига етмаган киши учун лозим бўлади. Мазҳаблар ижтиҳоднинг маҳсули, ижтиҳод эса ҳамманинг қўлидан келадиган оддий иш эмас. «Ижтиҳод» бу арабча сўз бўлиб, луғавий маъноси қийин бир иш учун қўлидан келганича ҳаракат қилиш ва бор имкониятларни ишга солиш, деганидир. Истилоҳда (фанда кўзда тутилган маъноси) эса, ижтиҳод “шариатда муайян илмий салоҳиятга эга фақиҳ олимнинг шариатнинг муфассал далилларидан шаръий ҳукмларни чиқариб олиш, яъни истинбот қилиш жараёнидир. Ижтиҳод қилиш яъни ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти билан шуғулланадиган шахс – мужтаҳид деб аталади. Мужтаҳид шариат ҳукмларини кўрсатувчи (белгилаб берувчи) далилларни ва шу далиллардан қандай ҳукм олишни билади. Улар ўз навбатида мутлақ мужтаҳид ва муқайяд мужтаҳидга бўлинади. Мутлақ мужтаҳид барча масалаларда ўзи мустақил ижтиҳод қилади, мазҳабга тақлид қилмайди. Ҳозирги кунда мутлақ мужтаҳидлик шартларини ўзида жамлаган кишилар йўқ, деб ҳисобланади. Улар олдинги даврларда бўлган ва тўрт мазҳаб имомлари Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеий ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбаллар мутлақ мужтаҳид, деб эътироф этилади.

Юқорида ижтиҳод ва мужтаҳидлар тўғрисида сўз юритдик, энди одамларнинг иккинчи гуруҳи – муқаллидлар ҳақида сўз юритамиз.

Шариат ҳукмларига далолат қилувчи далилларни ва шу далиллардан қандай ҳукм олишни умуман билмайдиган ёки далилларни билсада, улардан қандай ҳукм олинишини билмайдиган киши, яъни ижтиҳод қилиш салоҳиятига эга бўлмаган кишилар мужтаҳидларга эргашади ва бу тақлид, қилиш дейилади. Тақлид қилувчи эса муқаллид дейилади.

«Тақлид» арабча сўз бўлиб, луғатда «бирор нарсани ёки тақинчоқни бошқа кишининг бўйнига қўйиш, осиш» деган маънони англатади. Истилоҳда эса, чиқарилган ҳукмга унинг далилини билмаган ҳолда эргашишдир. Демак, муқаллид, яъни тақлид қилувчи киши ҳукмнинг далилини умуман билмайди ёки далилни билса-да, бу далилдан қандай ҳукм олишни билмайди. Аксарият уламолар тақлид қилиш шариатга зид эмас эканлиги ва ижтиҳод даражасига етмаган киши агар олим бўлса ҳам тақлид қилиши шарт эканлигини таъкидлаган ҳолда Қуръон, ижмў ва ақлий далиллардан қуйидагиларни келтирганлар:

Қуръони каримдан далил:

Қуръони каримнинг “…Агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангиз, аҳли зикрлардан сўрангиз!” (Наҳл, 43) деган оятига биноан шариат ҳукмини ҳамда унинг далилини билмайдиган киши буни биладиган кишидан сўраб, унга эргашиши вожиб бўлади.

Ижмўдан далил:

Ибн Халдун ва бошқа тарихчи олимлар айтганидек, саҳобийларнинг ҳаммаси ҳам фатво бермаган, дин уларнинг ҳар биридан ўрганилмаган. Балки фатво берувчи мужтаҳид саҳобийлар сони фатво сўрайдиган муқаллид саҳобийларга нисбатан жуда оз бўлган. Мужтаҳид саҳобийлар муқаллидларини фатво сўрашдан қайтармаганлар ва уларга ўзлари ижтиҳод даражасини ҳосил қилишга ҳам буюрмаганлар. Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳам фақиҳ саҳобийларни аҳолиси исломдан билимлари йўқ халқлар ҳузурига юборганлар. У ердаги аҳоли ўша юборилган саҳобийнинг барча фатволарига эргашган. Гоҳида Қуръон ва суннатдан далил топа олмаган масалаларда саҳобий ижтиҳод қилган ва одамлар унинг ижтиҳодига эрагашганлар. Саҳобий ва тобеийлардан ҳеч бири буни инкор қилмаганлари тақлид қилиш жоиз эканлигига сукутий ижмў сифатида баҳоланади.

Ақлий далил:

Ижтиҳод жуда оз кишиларгина ҳосил қилиши мумкин бўлган малакадир. Шундай экан, одамларнинг ҳаммасини бунга буюриш тоқатдан юқори нарсага буюришдир, бу шаръан мумкин эмас, зеро «Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди…» (Бақара, 286).

Мусулмон киши бу дунёда ҳаёт кечирар экан, у яшаш учун курашиши, касб-ҳунар қилиши, оиласини боқиши ва бошқа яшаш учун зарурий бўлган ишларни қилиши керак. Агар ҳар бир киши ҳукмларнинг далилларини билиши керак бўлса, барча ишларни четга суриб, шаръий ҳукмларнинг далилларини ўрганишга киришиши керак бўлади ва бошқа ишлар қолиб кетиб, ҳаёт тизими бузилади ҳамда одамларга қийинчилик туғдиради. Бу эса ислом динига зид, зеро Аллоҳ таоло “… динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади…” (Ҳаж, 78). Муаммонинг ечими мутахассислар, яъни мужтаҳидлар чиқарган шаръий ҳукмларга, яъни мазҳабларга тақлид қилишдир. Ҳужжатул ислом аллома Имом Ғаззолий ўзининг машҳур «Иҳё улум ад-дин» асарида шундай деган: «Авомнинг ҳаққи – имон келтириб, таслим бўлиш ҳамда ўз ибодатлари ва ҳаёт ишлари билан шуғулланишдир, илмни эса олимларга қўйиб бериш керак. Чунки Аллоҳ ва Унинг дини борасида аниқ илмсиз ҳолда гапирган инсон, худди тубсиз денгизга тушиб қолган сузишни билмайдиган киши каби ўзи билмаган ҳолда куфрга тушиб қолади».

Тақлид қилиш табиий нарса, бундан бошқа йўл йўқ. Ҳатто мазҳабга эргашмаймиз, деб даъво қилаётганлар ҳам, гарчи тўрт мазҳабнинг мужтаҳид имомларига тақлид қилмаса-да, кимларгадир эргашади. 

Юқоридаги далиллар ижтиҳод ва истинбот қилиш, яъни ҳукм олиш даражасига етмаган киши мужтаҳидга тақлид қилиши керак эканлигига далолат қилар экан, машҳур олим Абу Ишоқ Иброҳим Шотибий айтади: «Мужтаҳидга шаръий далиллар қандай бўлса, мужтаҳиднинг фатвоси авомга нисбатан ҳам шундай ўриндадир».

Асрлар давомида мусулмонлар тўрт мазҳаб – ҳанафий, моликий, шофеий ва ҳанбалий мазҳабларидан бирига амал қилиб келганлар. Ҳеч ким буни инкор қилмаган. Қанча-қанча фақиҳ, муҳаддис, мутакаллим ва мутасаввиф олимлар ҳам шу мазҳабларга асосан ўз фаолиятларини олиб бордилар.

Мазҳабсизлик ғояси ўзида миллатни ортга тортиш, қолоқликка маҳкум қилиш хавфини мужассамлайди, тараққиётдан четга чиқиб қолишга олиб келади. Чунки турли соҳа мутахассислари мазҳабсизлик ғоясига эргашса, унда умрларини ўз касбий маҳоратларини юксалтириш, изланишлар олиб боришга эмас, балки тубсиз диний масалаларга ўралашиб қолиб, ҳаётларини фақат ўзлари учун диний ҳукмлар чиқаришга сарфлайдилар. Оқибатда турли соҳалардаги мутахассислар ҳам тез ўзгарувчан глобаллашув шароитида ўзларини йўқотиб қўядилар: яхши мутахассис ҳам, етук уламо ҳам бўла олмайдилар. Натижада мутахассислардан мосуво бўлиб бориши баробарида, миллат аввалида турғунлик, кейинчалик эса таназзулга юз тутади. Аслида эса ҳар бир мутахассиснинг ўз соҳасини пухта эгаллаши, жамият ривожи учун хизмат қилиши, одамлар оғирини енгил қилиши, юрт равнақига ҳисса қўшиши ҳам улуғ ибодатдир.

Мазҳабсизлик ғояси – компьютер вируси каби юртимизнинг ҳанафий мазҳаби таълимоти билан боғлиқ ўн икки асрлик тарихини бир зумда ўчириб ташлаб, ўрнига ўзининг зарарли ғоясини юкламоқчи бўлади. 

Ҳозирги кунда ҳали ҳам юртдошларимиз орасида билиб-билмай мазҳабсизлик ғояси таъсирида юрган кишиларнинг мавжуд бўлиши бу ғоянинг бузуқ моҳиятини халқимизга тўғри тушунтириб бериш, шу билан бирга мазҳабларнинг асл моҳияти, уларнинг бебаҳо қиймати, хусусан, халқимиз азалдан амал қилиб келаётган ҳанафий мазҳабининг аҳамиятини халқимизга, ёшларимизга тўғри тушунтириб бориш заруриятини тақозо этади.

Манба: iiau.uz

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …