Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ТОШКЕНТДА ДУРДОНА АСАРНИНГ ЎЗБЕК ТИЛИДАГИ ШАРҲИ ТАҚДИМОТИ ЎТДИ

ТОШКЕНТДА ДУРДОНА АСАРНИНГ ЎЗБЕК ТИЛИДАГИ ШАРҲИ ТАҚДИМОТИ ЎТДИ

Бугун Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Ҳилол нашр” матбаа нашриёти билан ҳамкорликда Имом Бухорий қаламига мансуб “Саҳиҳи Бухорий” асарининг ўзбек тилидаги шарҳи китоби тақдимоти ўтказилди.

Тақдимотда марказ ходимлари, ҳамкор ташкилотлар ва илмий доиралар вакиллари, нуфузли уламолар, диний йўналишдаги таълим муассасалари талаба ёшлари ҳамда мустақил тадқиқотчилар иштирок этди.

Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо, Ўш Давлат университети илоҳиёт факультети декани, диний илмлар бўйича фалсафа доктори (PhD) Зайлобиддин Ажимаматов ҳамда IRCICA Бош директори маслаҳатчиси Аширбек Мўминов сўзга чиқиб, Имом Бухорий меросини ўрганишнинг аҳамияти, аллома асарларининг бугунги кундаги илмий қиймати, уларни тадқиқ этишнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболдаги вазифалар, шунингдек, Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самаралари ҳақида батафсил тўхталди.

Маросимнинг асосий маърузачилари буюк аждодларимизнинг ислом илмлари соҳасидаги илмий мероси айни кунгача дунё мусулмонлари ҳаётида муҳим аҳамият касб этиб келаётганини, хусусан, юртимиздан чиққан буюк муҳаддис алломаларнинг ҳадис илми борасидаги бой илмий-маънавий тажрибаси Мовароуннаҳр ҳудудида ислом цивилизацияси ривожига муносиб ҳисса қўшганини алоҳида эътироф этди.

Дарҳақиқат, бу борада қатор шарафли номлар билан эъзозланган Имом Бухорий илмий мероси алоҳида эътиборга молик.

Муҳаддислар султони, буюк ватандошимиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи томонидан битилган, «Саҳиҳи Бухорий» номи билан шуҳрат қозонган, улуғ асар – «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» («Ишончли тўплам») китоби мусулмонларнинг кўпчилиги, аҳли суннат ва жамоат уламоларнинг иттифоқи билан «Қуръон»дан кейинги энг саҳиҳ китоб сифатида эътироф қилинган.

Мазкур асарни ўрганишга ва бутун дунёга намоён қилишга энг ҳақли авлод, шак-шубҳасиз, у зотнинг ватандошлари ҳисобланади. Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифатли ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Тошкентда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди.

Ўзбекистонда «Саҳиҳи Бухорий» ўзбек тилига бир неча бор таржима қилинган. Уларда ҳадисларнинг шарҳ ва изоҳлари қарийб йўқ даражада, фақат айрим ўринлардагина жуда кам ва қисқа шаклдаги изоҳлар мавжуд. Шуни эътиборга олиб, тақдимоти ўтказилган нашрда «Саҳиҳи Бухорий»ни тўлиқ ва муфассал изоҳлашга эътибор берилди. Айрим ҳадислар шарҳи юз саҳифа ҳажмига етди.

Мазкур шарҳ муҳаддислар султонининг ҳаёти ва ижодини ҳамда унинг энг саҳиҳ ҳадислар тўпламини ҳар томонлама, пухта ўқиб-ўрганишга, у ҳақда тўлиқ ва кенг қамрови билан муфассал тасаввур ҳосил қилишга имкон беради. Зотан, шарҳни яратишда юзлаб қўлёзма, тошбосма ва замонавий манбалар жалб қилинган. Ҳадислар изоҳи ҳанафийлик мазҳаби бўйича асосли ва эътиборли далил ва ҳужжатлар билан кўриб чиқилган. Ақидага оид ҳадиси шарифлар эса мотуридийлик таълимотига уйғун равишда баён этилган.

«Саҳиҳи Бухорий»даги ҳадисларни тўғри тушуниш учун айрим сўз ва ибораларнинг араб тилидаги грамматик қоидаларининг ҳам таҳлили бериб борилди. Бундан эса мадраса толибларига қоидаларни тўлиқ тушуниб олишда ва эски шарҳларни ўқиб-англашда қўл келади, деган мақсад кўзланди.

Тақдимот иштирокчилари мазкур китобни йирик илмий натижа сифатида баҳолаб, ҳар бир ҳадисни шарҳ ва изоҳлар орқали тўғри тушуниш имкони яратилганидан мамнунлик туйишди.

Имон-эътиқодли халқимизга ўзбек тилида тақдим қилинган мазкур нашр ҳадис илми борасидаги билимларни янада мустаҳкамлаш ҳамда Имом Бухорий бобомизнинг бой маънавий меросини тўлароқ англашга асос бўлиб хизмат қилади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …