Home / АЛЛОМАЛАР / АБУҚОСИМ АБДУЛЛОҲ ИБН МУҲАММАД ИБН АБДУАЗИЗ ИБН МАРЗУБОН БАҒОВИЙ

АБУҚОСИМ АБДУЛЛОҲ ИБН МУҲАММАД ИБН АБДУАЗИЗ ИБН МАРЗУБОН БАҒОВИЙ

Муфассир, фақиҳ, муҳаддис
(ваф. 317/929)

Аллома Абулқосим Бағовий 829 йили Бағдод шаҳрида туғилган бўлиб, унинг тўлиқ исми Абулқосим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдулазиз Бағовий. Абулқосим Бағовийнинг ёшлиги бобоси Аҳмад ибн Маниъ ва амакиси Али ибн Абдулазиз Бағовийларнинг илмий мажлисларида ўтган. Бобоси шогирдларига ҳадис илмидан дарс ўтган пайтида у ҳам дастлабки сабоқни олган. Ўн бир ёшидан бошлаб устозлари Али ибн Жад, Али ибн Маданий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Абу Наср Таммор каби муҳаддислардан ҳадис тинглаган ва уч юздан ортиқ муҳаддис шайхлардан таҳсил олган. Аллома устозлик мақомига етишгач Ибн Саид, Котиъий, Исмоилий, Ибн Шаҳин, Дарақутний, Ибн Қаниъ, Табароний, Ибн Ҳиббон каби кўпгина шогирдларига ҳадис, фиқҳ илмидан сабоқ берган ва ҳадис ривоят қилган.

Абуқосим Бағовий илм пешвоси бўлиш билан бирга чиройли ҳуснихат соҳиби ҳам бўлган. Шу боис бобоси ва амакисининг кўплаб китобларининг хаттоти ҳисобланади.

Ўша даврда “Бағовий” нисбаси билан ижод қилган алломалар кўп бўлгани сабабли, ажралиб туришлиги учун “Бағовийул кабир” (Катта Бағовий) унвони берилган. Аллома юз ёшдан ортиқ умр кўрган ва Рамазон ҳайит куни кечаси Бағдодда вафот этган. Хоки Бабуттин қабристонига қўйилган.

Аллома тарих ва фиқҳ соҳаларида ҳам сермаҳсул ижод қилган. Унинг асарлари қуйидагилар:

  • “Муъжамус саҳоба” (Саҳобаларнинг ҳаёти, ривоят қилган ҳадислари ҳақидаги маълумотлар алифбо шаклида берилган)
  • “Тарих вафотиш шуйух”
  • “Масоилу Аҳмад ибн Ҳанбал”
  • Ҳикаяту Шуъба ва Амр ибн Мурро (Устози Шуъба ва Амр ибн Мурро у ҳақидаги ривоят қилинган ҳадислар рисоласи)

Абулқосим Бағовий муҳаддис Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Китабул ашриба” асарини ўқиб, ундаги ҳадисларни ривоят қилган ҳамда “Саласатун ва саласуна ҳадисан мин ҳадиси Абуқосим” номли ҳадисга оид асар ёзган. Шунингдек, бобоси Аҳмад ибн Маниъ ҳамда амакиси Али ибн Абдулазизларнинг “Муснад” асарларидан фойдаланган ва “ас-Сунан аъла мазҳабил фуқаҳо” фиқҳга оид асарини ёзган. Устози Али ибн Жаднинг “Ал-Жаддият” ўн икки жуъзлик ҳадисларини тўплаган.

Алломанинг юқорида келтирилган асарлари бугунги кунда Зоҳирия кутубхонасида сақланади.

И.Даурбекова, Д.Ҳалимова,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари.
Туркия Диёнат вақфи “Ислом энциклопедияси”даги маълумотлар асосида тайёрланди.

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …