Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “Декларациялар мулоқоти” Самарқандда давом этди

“Декларациялар мулоқоти” Самарқандда давом этди

Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари мезбонлигида ўтказилаётган “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми иштирокчилари 18 май куни Самарқандга ташриф буюрди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, АҚШ Глобал жалб қилиш институти, Дин ишлари бўйича қўмита, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳокимликлари ҳамкорлигида ташкил этилган анжуман қатнашчилари – Европа, Осиё, Яқин Шарқ, Африка мамлакатлари ва АҚШ етакчи дин уламолари, илоҳиётшунослар, ҳуқуқшунослар ва бошқа расмий вакиллар Самарқанд темирйўл вокзалида тантанали кутиб олинди.

Меҳмонлар буюк алломаларга бешик бўлган, қадимий цивилизациялар маркази ҳисобланган Самарқанддаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди, тарихий-маданий ёдгорликлар билан танишди. Юздан ортиқ миллат, турли дин ва конфессиялар вакиллари ҳамжиҳатликда яшаётган қадимий кентда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Диний эътиқод эркинлиги, ҳар бир бир миллатнинг ўз урф-одат ва анъаналари, қадриятларини асраб-авайлаши учун кенг имконият мавжудлиги таъкидланди.

  

– Ёшлигимизда бу табаррук заминдан етишиб чиққан улуғ алломалар, муҳаддислар китобларини ўқиб, улар мангу ором топган масканларни зиёрат қилиш бахти насиб этармикан, деб орзу қилардик, – дейди Бутунжаҳон мусулмонлари лигаси бош котибининг махсус маслаҳатчиси Абдулазиз Сархан. – Аллоҳга шукр, бугун шу бахт насиб этганидан бахтиёрмиз. Берунийлар, Хоразмийлар, Бухорий ва Термизий юрти ҳамиша жаҳон аҳлини ўзига чорлаб келган. Айниқса, Самарқанд – дунёга машҳур қадимий шаҳар, дунё цивилизациясида ўз муносиб ўрнига эга. Шу билан бирга бугун бу юрт турли миллатлар, динлар вакиллари аҳил-иноқ яшаётган маскан сифатида эътиборимизни тортди.

– Самарқанддаги энг катта таассурот қолдирган жиҳат, албатта, кўпчилик таъкидлайдиган халқингизнинг меҳмондўстлиги, – дейди Нигериянинг Аргунгу штати амири Исмоил Муҳаммад Мера. – Ўзим ҳам кўп эътибор берганман, кўпчилик ўзбек халқининг ушбу жиҳатини алоҳида тилга олади. Бу бежиз эмас экан. Самарқанднинг диққатга сазовор жойларида бўлганимизда одамлар ҳам бизга катта илтифот кўрсатаяпти. Бундай эътиборни ҳар қанча эътироф этсанг арзийди. Кўрсатилган эътибор, меҳмондўстлик учун раҳмат.

Меҳмонлар айни пайтда шаҳарда амалга оширилаётган улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишди.

Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат),

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …