Home / ЯНГИЛИКЛАР / “БАҒРИКЕНГЛИК БОҒИ” бирдамлик ва ҳамжиҳатлик тимсоли

“БАҒРИКЕНГЛИК БОҒИ” бирдамлик ва ҳамжиҳатлик тимсоли

ЯШИЛ МАКОН

Юртимизда азалдан турли миллат ва элат вакиллари тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаб келади. Улар ирқи, миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, диний ибодат ва маросим, миллий байрамларини эмин-эркин ўтказади. Айниқса, сўнгги йилларда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўп миллатли катта ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу йўналишда кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилмоқда.

“Янги Ўзбекистон” боғида ташкил этилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбир юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва диний конфессиялар вакилларини ягона мақсад атрофида бирлаштирди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган диний конфессиялар етакчилари ҳамда миллий маданий марказлар вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида дин арбоблари атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг долзарб масалалари ҳақида сўз юритиб, бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга ўз муносабатини билдирди.

Содиқ ТОШБОЕВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси:

– Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Яшил йиллик” умуммиллий тадбирлари юртимиз бўйлаб кенг амалга оширилмоқда. Эзгу мақсаднинг амалий қадамлари ўлароқ, март ойида Ўзбекистон халқаро ислом академиясида юртимиздаги 16 та конфессия вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтган эди. Унда ирқи, миллати, диний эътиқодга мансублигидан қатъи назар, барча юртдошларимизни “Яшил йиллик” умуммиллий тадбирида фаол бўлишга ундовчи баёнот қабул қилинди.

“Янги Ўзбекистон” боғида баёнотнинг амалдаги ифодаси ўлароқ, диний конфессия етакчилари иштирокида турли дарахт кўчатлари экилишида ҳам катта рамзий маъно бор. Бу ерда турли миллат ва элат вакиллари эзгу ният, муштарак мақсад атрофида бирлашди: “Бағрикенглик боғи” ташкил этилди, кўчатлар ўтқазилди. Улар, албатта, йиллар ўтиб осмонга бўй чўзади, ўз сояси билан бу ерга ташриф буюражак юртдошларимиз ҳамда хорижлик меҳмонлар қалбига ҳузур бағишлайди.

Бу каби хайрли ишларда ҳар биримиз камарбаста бўлиб, мунтазам атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, юртимизни покиза сақлашга муносиб ҳисса қўшишимиз зарур. Айниқса, дунёда рўй бераётган иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал муаммолар, фожиалар қаршисида инсониятнинг ожиз қолаётгани, биздан талаб этиладигани неъматларга шукр қилиб, уни асраб-авайлашга туртки беради.

Мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган умуммиллий тадбир доирасида ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатлар танланиб, уларни етиштириш учун кўчатхоналарни кўпайтириш ҳамда аҳолига камида 10 миллион туп мевали ва манзарали дарахт кўчатини бепул тарқатиш белгиланди. Қувонарлиси, хайрли ташаббусга халқимиз чин дилдан хайрихоҳлигини кўрсатмоқда. Ушбу ташаббуснинг амалга ошишида турли дин ва миллат вакиллари қўлни-қўлга бериб, ягона ва аҳил оила аъзоларидек иштирок этмоқда.

Умар САЛМОНОВ,
Ўзбекистон турк миллий маданият маркази раиси:

– Бугун давлатимиз миллий сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири – барча миллатларнинг равнақи учун тенг шароит ва имконият яратиш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштиришдан иборат. Айни пайтда барчамиз бир осмон остида, эзгу мақсад атрофида бирлашиб, умргузаронлик қиляпмиз. Ана шу муштараклик намунаси – “Бағрикенглик боғи” юртимиздаги бирдамлик ва ҳамжиҳатлик тимсолига айланишига шак-шубҳа йўқ. Тадбир доирасида Ўзбекистондаги барча миллат вакиллари бир ёқадан бош чиқариб, атроф-муҳит кўркамлигига, экология барқарорлигига ўз улушимизни қўшишни мақсад қилдик. Дарахтлар – тоза ҳаво манбаи. Тоза ҳаво эса саломатликка, соғлом авлод камолига хизмат қилади. Бу ҳаракатимиз халқимизга манзур бўлади, деб ишонаман.

Бугун мамлакатимизда диний ташкилотлар ҳамда миллий маданий марказларнинг эмин-эркин фаолият олиб бораётгани, улар иштирокида турли тадбирлар ташкил этилаётгани ҳам юртимизда ҳукм сураётган бағрикенгликнинг амалий ифодасидир.

Башорат ЮНУСОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022-йил 6-апрел, 68-сон

Check Also

Янги лойиҳа бошланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) …