Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “ДЕКЛАРАЦИЯЛАР МУЛОҚОТИ” ХАЛҚАРО ФОРУМИНИНГ АСОСИЙ ТАДБИРИ БУХОРОДА ЎТДИ

“ДЕКЛАРАЦИЯЛАР МУЛОҚОТИ” ХАЛҚАРО ФОРУМИНИНГ АСОСИЙ ТАДБИРИ БУХОРОДА ЎТДИ

Аввал хабар қилганимиздек, айни кунларда юртимизда нуфузли халқаро анжуман – “Декларациялар мулоқоти” форуми ўтказилмоқда.

Куни кеча форум тадбирлари доирасида унинг иштирокчилари учун Самарқанд шаҳрининг тарихий обидаларига ташрифни ўз ичига олган танишув саёҳати ташкил этилди.

Бугун эса Бухоро шаҳрида мазкур форумнинг асосий тадбири бўлиб ўтди. Тадбирнинг ялпи мажлисида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов “Марказий Осиё мутафаккирларининг жаҳон цивилизацияси ва динлараро ҳамкорлик ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида маъруза қилди. Маъруза диний бағрикенгликнинг Ўзбекистондаги тарихий асосларини очиб беришга қаратилган бўлиб, унда миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида асрлар давомида мовароуннаҳрлик алломаларнинг бой маънавий мероси асосида шаклланган анъаналарга кенг ўрин берилган. Айнан шу қадимий қадриятлар бугунги кунда конфессиялараро интенсив ва самарали мулоқот майдонини яратиб, турли дин вакиллари ўртасида ижтимоий-маданий жиҳатдан изчил ҳамкорликни кучайтириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. Маърузада шунингдек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам сўз борди.

Тадбирда форум давомида ўтказилган илмий-амалий семинарлар сарҳисоб қилиниб, эътиқод эркинлиги ва динлараро мулоқотни таъминлаш борасида ўзаро фикр алмашилди ва келгусида ҳамкорлик истиқболлари белгилаб олинди.

 

Форум якуни бўйича “Бухоро декларацияси” қабул қилинди. Мазкур декларация 2016-2020 йилларда қабул қилинган Марокаш, Макка, Жакарта, Потомак, Пунто-дел-Эстеда декларацияларининг мантиқий давоми сифатида ўзида Ўзбекистон тажрибасидан келиб чиқиб, жаҳон ҳамжамияти билан бирга дунёда маърифат ва диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш, шунингдек, турли динлар ўртасидаги мулоқотни кучайтиришга оид даъватни ифодалаган.

  

Шунинг билан мамлакатимизда сўнгги кунлар давомида Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ўтказилаётган “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми асосий ишини якунлади.

20 май куни форумнинг хорижлик иштирокчилари Бухоронинг бой маданий-тарихий мероси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …