Home / ЯНГИЛИКЛАР / ДАРАХТ ЭКИШ – ЭЗГУ АМАЛ

ДАРАХТ ЭКИШ – ЭЗГУ АМАЛ

ЯШИЛ МАКОН

Бугун мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланишни йўлга қўйишга ҳар қачонгидан ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Президентимиз раислигида экологик ҳолатни яхшилаш ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу йўналишда мавжуд ҳолат танқидий таҳлил қилиниб, устувор вазифалар аниқ белгилаб берилди. Лойиҳа доирасида 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатлар экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш кўзда тутилган.

Ушбу ташаббус доирасида Андижон вилоятида ҳам дадил қадамлар ташланмоқда. Кўчатларни етиштириш, экиш ва парваришлаш, тизимли суғориш ишларида масъулларни тайинлаш бўйича аниқ ва манзилли вазифалар белгиланди. Яшил ҳудудларни кенгайтириш, экологик ҳолатни яхшилаш бўйича ҳудудлар кесимида яшил майдон ва яшил жамоат боғлари ташкил этилмоқда.

Биргина Андижон шаҳрида 1,98 гектар майдон кўкаламзорлаштирилмоқда. Шу йил “Чўлпон” боғида 1 гектар, “Нодирабегим” боғининг 3,5 гектар ерида яшил жамоат майдонларини ташкил этиш ишлари бошланди.

Муқаддас динимизда ҳам кўчат экиш улуғ ва савобли амаллардан ҳисобланиб, ерни обод қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Экилган кўчат ва ўсимликлар доимо Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб туради. Кўчат экаётган киши нафақат ўзига, балки ён-атрофдагилар, келажак авлодга ҳам манфаат етказади. Бу амал экувчига нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам савоб етиб туришига сабаб бўлади.
Шу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини ёдга олсак: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳивасаллам: “Агар қиёмат қойим бўлиб қолса-ю ва шу вақтда биронтанинг қўлида хурмо кўчати бўлса, уни экишга улгурса, экиб қўйсин”, дедилар.

Баҳор мавсуми зироат, кўчат экиш фаслидир. Айни дамда биз, диний соҳа ходимлари ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Андижон вилоятидаги барча масжидларга, мадраса, қабристон ва зиёратгоҳларга минглаб дарахт кўчатлари экиб, юртимизнинг яшил макон бўлиши учун ўз ҳиссамизни қўшмоқдамиз. Жумладан, шу кунга қадар 4 мингдан ортиқ мевали ҳамда 3 мингдан ортиқ манзарали дарахтлар экилди.
Қувонарлиси шундаки, Балиқчи, Булоқбоши, Марҳамат, Жалақудуқ, Олтинкўл, Қўрғонтепа, Хўжаобод, Улуғнор, Избоскан, Пахтаобод, Шаҳрихон туманларида экилган кўчатлар япроқ ёзиб, мевалилари гуллаб улгурди.
Қишин-ёзин яшил тусда бўлган Хонобод шаҳри аҳли ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини доимий вазифа деб билади. Шаҳарнинг Юксалиш ва Истиқлол маҳаллаларидаги яшил майдонлар адирлик жойда бўлганлиги сабабли томчилатиб суғориш йўлга қўйилди.
Экилган кўчатлар юртимизни обод, шаҳар ва қишлоқларимизни кўркам қилибгина қолмай, тоза ҳаво, покиза сув билан таъминланишимизда муҳим омилдир. Бу йўналишда диний соҳада ҳам қатор режалар, устувор вазифалар белгилаб олинган. 2022-йил 1-март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг Баёноти қабул қилинди. Унда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг ҳаётимизда тутган ўрни, динимизда кўчат экиш, боғ яратишнинг фазилатлари, юртни обод қилишга бериладиган ажру мукофотлар тўғрисида батафсил маълумотлар бор.

Ҳисоб-китобларга кўра, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кейинги беш йилда республикамизда бир миллиард туп кўчат экилади. Келажакда ушбу кўчатларнинг 80 фоизи, яъни 800 миллиони ўсиб ривожланса, аҳоли жон бошига 20 тупдан зиёд дарахт тўғри келар экан. Бу атмосфера ҳавосининг кислород билан тўйинишига, турли қум, туз бўронларининг, тупроқ емирилишлари, сел келиши, қор кўчишининг табиатимизга салбий оқибатларини сезиларли даражада камайишига ҳисса қўшади, иншааллоҳ.

Мирзамақсуд АЛИМОВ,
Андижон вилояти бош имом-хатиби
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022-йил 31-март, 64-сон

Check Also

Тадқиқотини кутаётган қўлёзмалар бисёр

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон …