Home / ЯНГИЛИКЛАР / ЯХШИЛИКНИНГ МУКОФОТИ ФАҚАТ ЯХШИЛИКДИР

ЯХШИЛИКНИНГ МУКОФОТИ ФАҚАТ ЯХШИЛИКДИР

Ўлкамизда кўклам шукуҳи кезмоқда. Она табиат кундан-кун яшнаб, янгиланмоқда. Ислом оламининг муқаддас – Рамазон ойи замин эврилишга юз тутган мавсумда ҳаётимизга ташриф буюриши ҳар бир мўмин-мусулмонга ҳузур-ҳаловат бағишлаши шубҳасиз. Табиатга ҳамоҳанг қалблар қайта уйғонди. Яшашга, янгиланишга, эзгу амаллар қилишга иштиёқ ортди.

Давлатимиз раҳбарининг Рамазон ойида кексалар ва беморлар ҳолидан хабар олиши, муқаддас қадамжолар қурилишига эътибор қаратиши анъана тусини олган. Кечагидек эсимизда: Шавкат Мирзиёев ўтган йили Рамазон ҳайити арафасида Республикамизнинг икки муҳим тиббий маркази — гематология ҳамда онкология марказларига ташриф буюриб, у ерда муолажа олаётган бемор болалар ҳолидан хабар олган, улар билан суҳбатлашиб, ота-оналарга далда бўлган, мавжуд муаммоларга қулоқ тутган эди. Қисқа фурсатда бемор болаларнинг орзулари ушалди, муаммоларга ечим топилди. Давлат раҳбари томонидан билдирилган ишонч болаларга куч берди, хайрли ишлар ота-оналарнинг-да, ҳаётини қувончга тўлдирди.

Улуғ айём кунларида қилинган ниятлар амалга ошади

Президентимизнинг Олмазор туманига навбатдаги ташрифи ҳам ана шундай эзгу ишлар, хайрли ташаббусларнинг давомидир. Илк манзил ҳам маҳобати, ҳам моҳияти жиҳатидан улкан лойиҳа — Ислом цивилизацияси маркази бўлди. Давлатимиз раҳбари бу ерга муборак Рамазон ойида, жума кунида ташриф буюриши бежиз эмаслигини, бундай улуғ айём кунларида қилинган ниятлар ижобат бўлишини айтди. “Охирги йилларда оғир-оғир синовлардан ўтдик. Лекин бу ерда иш тўхтагани йўқ. Нима учун буни қуряпмиз? Халқимизнинг дунёқарашини, ғурурини кўтариш, қандай буюк эл эканимизни ашёвий далиллар билан намоён этиш учун”, дея таъкидлади Президентимиз.

Шоазим МИНОВАРОВ, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори:

— Ҳамма нарса халқ манфаати учун. Инсонни улуғлаш — олий қадрият. Шонли тарихдан — буюк келажак сари. Маҳалла — заминимиз, таянчимиз. Ёшлар — Ватан келажаги каби улуғ ва олижаноб мақсадларни ўз олдига қўйган халқимиз ўзи ишонч билдирган раҳбар етакчилигида олға интилмоқда. Мақсад — Ўзбекистон Республикасини ривожланган, қонун устуворлиги таъминланган, коррупция жиловланган, илм-фан тараққий топган ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллайдиган давлатга айлантириш.

Қуёш ва гидроэлектр станциялари, интенсив боғлар, пахта ва бошқа хомашёларимизнинг жойида чуқур қайта ишлаш объектлари, оғир ва енгил саноат соҳаларида амалга оширилган ишлар ва режалар Ўзбекистонни тобора мазкур мақсадга яқинлаштиряпти. Илгари биз фахр билан тилга оладиган Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ кимё мажмуаси каби йирик саноат объектлари энди “Ўзбекистон GTL” заводи тимсолида ўз аламбардорларига — етакчиларига эга бўлди.

“Ўтган йили Қашқадарёда “Ўзбекистон GTL” заводини очиб, бутун дунёга мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини кўрсатдик. Бу марказ халқимизнинг маънавий ва маърифий қудрати тимсоли бўлиб қолади”, деди муборак Рамазон ойининг биринчи жумасида Ислом цивилизацияси маркази қурилишига ташриф буюрган Ўзбекистон раҳбари.

Анъанага кўра, Президентимиз Ислом цивилизацияси марказида сўнгги ойларда амалга оширилган ишлар билан танишди ва мутасаддилар ҳамда қурувчиларга зарур тавсиялар берди. Шунингдек, ташқи ва ички безак ишларининг мазмуни ва шаклини маъқуллади, айни пайтда қўлланиладиган барча матнлар илмий асосга эга бўлиши зарурлигини таъкидлади. Ташриф давомида Ислом цивилизацияси маркази музейи таркибида шакллантирилаётган “Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс” бўлим тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Бўлимда бой ва узоқ асрларга тақаладиган тарихимиз, дин ва илмда мактаблар яратган боболар мероси, маърифатчи аждодларимиз, муфтийлар сулоласи тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилган концепция бўйича ўз таклифларини билдирди.

Ислом цивилизацияси маркази биносида Халқаро ислом академиясининг магистратура ва докторантура бўлимлари жойлашади.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби:

— Аллоҳ таолога беадад шукроналаримиз бўлсинки, сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳар жиҳатдан тараққий этиб бормоқда. Барча соҳалар қатори муқаддас ислом дини ҳам равнақ топяпти, буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганишга бўлган эътибор янада кучаймоқда. Зотан, қадимдан ўзбек диёри, дейилганда, жаҳон афкор оммасининг хаёлига дунё тамаддунига беназир ҳисса қўшган буюк алломаларимиз, улуғ мутафаккирларимиз, хусусан, Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Алишер Навоий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Муин Насафий, Маҳмуд Замахшарий, Имом Мотуридий сингари буюк зотларнинг номлари келиши табиий.

Илм-фан тараққий этган бугунги даврда алломаларимиз қолдириб кетган бебаҳо асарларни тадқиқ этишга, ўрганишга талаб ҳар қачонгидан ҳам ортиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Шу боис, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биносини қуриш ишлари жадал давом этмоқда.

2018 йили давлатимиз раҳбари Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида тамал тошини қўйиб берган марказ бугун тобора чирой очиб, ҳудуд кўркига гўё узукка қўйилган кўздек ярашиб боряпти. Ўтган давр мобайнида Шавкат Мирзиёев бу жойга бир неча марта ташриф буюриб, қимматли фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Ўтган ҳафта давлатимиз раҳбари яна Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, бу ердаги қурилиш ишларини кўздан кечирди. Марказда юртимизда фаолият юритаётган барча имом-хатиблар, ноибларнинг тизимли тарзда малака оширишини йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Демак, бу марказ имом домлаларимиз учун ҳам маърифат масканига айланади.

Марказда диний билимлар билан бир қаторда, архитектура, физика, кимё, астрономия, минерология, тиббиёт, фармакология каби йўналишларда ҳам илмий изланишлар олиб бориш кўзда тутилган. Чунки аждодларимиз асарларининг салмоқли қисмини ушбу соҳалар ташкил этади.

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022-йил 12-апрел, 72(594)-сон

Check Also

Доғистон уламолари ташрифи

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Доғистон Республикаси муфтияти вакилларидан иборат делегация ташриф буюрди. Меҳмонларни Марказ …