Home / ЯНГИЛИКЛАР / НАҚШБАНДИЯ ТАРИҚАТИНИНГ БУЮК МУРШИДИ

НАҚШБАНДИЯ ТАРИҚАТИНИНГ БУЮК МУРШИДИ

Хожа Убайдуллоҳ Маҳмудхожа ўғли Аҳрор Валий номи билан машҳур бўлиб, 1404 йил Тошкентда дунёга келган. Отаси Хожа Маҳмуд ва боболари маърифатли кишилар бўлган, деҳқончилик ва тижорат ишлари билан шуғулланган. У она тарафидан машҳур шайх Хованди Тоҳурга бориб уланади.

22 ёшида тоғаси Хожа Иброҳим Шоший уни таҳсил олиш учун Самарқандга олиб келади. У бу ерда Мавлоно Қутбиддин Садр мадрасасида таҳсил олади. 1428 йилда Ҳирот шаҳрида Сайид Қосим Табризийда таҳсилни давом эттиради. Чағониён мавзеида яшовчи нақшбандия тариқати муршидларидан бири Мавлоно Яқуб Чархийдан тасаввуфни қунт билан ўрганади.

29 ёшида Тошкентга қайтиб, тоат-ибодат ва деҳқончилик билан машғул бўлади. Манбаларда кўрсатилишича, Хожа Аҳрорнинг хўжалик фаолияти тез орада жуда кенг ривож топади. “Рашаҳот” асари муаллифи Фахриддин Али унинг ерлари Тошкент вилоятидан Амударё соҳилларигача бўлган ҳудудда 1300 дан ортиқ экинзорларни ташкил этганини эслатади. Майда мулк эгалари солиқлардан қутулиш учун ўз ерларини Хожа Аҳрор ихтиёрига ўтказишган. Унинг ҳукмдорлар олдидаги нуфузи фавқулодда солиқларни меҳнаткашлар гарданига юклашдан уларни ҳимоя қиларди.

У халқ орасида анча танилиб, 1450 йилдан кейин яна Самарқандга келади.

Хожа Убайдуллоҳнинг ҳаёт йўли ва фазилатини баён қилувчи кўпгина тарихий асарлар орасида энг биринчилардан бўлиб ёзилган “Масмуот” (Эшитилган) асари куёви ва издоши Мир Абдулаввал Нишопурий томонидан XV аср охирларида битилган. Унда Хожа Аҳрорнинг фазилати, сўфийлик дунёқараши ҳақида сўз борган.

Нақшбандия тариқатининг Хожа Аҳрор Валий орқали тарқалган силсиласи нафақат Мовароуннаҳр ҳудуди, балки Хуросон, Ироқ, Озарбайжон, Миср, Хитой ва Ҳиндистонгача етиб борган. Самарқанд қози калони, тарихчи Абу Тоҳирхожа “Самария” китобида “Хожа Аҳрорнинг ўзига жалб қилувчи оҳанрабоси шу даражада кучли эдики, унинг ширинсуҳан суҳбатлари умрбод эсда қоларди”, деган сўзлари ҳам тасаввуф таълимотида унинг маънавий мавқеи юқори бўлганидан далолат беради.

Хожа Аҳрори Валийдан шогирди Мавлоно Муҳаммад Қози орқали Махдуми Аъзам Даҳбедийдан бошлаб “нақшбандия-аҳрория-даҳбедия” тармоғи шаклланган. Унинг авлодларидан Нақибхон Тўғрал, Султонхон Тўра Адо каби улуғ кишилар етишиб чиққан.

Хожа Аҳрор қаламига мансуб бир нечта рисола бизгача етиб келган. Улардан бири “Фақарот ул-орифин” (Орифлар сўзларидан парчалар) номи билан машҳур бўлиб, унда муаллифнинг ва баъзи тасаввуф намояндаларининг тариқатга оид фикрларидан намуналар келтирилган. “Волидия” деб номланган иккинчи рисоласида тариқат йўлига кирган кишининг ахлоқ-одоби, фақир ва фано тушунчалари ҳақида сўз боради.

Хожа Убайдуллоҳ нақшбандия тариқатининг энг буюк муршидларидан бири эди ва ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаётда катта из қолдириб, ўз даврида шуҳрати дунё мамлакатлари бўйлаб машҳур бўлган. Унинг тасаввуф тарихидаги буюк хизматларидан бири нақшбандия силсиласи ислом оламидаги энг улуғ силсилалардан бирига айланишидир. У тасаввуф тарихида биринчи бўлиб халқ равнақи йўлида тариқатни сиёсатга, подшоҳларга таъсир кўрсатувчи амалиётга айлантирди.

Хожа Аҳрор Валий 1490 йилда Самарқандда вафот этган.

Меҳрожиддин АМОНОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Манба: «Zarafshon» газетаси 2022 йил 28 апрель, 49-сон

Check Also

“Маърифат карвони” — маънавиятнинг нурли йўлида

“Маърифат карвони” илмий-маърифий ва маданий тарғибот лойиҳаси доирасида 5 декабрь куни Қашқадарё, Навоий, Андижон ва …