Home / МАҚОЛАЛАР / ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ

Бола тарбияси, унга тўғри йўл кўрсатиш, хатоларини тўғрилаш нозик ва жиддий масаладир. Бу борада, айниқса, техника тараққиёти шиддат билан ривожланиб бораётган бир даврда келажак авлодга хавф солиб турган ташқи фитналар, миллат ва динимизга ёт бўлган турли ғояларга қарши курашиб, “Оммавий маданият” ниқобидаги турли хил ахборот хуружларидан огоҳ бўлмоғимиз даркор. Фарзандларимиз таълим-тарбиясига ўз вақтида эътибор берсак, шунда келажагимизни, жамиятимизни турли маънавий инқирозлардан сақлаган бўламиз. Ушбу ишларга ота-оналар, устозу мураббийлар ва таълим соҳасидаги ташкилотлар бирдек масъулдир.

Аллоҳ таоло айтади: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳга ва Расулга (буйруқларига) хиёнат қилмангиз ва (бир-бирингиздаги қўйган) омонатларингизга (ҳам) билиб туриб хиёнат қилмангиз!” (Анфол сураси, 27-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ҳар бирингиз ўз қўл остингиздагиларга васий ва масъулдирсизлар. Имом ўз қўл остидагиларга васий ва масъулдир. Эркаклар ўз оила аъзоларига васий ва масъулдирлар, аёллар ўз эрининг уйидаги бор нарсаларга масъулдир(Бухорий ва Муслим ривояти).

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бизга фарзанд неъматини омонат ўлароқ берди. Биз шу омонатга хиёнат қилмасдан, Яратганимизнинг Ўзи буюрганидек болаларимизга таълим-тарбия беришимиз керак. Акс ҳолда, омонатга хиёнат қилиб қўйсак, буни жавобгарлиги ҳам қаттиқ бўлади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтганларидек, биз қўлимиз остидагиларга, жумладан, фарзандларимизга масъулмиз. Ушбу масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда, болаларимизнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясига ҳар куни вақт ажратишимиз шарт. Кўпчилигимиз боланинг яхши еб-ичиши, қиммат кийим-кечаги, хуллас, моддий томонига бор эътиборимизни қаратамиз, лекин одоб-ахлоқи, илм олишига келганда оқсаймиз. Ваҳоланки, аввало уларни илмга кўпроқ қизиқтиришимиз, тарихда ўтган ота-боболаримиз, буюк аждодларимиз илми сабаб юксак натижаларга эришганини ибрат қилиб кўрсатишимиз керак. Маърифатпарвар, давлат ва жамоат арбоби Абдулла Авлонийнинг қуйидаги ҳикматлари тарбия борасидаги энг аъло таърифдир: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”. Шундай экан ҳар биримиз мазкур ҳикматнинг мағзини чақишимиш ва амал қилишимиз лозим.

Ҳасан Расулов
“Муҳсинхон Тўра Эшон” жоме масжиди
имом ноиби

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …