Home / МАҚОЛА / ФИҚҲИЙ МАНБАЛАРДА ТИНЧЛИКНИНГ ТАРҒИБ ҚИЛИНИШИ

ФИҚҲИЙ МАНБАЛАРДА ТИНЧЛИКНИНГ ТАРҒИБ ҚИЛИНИШИ

Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудуди қадимдан хилма-хил маданият, урф-одат ва турмуш тарзига эга бўлган, турли динларга эътиқод қилувчи, турли тилларда сўзлашувчи халқлар яшаб келаётган ўлкадир. Бу заминда тинчлик ва барқарорликни асраш, унга путур етказадиган иллатларни бартараф этиш ҳар бир даврнинг долзарб масалаларидан бири бўлиб келган. Бугунги кунда ҳам мамлакатимизда бағрикенглик ва тинчлик-тотувликни асрашга жамият ривожининг устувор омилларидан бири деб қаралади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида бундай деган эди: “Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради. Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади. Бу – бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир”[1].

Маънавий меросимиз бўлган қадимий илмий-бадиий асарларда ҳам бағрикенглик, тинчлик ва ҳамжиҳатлик масалаларига алоҳида эътибор берилган. Бу жамиятда миллатлараро тотувликни шакллантиришда асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилган. Фатво ва ҳукмларга оид фиқҳий асарлардаги баҳсли масалаларнинг ечимларида тинчлик-тотувликни асраш тамойилларига асосланган ҳолда чиқарилган фатволар фикримиз далилидир.

Мазҳаб пешволари мусулмонлар ҳаётидаги ўзгаришларни доим диққат билан кузатиб борган, ўзгаришлар билан ҳамнафас бўлган, одамларнинг фиқҳий масалаларга эҳтиёжини англай билган. Улар ҳар бир масала бўйича бериладиган фатвога Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларига суянган, ҳаётий тажрибага асосланган, узоқни кўра олган ҳолда, танқидий назар билан ёндашган. Шу боис қадимий қўлёзмалар орасида фиқҳий мерос алоҳида ўрин тутади.

Бугунги кунда илмий марказлар, исломшунос тадқиқотчи олимлар томонидан цивилизациямизнинг маърифатли илдизларидан дарак берувчи, турли соҳаларда нурли илмлар билан тўлдирилган ушбу маънавий меросни кенг тадқиқ этиб, моҳиятини оммага етказиши турли радикал фатволар ва бузуқ мафкураларга қарши курашишда энг ишончли ва мақбул йўл бўлиб қоляпти.

Ушбу мақола ижтимоий тармоқларда диний ва ижтимоий масалаларда берилаётган фатволардаги зиддиятли манзарани кузатган ҳолда, исломга ёт “фатволар” чиқарувчи кимсаларга улар унутиб қўйган қоида ва талабларни эслатишга қаратилган.

Янги пайдо бўлаётган (навозил) ижтимоий-диний масалалар ечим топишда энг яхши чора ўтмишдаги мужтаҳид уламоларимиз тутган йўлдир. Улар ўз фатволарида дин ва халқ манфаатини уйғунлаштира олган. Бу мужтаҳиддан юксак ақл-заковат, чуқур билим ва катта маҳорат талаб қилади, албатта.

Бугун юзага келаётган ижтимоий-диний масалалар атроф-муҳит, урбанизация, оила, молиявий битимлар, динлар, цивилизациялар, қадриятлар мулоқоти каби мавзуларни қамраб олади. Шу боис олимларимизнинг бу мавзулар бўйича айтаётган сўзлари долзарблик нуқтаи назаридан доим диққат марказида туриши зарур.

Ўз фатволарида биродарлик, тинчлик ва осойишталикка путур етказмайдиган йўлларни топиш ҳар қандай фақиҳдан билим, кўникма ва маҳорат, тўғри хулоса чиқара олиш қобилиятини талаб қилади.

Шаръий масала ечимига фатво бераётган олим фиқҳий танловининг асосини ойдинлаштирса, бунинг қийматини билиш катта қийинчилик туғдирмайди. Ижтимоий тармоқдан туриб фатво берувчи аксар “олимлар”нинг оқибати ўйланмаган фатволари эса турли зиддиятларга сабаб бўлиб қолмоқда. Бунга насс[2], қиёс, урф-одат, маслаҳатул мурсала[3], истеҳсон[4] ва машҳур мазҳаб пешволарининг жавобларидан четга чиқиш, шозз[5] жавобни танлаш кабиларни мисол қилиб келтириш мумкин. Жумладан, уламолар жамоаси рад қилган нарсага рухсат бериш, маржуҳни[6] тасдиқлаш, жавоблардаги ғайритабиийлик ва такаббурлик, зиддият ва келишмовчиликларни ҳисобга олмаган ҳолда фатво бериш ва асрлар давомида амалда бўлиб келган ҳукмларга зид ҳукмларни амалиётга жорий қилиш ҳаракатлари ҳам шулар сирасига киради.

Ўтмишда шаръий масалалар ечимида баҳс-мунозара юритишдан мақсад ўртага қўйилган масаланинг ечими борасида тортишаётган томонлар ўртасида мувофиқлик ва ижтимоий келишувга эришиш бўлиб, бу фатво берувчилар ўртасида қадриятларга ҳурмат кучли бўлганидан далолат беради. Уларнинг энг асосий мақсади дин, мазҳаб, уммат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат бўлиб, барча фақиҳлар ижтимоий барқарорликка путур етказиш, одамлар орасига тафриқа солиб қўйишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлган. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда жамиятда фитна чиқаришнинг зарар ва гуноҳи одам ўлдирганникидан ҳам оғирроқ эканини айтади:

﴿وَالْفِتْنَةُ أَشَدُّ مِنَ الْقَتْلِ﴾

“Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқ (ёвузлик)дир[7].

Жамиятни бирдамлаштиришга, ўзаро иттифоқликка чорлашга ҳамма масъул эканини марҳамат қилади:

﴿وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا﴾

“Барчангиз Аллоҳнинг арқони (Қуръон)га боғланингиз ва фирқаларга бўлинмангиз”[8].

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жамиятда фитна келиб чиқишига, парокандаликка сабаб бўладиган ишларни қиладиганларни лаънатлаганлар.

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Фитна уйқудадир, уни уйғотган кишига Аллоҳ таолонинг лаънати бўлсин”[9].

Мақола мавзуси бўлган тинчлик барча қадриятларни ўзида бирлаштирган олий қадриятдир. Агар адолат тилга олинса, тинчлик унинг мақсади, бағрикенглик тилга олинадиган бўлса, тинчлик унинг моҳияти, афв зикр қилинса, тинчлик унинг масдари, мулоқот тилга олинса, тинчлик унинг асл ўзагидир.

Ҳаётнинг турли жабҳаларида уламоларнинг фатволари мусулмонлар учун энг муҳим қўлланма бўлгани учун фитналарга сабаб бўлмайдиган тўғри фатво жамият равнақи ва фаровонлигининг энг асосий омилларидан саналади.

Ўтмишда мужтаҳидларнинг фатво бериш услублари жамиятда тинчликни, ўзаро биродарликни асрашга қаратилганидан гувоҳлик берувчи кўплаб мисолларга дуч келамиз. Бу ўринда фатво бериш юзасидан қабул қилинган энг муҳим тамойилларни ташкил этувчи энг олий қадриятларни эслатиб ўтамиз.

  1. Озиқ-овқат хавфсизлиги ва ижтимоий тинчликка эришиш, бирдамлик, ўзаро боғлиқлик ва бағрикенглик маданиятини сингдириш.

Ҳижрий саккизинчи асрда Андалусда Шайх Ибн Лубб Ғарнотий ижара масаласида фатво чиқарди. Унинг ижарага ишчи ёллаш билан боғлиқ масалада айтган сўзи моликия мазҳабидаги фатво усулларига зид бўлган. Чунки бу мазҳабда ёлланма ишчининг номаълум тўлов эвазига ерда ижарада ишлаши тақиқланган. Бундай келишув ижарачига ҳам, ҳосилга ҳам салбий таъсир кўрсатадиган сохта шартнома ҳисобланади. Шайх Ғарнотий Андалусдаги одамларнинг урф-одатларини ҳисобга олиб, ҳаққи аниқ келишилмаган ижара маҳаллий халқнинг урф-одатларига тўғри келса, у ҳолда мумкин, деб фатвони берган.

Шайхдан асаларичиликда ижарага ишлайдиган одам ва унга бериладиган ҳақ асалнинг бир қисми бўлиши ҳақида ҳам сўралган. Унга шундай йўл билан ҳақ тўласа бўладими, йўқми? Аллома бу саволга қуйидагича жавоб беради: “Олинган асалнинг бир қисмини бериш шарти билан ишга ёллашнинг ҳукми ишчига бериладиган ҳаққа оид масаладир. Моликий мазҳабидаги ҳукмларга кўра, бундай ҳақ тўлаш шарти билан ишчи ёллаш ман этилади. Бунинг сабаби “миқдори номаълум ҳақ эвазига ишчининг ижарада ишлаши” деб кўрсатилган”.

Шундай қилиб, аллома жамиятнинг урф-одатлари ва ҳолатини ҳисобга олган ҳолда ижарага нархи аниқ қилинмаган савдо билан ишга ёллашда икки хил фатво бермоқда.

Ҳанафий мазҳабида темир қуйиш печлари ва карвонсарой (дам олиш уйлари)да ҳам ижарага бундай савдо билан одам ёллаш тақиқланади. Чунки, бу турдаги келишув оқибатида ўртада зиддиятлар пайдо бўлиши эҳтимоли мавжуд. Бундай ижарага рухсат темир қириндиси ва идишда ортиб қолган сув билан ҳақ тўласа бўлаверади, дейдиган кимсанинг наздида мумкин бўлади, дейилади. Юқоридаги фатволарга кўра, мусулмонлар ижарага одам ёллаш нархини аниқ келишувлар асосида белгилашга ҳаракат қилган, натижада юзага келиши мумкин бўлган турли келишмовчиликларнинг олди олинган.

  1. Маҳалла ва қўшнилик қадриятларини мустаҳкамловчи фатволар.

Бугун ижтимоий осойишталик ва минтақа аҳолисининг бирдамлигига путур етказадиган низолар нуқтаи назаридан қараганда, сув истеъмоли ва суғориш муаммолари тобора долзарб аҳамият касб этиб бормоқда.

Ўтмишда уламолар бундай муаммоларни оқилона ҳал қилган. Тарихда кўплаб мусулмон халқларининг ҳаёти асосан қишлоқ хўжалиги ресурсларига боғлиқ бўлган. Шунинг учун улар ўртасида сув тақсимлаш ва ундан фойдаланишни тартибга солиш соҳаси жуда ривожланган. Бу муштарак тақсимотни бошқаришга тўсқинлик қиладиган бирор нарса пайдо бўлса, фақиҳ ва муфтийларга мурожаат қилинган.

Шайх Абу Қосим Ибн Луббдан тоғдаги юқори қишлоқдан пастдаги қишлоқ текислигига оқиб тушаётган анҳор суви ҳақида сўрашди. Ўша вақтгача юқори қишлоқ аҳолисининг дарёдан сувни юқорига кўтариб етказиб берадиган сув ғилдирагига (чархпалакка) эҳтиёжи бўлмаган, яъни сув ташиб ичилган. Энди аҳоли кўпайиб, сувга эҳтиёж ортгани сабабли юқори қишлоқ одамлари дарёдан сувни юқорига чиқариш мақсадида чархпалак қуриш учун паст қишлоққа тегишли ердан жой ажратиб бериш ҳақида фатво чиқаришни сўраб илтимос қилган.

Шайх Абу Қосим икки қишлоқ аҳолисини тинчликни қадрлашга, биродарлик ва жамоат манфаатларига, эски одатларга қараб ҳукм чиқаришга чақириб, бундай жавоб беради: “Сувдан келишилган ҳолда фойдаланиш керак. Ўтмишда асли бўлмаган нарсани яратиб, урф бўлиб турган ишга қарши чиқиш жоиз эмас. Бир-бирингиз билан келишган ҳолда қишлоқ аҳлининг оқсоқоллари розилиги билан шундай қилсангиз яхшироқ бўлади”.

  1. Ихтилоф ортидан келадиган фасодни даф қилиш, тафриқага йўл қўймаслик.

Ақидавий масалалар ечимига оид асарларда келтирилган фатволар айрим ҳолатларда ўзига хос урф-одатлар билан мувофиқлаштирилган ҳолда берилган. Фақиҳ ихтилоф чиқармаслик учун жамият урф-одатлари, манфаати ёки заруратини ҳисобга олиб, энг рожиҳ ва машҳур уламоларнинг сўзларидан ҳам воз кечиб, заиф ёки шозз бўлган гапларга амал қилган ҳолда фатво берган.

Саккизинчи асрда бидъат масаласи уламолар орасида кучли баҳс-мунозаралар ва фиқҳий шарҳларга сабаб бўлган. Ибн Луббнинг шогирди Абу Исҳоқ Шотибий бошчилигидаги уламолар бидъатни қоралашга катта эътибор қаратиб, “Иътисом” китобига шунга оид фатволарни қўшган.

Биз бу ерда тақдим этаётган масала Ибн Луббнинг бидъат тушунчасига ойдинлик киритганидир. Унга имом (раҳбар)нинг дарвеш ва сўфийлар мажлисида иштирок этиб, зикрларни тинглаши билан боғлиқ савол берилади. “Имомнинг бу иши унинг одиллик сифатига путур етказадими, йўқми?” У: “Сиз сифатлаган нарсалар бидъат эмас, сўфий ва дарвешлар қилаётган ишни кўпчилик уламолар мумкин деб билади. Шунинг учун дарвеш ва сўфийлар мажлисида иштирок этиб, уларнинг зикрларини тинглаши имом (раҳбар)нинг имомати (раҳбарлик қилиши)га тўсқинлик қилмайди ва одиллик сифатига путур етказмайди”, деб жавоб беради.

Қуръони карим оятлари ҳам тафриқага йўл қўймасликка, ижтимоий ҳаётда дўст-биродар бўлиб, тинчлик-тотувликда умргузаронлик қилишга чорлайди:

﴿وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا وَاذْكُرُوا نِعْمَةَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنْتُمْ أَعْدَاءً فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُمْ بِنِعْمَتِهِ إِخْوَانًا وَكُنْتُمْ عَلَى شَفَا حُفْرَةٍ مِنَ النَّارِ فَأَنْقَذَكُمْ مِنْهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ آَيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ﴾

“Ҳаммангиз Аллоҳнинг арқони (Қуръон)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади”[10].

Ушбу оятда кўплаб маънолар мужассам бўлган. Унда инсонларнинг жамоа бўлиб яшаши ҳам Аллоҳ таолонинг улкан неъмати экани таъкидланмоқда ва жамиятни турли фирқаларга бўлиниш балосидан сақлаш буюрилмоқда. Бу ўз-ўзидан жамоавий ва индивидуал равишда тинчликнинг қадрини мустаҳкамлайди.

Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар маҳрумдир”, “Кимки бизга қарши тиғ кўтарса, у ислом аҳлидан эмас” деб, инсонларни тинчликнинг қадрига етишга, ўзаро аҳил-иноқ яшашга чақирадилар.

Одамларнинг тинчлик-хотиржамликда яшаб, Парвардигорига итоат этишда ҳамкорлик қилишига қарши қаратилган бузғунчиликдан ҳам фосидроқ ғоя борми дунёда?

  1. Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, нуқсонларини тузатиш ва дахлсизлигини сақлаш.

Мазҳаб пешволари сўзларида оила билан боғлиқ янги муаммоли жиҳатлар ва эр-хотин ўртасидаги зиддиятларга қиёс талаб қиладиган масалалар муқобилида истеҳсон тамойилига асосланган кўплаб фатволар топилди.

Эр-хотиннинг ажрашиши ички ва ташқи таъсирларга боғлиқ бўлиб, оилаларнинг бузилиб кетиши, болаларнинг етим қолиши ва жамиятнинг пароканда бўлишига олиб келади. Шу сабабли исломда оиланинг бутунлигини сақлаш энг муҳим ишлардан саналган.

Истеҳсон мазҳаб пешволарининг фатво беришдаги тамойилларидан бири бўлиб, у орқали мужтаҳидлар фасодни даф қилиш мақсадида аниқ ҳукмдан бошқаларга маълум бўлмаган ҳукмга ўтишни ният қилади. Истеҳсон бир масала бўйича фақат иккита ечим мавжуд бўлгандагина қўлланади. Фақиҳ бир масала ечимида атайлаб икки далилнинг бирини ундаги фатво жамиятга манфаатлироқ бўлгани учун иккинчисидан устун қўяди. Бу урф-одатларни ва бериладиган фатвонинг уламолар томонидан маъқулланишини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

Фақиҳ биринчи бўлиб ишдаги ҳукмни қиёсий нуқтаи назардан келтиргандан сўнг ундаги манфаатнинг устунлиги сабабли истеҳсонга ўтади. Шунинг учун истеҳсон далили кучлироқ, тўғрилик эҳтимоли яқинроқ ва шариатда кўзланган ниятга эришиш учун кафолати кўпроқ бўлади.

Шу сабабли ҳанафий мазҳабида оила қуришда истеҳсонни муқаддам қўйиш тамойилига алоҳида эътибор берилади. Бунга мисол қилиб ҳанафий мазҳабида никоҳ учун қиз болага валийнинг шарт қилинишини келтириш мумкин. Бунда валий деб қиз боланинг – гарчи у турмушга чиқиб кетса-да – ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи киши тушунилади. Шунингдек, ажрашиш масалаларида қозининг ҳукми шарт қилинган бўлиб, бунда оилани сақлаб қолиш учун доим бир имконият ахтарадиган илмли кишининг фатвоси топилиб қолиши умид қилинган.

Шунингдек, бунга мисол тариқасида шаръий ечимга муҳтож воқеа-ҳодисаларга берилган фатвони келтириш мумкин. Бунда хотинига бир йил ўтмагунча уйи эшигидан чиқмаслиги, чиқса, талоқ қилиши ҳақида қасам ичган бир киши айтилган. Мужтаҳид уламоларимиз ўша кимсани бундай торликдан халос қиладиган ва оиласини бузилиб кетишдан сақлайдиган фатвони берган. Яъни, у қасамини бузади ва бунинг учун каффорат беради. Алалоқибат хотинига талоқ тушмай, оила сақланиб қолади.

Ушбу мақолада ёритилган тинчлик ва ўзаро биродарликни мустаҳкамлаш, жамият манфаатларини энг биринчи ўринга қўйиш замирида чиқарилган фатволар мужтаҳид фақиҳларнинг фатволари денгизидан бир томчи, холос.

Бугунги кунда мусулмонлар орасига фитна ва тафриқалар тушишига сабаб бўлаётган, ижтимоий тармоқ орқали оқибати ўйланмай берилаётган фатволарнинг кўпайгани тинчлик ва осойишталикни сақлашда муҳим омил бўлган салаф мужтаҳидларнинг фатволарини кенг миқёсда қайта ўрганиб чиқиш вақти келганидан дарак беради.

Мужтаҳид фақиҳлар жамиятга беқарорлик эмас, тинчлик, фаровонлик ва манфаат келтиришга алоҳида эътибор берган. Ҳар бир фатво шариат ҳукмлари асосида инсоний фазилатлар низомини асрашга хизмат қилиши лозим. Улар доимо шу нуқтаи назардан фатво чиқаришга ҳаракат қилган. Шу сабабли фақиҳларнинг қадр-қиммати доим баланд бўлган, фатволари асрлар оша ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Салаф мужтаҳид алломаларимизнинг фатволарини мушоҳада қилар эканмиз, бугунги кунда ислом дини шиорлари бўлган ҳижрат, жиҳод каби сўзларни ниқоб қилиб, нотинчлик, беқарорлик ва бошбошдоқликка олиб борадиган фатволар бераётган ижтимоий тармоқ “уламолари”нинг тутган йўли ва мақсадлари қанчалар разил экани кундай равшан бўлади.

[1] Мирзиёев Ш.М. Мамлакат ривожидаги истиқболли вазифалар (Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига 2018 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2019 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатнома). /https://kun.uz/99444746.
[2] Қуръони карим ва суннати мутаҳҳара.
[3] Инсон ихтиёрида бўлган эркин масалалар.
[4] Бир ҳукмни иккинчисидан яхши деб ҳисоблаш.
[5] Шозз луғатда – жумҳурдан ажраб, якка ўзи қолганга айтилади. Истилоҳда эса – ўзидан сонда ёки ростгўйликда ёки адолатда кучлироқларни ривоятига мухолиф чиққан ишончли кишининг ривоятига айтилади.
[6] Масаланинг жавобида ўзига маъқул бўлгани учун заиф бўлса-да, далили енгил жавобни танлаш.
[7] Қуръони карим маъноларининг таржимаси. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: Шарқ., 2004. Бақара сураси, 191-оят.
[8] Оли Имрон сураси, 103-оят.
[9] Жалолиддин Суютий. “Ал-Жомиъ ас-сағийр”. “Дорул фикр”, Байрут. 5975-ҳадис. 3-жуз. –Б. 229. Жалолиддин Суютий. “Ал-Фатҳ ал-кабийр”. “Дорул фикр”, Байрут 2003. 8272-ҳадис. 2-жуз. –Б. 265. Али ибн Ҳисом Ҳиндий. “Канзул аъмол”. “Муассатур рисола”. Байрут 1989. 30891-ҳадис. 11-жуз. – Б. 186.
[10] Оли Имрон сураси, 103-оят.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ОТАСИ ҲАҚИДА МАНБАЛАРДА ҚАНДАЙ МАЪЛУМОТЛАР КЕЛТИРИЛГАН?

Имом Бухорийнинг отаси аллома Исмоил катта тижоратчи бўлиб, ўғлига кўп мол-мулкни мерос қилиб қолдирган. У …