Home / ЯНГИЛИКЛАР / Рената УИТЦ: Ўзбекистон форуми нафақат келажак, балки бугунги кун учун ҳам жуда муҳим

Рената УИТЦ: Ўзбекистон форуми нафақат келажак, балки бугунги кун учун ҳам жуда муҳим

— Форум доирасидаги сессия йиғилишлари, кутилганидек, жуда қизғин, мунозарага бой кечяпти. Гуруҳимизда давлат хизматчилари билан дин ва қонун устуворлиги ҳақида суҳбатлашдик. Тингловчилар хорижлик экспертлар томонидан тақдим этилган тақдимотларга катта қизиқиш билдиришди, бу жуда яхши белги. 

Мен йирик конференциялар декларацияларини тайёрлашда кўп қатнашганман. Демак, бундай баёнотни биринчи марта кўришим эмас. Ҳужжат аввал тузилади, муҳокама қилинади ва кейин қабул қилинади. Тошкентда кўплаб давлатлардан ҳукумат мутасаддилари, турли диний, дунёвий қарашга эга мутахассислар, фуқаролик жамияти вакиллари долзарб масалаларни муҳокама қилишяпти. Айнан мана шу ҳолат декларация қабул қилиниши жараёнининг жиддий муваффақияти.

Тўғри, мен Ўзбекистон бўйича мутахассис эмасман, аммо аксар чет эллик мутахассислар юртингиз ҳақида қандай фикрда эканини биламан. АҚШ Ўзбекистонни диний жиҳатдан энг ташвишли давлатлар рўйхатидан чиқаришга қарор қилгани, ҳақиқатан ҳам, юқори баҳо. Умид қиламанки, Ўзбекистон диний гуруҳлар ва диндор шахслар мамлакатда ўз эътиқодини эркин ифода этишини осонлаштириш учун ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатни давом эттиради.

Форум муваффақиятли учрашувлар ташкил этиш мақсадига эга. Шу билан бирга ҳақиқий муваффақиятга узоқ муддатли жараён орқали эришилишини ҳам биламиз.

Тошкентда кўп маъруза эшитдик. Тажриба алмашиш ва шу тажриба асосида ўзаро ишончни мустаҳкамлашга ҳаракат қилдик. Бу анжуман нафақат келажак, балки бугунги кун учун ҳам жуда муҳим.

Ишончим комилки, Ўзбекистоннинг соҳага алоқадор барча тузилмалари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳозирги тўғри танланган йўлдан чекинмай, илғор тажрибага таянишда давом этадилар. Токи бу учрашувлар изчил ва давомли ҳамкорлик жараёни учун бошланғич нуқта вазифасини ўтасин.

Аввалги форумлар, қабул қилинган декларациялар муайян муваффақиятларни таъминлаган. Ўзбекистон ҳам шу йўлдан кетаётганини кўриб, рости, хурсандман. Умид қиламанки, тез орада имзоланажак “Бухоро декларацияси” ҳам ҳаммамизни янги ютуқлар, натижалар сари етаклайди.

Улуғбек МАҲМИРЗАЕВ ёзиб олди.

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …