Home / МАҚОЛАЛАР / ИХТИЛОФДАН САҚЛАНАЙЛИК!

ИХТИЛОФДАН САҚЛАНАЙЛИК!

Инсоннинг оиласи тинч, яшаб турган манзил-макони осойишта экан унга оила равнақи, фарзандларининг таълим-тарбияси, келажаги ва истиқболига олиб борувчи барча омилларга муяссар бўлажак. Бундан ташқари, жамиятда ҳаёт кечираётган одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр-мурувватларининг самимий бўлиши асосан хотиржам бўлишга боғлиқдир. Шу маънода Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадисларининг бирида тинчлик хотиржамлик энг катта неъмат эканини таъкидлаб: «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар, у хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир», деганлар. Демак, инсонлар сиҳат-саломатлик ва тинчлик-осойишталик каби неъматларнинг қадр-қимматига аҳамият бериши кераклиги ҳадиси шарифда ёзилган.

Аммо беш қўл баробар бўлмагандай, одамларнинг баъзилари қалб хасталигига учраб, юртимиз равнақини кўра олмаслик иллатига чалингани кишини афсуслантиради. Улар ҳар хил кўринишда бўлиши, хусусан, диний оқимларга мансуб бўлиши кишини хавотирга солади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло ўзининг каломида, «Оли Имрон» сурасининг 103-оятида «(Эй мусулмонлар), Аллоҳнинг арқонига (динига) боғланингиз ва бўлинмангиз!» деб хитоб қилади. Демак, барча мўмин-мусулмонлар соф ақида ва эътиқодга ишониб бизларгача жорий бўлиб келган тўғри йўлдан адашмаслигимизни таъкидламоқда.

Зеро, динда адашиш, нотўғри ақидаларга эргашиш муқаддас динимиз кўрсатмаларини инкор қилиш бўлиб, натижада инсоннинг ўзига ва ўзгаларга зулм қилишига сабаб бўлади. Оли Имрон сураси, 108-оятда «Аллоҳ оламда ҳеч қандай зулмни бўлишини хоҳламайди», дейилган.

Юқоридаги илоҳий далиллардан зулм ва ёмонлик Аллоҳ қайтарган ва қилиниши мумкин бўлмаган тубан амал экани кўриниб турибди.

Ҳақиқатан ҳам ислом дини ҳар қандай шароитда экстремистик ҳаракатларнинг зулм келтирувчи ҳаракатларни амалга оширишига мутлақо қаршидир. Пурмаъно инсонпарварлик таълимотлари ўзида ифода қилган динимиз бўла туриб, афсуски, Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлмиш тинчликдан ҳамма ҳам баҳраманд эмас. Чунки дунёнинг турли бурчакларида қон тўкилишлар содир бўлмоқда. Бу хунрезликлар террористик кучларнинг муқаддас ислом дини ниқоби остида содир этилиши сир эмас.

Бундай бузғунчиликдан Қуръони каримда: «…Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни бузадиган ва ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаҳаннам) бордир», деб қайтарилган (Раъд сураси, 25-оят).

Ачинарли томони шундаки, улар динни ниқоб қилиб олиб, унинг моҳиятини ўз манфаатлари йўлида бузиб талқин қилаётган жиноятчи, қаллоб, адоват ва низо уруғини сочаётган кимсаларнинг буйруқларини ижро қилаётганларини ўзлари ҳам билмайдилар. Аллоҳ бўлинманглар деса, нега мусулмонлар бўлиниб кетяпти деган ташвишли савол маърифатли мусулмон кишисида пайдо бўлиши табиийдир. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир мўмин-мусулмон киши бўлиниш ёмонлигини англаб етиши лозим. Зеро, бўлинмаслик аҳли сунна вал жамоа йўлини танлаш ва унга эргашиш имон амридир. 

Ҳозирги кунда юртимизга узоқ ва яқин айрим мамлакатларда бўлаётган нотинчликларни қоралаймиз, тез кунларда тинчлик хотиржамлик ва офият неъматидан баҳраманд бўлишларини Аллоҳ таолодан сўраймиз.

Баҳодир ШАРИПОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Чуст туман вакили
Манба: muslim.uz

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …