Home / МАҚОЛАЛАР / XX АСР БОШЛАРИДА БОШ ВАҚФ БОШҚАРМАСИНИНГ СИЁСИЙ ФАОЛИЯТИ

XX АСР БОШЛАРИДА БОШ ВАҚФ БОШҚАРМАСИНИНГ СИЁСИЙ ФАОЛИЯТИ

Таълим ва тарбиянинг шаклланишида оила ва мактаб алоҳида ўринга эга. Миллий тарбия халқнинг тарихий тажрибаси асосида вужудга келиб, ёш авлод мафкуравий онгини шакллантиришга қаратилган анъана, эътиқод ва урф-одатлар тизимида намоён бўлади. Шунинг учун халқимизнинг илмий-маданий тарихини ўрганиш муаммоси ҳозирги даврнинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланмоқда. XIX асрда давом этган сиёсий келишмовчиликлар Ўрта Осиёнинг Чор Россияси мустамлакасига айланишига олиб келди. Бу ҳолат илм-фан ва цивилизация ўчоқларидан бири бўлган Туркистон минтақаси сиёсий, ижтимоий ва маданий ҳаётига салбий таъсир кўрсатди.

Чор империяси большевиклар томонидан ағдарилгач, коммунизм жамиятини қуриш режаси ишлаб чиқилди. Аммо ўша вақтда Россия мустамлакалари у ёқда турсин, ҳатто унинг ўз ҳудудида ҳам бундай жамият қуриш учун билимли кишилар жуда озчиликни ташкил этган. Мураккаб сиёсий ҳолат бўлса-да, бу даврда Туркистонда маҳаллий мактаблар, жадид мактаблари (тазйиқлар остида фаолияти тақиқланаётган эди – муаллиф), рус-тузем мактаблари ва мадрасалар фаолият кўрсатмоқда эди. XX аср бошида совет ҳукумати ташаббуси билан анъанавий мактаб ва мадрасаларни советлаштириш бошланди. Бу йўналишдаги тадбирлар аввал Ички Ишлар Халқ Комиссарлиги (НКВД), кейин Маориф Халқ Комиссарлиги (НКП) таркибига ўтказилган Бош Вақф Бошқармаси бошчилигида амалга оширилди.

Маълумки, таълим ва тарбия муассасаларининг асосий қисми вақф маблағлари асосида таъминлаб келинган. Совет ҳукумати бу тартибни ўз манфаатлари йўлида тубдан ислоҳ қилди. Туркистон Марказий Ижроия Комитетининг 1920 йил 26 февралдаги 87-сонли фармони асосида барча вақф ишлари Таълим бошқармаси ваколатига ўтказилди [1]. Республиканинг барча вақфларини бошқариш учун Маориф Халқ Комиссарлиги ҳузурида Туркистон Республикаси Вақф бўлими ташкил этилди. Фарғона, Самарқанд ва Сирдарё ҳудудлари вилоят халқ таълими бошқармаси ҳузурида Вилоят Вақф бўлимлари тузилди. Бу бўлимларнинг ишини юргизиш билан вилоятлардаги кафедра мудирлари шуғулланди. Вақф мулкини бевосита бошқариш учун Маориф касаба уюшмаси ва Социалистик маданият ходимлари таркибидан бошлиқ ва ёрдамчи сайланди. Сайлов жараёнида энг асосий эътибор – сайланган бошлиқ ва ёрдамчи мусулмон бўлишига қаратилди.

Мазкур фармонда бошлиқ-раҳбарнинг вазифаси ҳам белгилаб берилган. Раҳбар ҳар бир вақф мулки ҳужжати батафсил ёритилган инвентаризация китобини юритиши керак бўлган. Барча мулкларнинг ёзма ҳужжатлари асл нусхалари билан бирга раҳбар томонидан минтақавий Вақф бўлимига тақдим этиб борилган. Вақф кўчмас мулки газеталар ва бозор майдонларида махсус шахслар томонидан эълон қилиш асосида очиқ савдолар орқали ижарага берилган. Бундан тушган маблағ эса Халқ Таълими Комиссариати депозитига жамланган. Бу маблағ ўзбек, қирғиз ва татар халқ таълими институтлари эҳтиёжлари учун йўналтирилиши алоҳида қайд этилган.

Шўро ҳукумати Вақф мулки билан дастлаб жуда эҳтиёткорона муносабатда бўлган. Ҳар бир раҳбарнинг маҳаллий жамоат бўлимлари томонидан юритиладиган даромад ва харажатлар китоби бўлиши алоҳида белгилаб қўйилган. Шунингдек, ижара шартномалари маҳаллий коммунал соҳа бўлими бошлиғи, Вақф мулки раҳбари ва ижарачилар томонидан имзоланган. Мулкни эксплуатация қилиш бўйича барча ижара шартномалари мулкни бошқариш бўйича бошлиқ қўлида сақланадиган китобда қайд этилган. Сметасиз ҳеч қандай харажатга йўл қўйилмагани сабабли Вақф бошлиғи Вақф мулкидан фойдаланиши ҳам мумкин бўлмаган. Aгар фавқулотда маблағ керак бўлиб қолса, раҳбар минтақавий вақф бўлимидан рухсат сўраб, харажатларни тасдиқлайдиган баённомаларни тақдим этиши зарур бўлган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Вақфнинг вилоят бошқармалари вақф мулкига ҳужжати бор ёки йўқлигидан қатъи назар, ҳар бир вақф мулки ошкора тақдим этилаётганини қаттиқ назоратга олган. Вилоят бошқармалари зиммасига вақф мулкларини подшоҳлик даврида расмийлаштирилган ё бундай қилинмаганидан қатъи назар, барча волость ва шаҳарларга маълум қилиш таклифи билан хабар юбориш юклатилган. Улар барча ҳужжатсиз вақф мулклари ҳақида батафсил маълумотлар йиғилгач, уларни Марказий Вақф Бўлимига юбориб, хабардор қилган.

1922 йил 28 декабрда Туркистон Марказий Ижроия Комитетининг вақф ҳақидаги 173-сонли қарори тасдиқланди [2]. Ҳужжатда рўйхатга олинган барча вақф кўчмас мулки ҳамда маданий-маърифий ва хайрия муассасалари тўғридан-тўғри Бош Вақф бошқармаси тасарруфи ва бошқарувига ўтказилгани расмийлаштирилган. Бошқарма вазиятни ўрганиш, муносабат билдириш ва советлаштириш ишларини амалга оширадиган бўлди. Қарорда Бош Вақф бошқармаси ва унинг маҳаллий бўлимлари Совет ҳукумати маъмурий институтларининг барча ҳуқуқларидан фойдаланиши мумкинлиги қайд этилган. Аммо бу иш зиддиятларга ҳам олиб келишини олдиндан англаб етган ҳукумат дастурга муттасил ўзгартиришлар киритиб борган. Мисол учун, масжидларга тегишли Вақф мулки дастлаб ўша масжидларнинг мутаваллиси томонидан назорат қилиниб, Вақф бўлими кассасига тушмаслиги белгилаб қўйилган. Кейинчалик бу тартиб тўлиқ бекор қилинган.

Вақф бўлимларининг даромадлари: а) кимошди савдосидан тушган мол-мулк ва ижара ҳаққи; б) Вақф мулкидан олинадиган солиқлар; в) савдо ва саноатдан олинадиган фойда; д) турли хайр-эҳсонлар ҳисобидан жамланиб борилган. Тўпланган маблағни Бош Вақф бошқармаси қуйидаги харажатларга сарф этган [2]:

а) мутаваллилар, мударрислар, ўқитувчилар, ишчилар ва талабаларни иш ҳақи ва стипендия билан таъминлаш;
б) Вақф мулкини таъмирлаш ва сақлаш;
в) Вақф бўлимларидаги операцион харажатлар;
г) ҳукумат, давлат ва маҳаллий солиқлар;
д) ижтимоий суғурта;
е) Бош Вақф бошқармаси эҳтиёжлари учун белгиланган фоиз;
ж) талабаларни РСФР (Россиянинг ўша пайтдаги расмий номи – муаллиф) ва чет элларга юбориш;
з) биноларни замонавий талабларга мослаштириш;

и) ўқувчи ва талабаларга стипендиялар ва грантлар бериш, у ёки бу Вақф муассасасини Вақф бўлимларининг қарорига биноан қўллаб-қувватлаш ва бошқа маданий-маърифий мақсадлар.

Совет ҳукумати ўзининг куч-қудрати, иқтисодий ютуқларини қўл остидаги давлатларга кўз-кўз қилиб, уларда ҳадик ва хавотирни сақлаш мақсадида Бош Вақф бошқармаси маблағи ҳисобидан Россияга сафарлар уюштирган. Талабаларни РСФР ва чет элларга жўнатиш учун уларнинг Бош Вақф бошқармасидан махсус рухсатнома сўраши олдиндан белгилаб қўйилган. Шунингдек, Вақф бўлими янги биноларни жиҳозлаш, янги курслар очиш каби тадбирлар учун ҳам Бош Вақф бошқармасидан махсус рухсатнома олиши белгиланган. Албатта, бу ишлар катта маблағ сарфи билан ҳам боғлиқ эди. Шунинг учун Бош Вақф бошқармаси эҳтиёжларини қоплаш мақсадида маҳаллий бўлимлар умумий даромадининг қарийб 10% ни ажратиши белгиланган.

Бош Вақф бошқармаси текшируви ва қатъий талаби асосида эски усул мактаблари ёпилганидан сўнг, Ўзбекистонда ягона меҳнат мактаблари ташкил этилган[9]. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, қишлоқларда ўша йилларда 3 йиллик таълим белгиланган бир пайтда амалда 2 йиллик таълим бериб борилгани таълимни ташкил этишдаги энг катта камчилик эди. Чунки, мавжуд ҳолат бошланғич ва ўрта таълим ўртасидаги узлуксизликни бузиб, қишлоқларда II босқичли (тўлиқсиз ўрта) мактабларнинг ривожланишига тўсқинлик қилган. 1923 йилдагина Иттифоқ давлатларида умумий таълим тизимини жорий этиш режасини ишлаб чиқиш бошланган.

Бош Вақф бошқармаси раиси ўртоқ Ахунов бошчилигида ўтказилган кенгаш Қарорига биноан, Бош Вақф бошқармаси 1924 йил 24 мартда Вақф таркибидаги барча мактаблар истисносиз Маориф Халқ Комиссарлигининг Главсоцвос дастурига ўтказилади [3]. Главсоцвос – 1921 йилда РСФСР Халқ таълими комиссарлиги таркибида ташкил этилган Ижтимоий таълим ва политехника таълими бош бошқармаси [8]. Бошқарма мактабгача таълим муассасалари, умумий таълим мактаблари, болаларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва барчанинг малакасини ошириш учун масъул бўлган. Бош Вақф бошқармаси қабул қилган қарорда вақф мактаб ва курсларига дастур ва қоидаларнинг рус ва ўзбек тилларида тузиб берилишини маъқул топилгани белгиланган.

Шўро ҳукумати амалга оширган советлаштириш сиёсати халқ манфаатига хизмат қилмаган. Файзулло Хўжаевнинг “Совет Россияси ҳукумати ва унинг Бухородаги вакилларига бизнинг халқимиз советлаштиришни қабул қилолмаяпти, халқ буни хоҳламаётир, шунинг учун қўлига қурол олиб, уюушиб курашга кўтарилаяпти,” деган гапи бунинг исботидир [4. Б-19]. Ҳатто 1929 йилда ҳам эски мактаблар фаолият юритган. Баҳлузода ўзининг “Қашқадарё қишлоқларида маориф ишлари тузилмаётир” номли мақоласида: “Бутун жойларда бўлган эски диний мактабларни тамоман тугатиш тўғрисида Ўзбекистон марказий ижроқўми томонидан чиқарилган қарор ҳали бу ерларда жуда суст амалга ошаётир. Шаҳрисабз районининг шаҳар ва қишлоқларида 10-15 лаб эски диний мактаблар давом қилаётир,” деб маълумот берган [7. Б-26]. Мақолада мактаблардан фақат биттаси яқиндагина ёпилгани, эски мактаблар билан курашиш – уларни йўқотиш ишлари жуда ҳам суст олиб борилгани ёзилган. Қашқадарё округида фаолият юритаётган баъзи янги мактаблар ҳам эски мактаблардан фарқи йўқ, деб хулоса чиқарилган.

Хуллас, шўро даврида таълим-тарбия жараёни мафкуравийлаштирилиб, янги мазмун касб этди. Большевиклар ташаббуси билан социалистик байналмилал маданият яратиш ҳаракатлари туфайли барча миллий қадриятлар бирхиллаштирилди. Бу жараён “маданий инқилоб” номи билан халқ таълимига ҳам дахл қилди. Тадқиқот давомида Бош Вақф бошқармаси таълим муассасаларини қайта рўйхатга олиб, советлаштириш ишларини олиб бориш мақсадида ташкил этилгани аниқланди. Босқичма-босқич қўлланган чора-тадбирлар ташкилот олдига қўйилган вазифа амалга оширилишида қўл келган. Бош Вақф бошқармаси ўзига берилган имкониятлардан фойдаланиб, Туркистон минтақасининг бой маданий қадриятларига зарба берган. Бу сиёсий ҳаракат натижасида жамиятда маънавий инқироз чуқур илдиз ота бошлаган. Анъанавий мактаб ва мадрасалар фаолияти тақиқланиб, советлаштирилган ягона меҳнат мактаблари ташкил этилган. “Бутун дунё пролетарлари бирлашингиз!” шиори асосида халқлар онгида босқичма-босқич “байналмилал ғоя” тарғиб этилиб, социалистик жамият сингдириб келинган [6].

ФОЙДАЛАНГАН АДАБИЁТЛАР
  1. Ўзбекистон Миллий архиви. Фонд Р-34, рўйхат-1, иш-453, 30-варақ.
  2. Ўзбекистон Миллий архиви. Фонд Р-34, рўйхат-1, иш-2272, 2-варақ.
  3. Ўзбекистон Миллий архиви. Фонд Р-34, рўйхат-1, иш-2741, 27-варақ.
  4. Файзулло Хўжаев (тарихий эссе). Қ.К. Ражабов.-Т.: “Abu matbuot konsalt” 2011. Б.19
  5. “Qizil Oʻzbekiston” 3-noyabr 1933 yil № 256 (2755)
  6. Аланга журнали. №1 сон. 1928 йил январь
  7. “Маориф ва ўқитувчи” ижтимоий-сиёсий, таълим-тарбиявий, адабий, фанний, илмий журнал. 9-10 сон. Самарқанд шаҳри.1929 йил сентябрь-октябрь
  8. https://www.booksite.ru/fulltext/1/001/008/010/817.htm
  9. http://reja.tdpu.uz › views › openlesson. Воспитание, образование и развитие педагогической мысли в Узбекистане в 1917-1991 гг. ст. 9
Сухроб Эргашев,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …