Ҳадисшунослик энг шарафли илмлардан биридир. Зеро, бошқа шаръий илмлар ҳадис илмида жамланади. Бу илмларнинг барчаси ривоят илмига таянади, ривоят эса ҳадисдир. Шубҳа йўқки, илм талабида сафарда бўлиш ва олимлар билан учрашиш ақлни чархлайди, тушунчаларни тузатади. Қадим замонлардан илм талабида сафарга чиқиш уламоларнинг аломатларидан бири бўлиб келади. Бунинг ёрқин мисоли Аллоҳ таоло “Каҳф” сурасида ҳикоя қилиб берган Мусо алайҳиссаломнинг илм талабида Хизр олдига боришидир.
Илм эгаллаш учун сафарга чиқиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳам бўлган. Одамлар келиб ислом таълимотини ўрганиш ва Қуръони каримни тинглаш учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир неча кун қолиб кетган. Кейин бориб қавм-қариндошларига ўрганганларини етказган. Шуниси эътиборга моликки, улар бирор маълумотни олмоқчи бўлса, ўйлаб ўтирмасдан, тоғу тошга, кеча-ю кундузга қарамасдан, Мадинага келаверган.
Хусусан, Уқба ибн Ҳорис хотини билан эмикдош бўлгани масаласини билган заҳоти бунинг ҳукмини аниқлаш учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қандай қилиб? Айтилибди-ку, ахир?!” деб уларга ажралишни буюрганлар.
Ислом фатҳларидан кейин саҳобалар илм ёйиб ва ривоят қилиб, турли шаҳарларга тарқалган. Шунда ҳадис ривоятлари ҳам тарқала бошлаган. Саҳобалар бир ҳадис ёки масалани ўрганиш учун йўлдаги хатарларга парво қилмасдан узоқ масофаларни босиб ўтган. Масалан, Абу Айюб Ансорий мўминнинг айбини беркитиш ҳақидаги ҳадисни сўраш учун Мадинадан Мисрга, Уқба ибн Омирнинг олдига борган.
Илм талабида сафарга чиқишдан эринмаслик фазилати саҳобалардан тобеинларга ўтган. Хусусан, Абул Олия айтади: “Басрада Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан ривоят қилинган ҳадис эшитардик. Шунда Мадинага отланиб, ривоятни ўша ровийнинг ўз оғзидан эшитмагунимизча кўнглимиз жойига тушмасди”.
Саид ибн Мусаййиб айтади: “Бир ҳадис талабида ҳатто бир неча кеча-кундуз юрадиган бўлсам (сайр қилишга тўғри келса) ҳам, албатта, сафар қиламан”.
Илм талаб қилиб сафар қилишнинг бир қанча сабаблари бор, улар:
– Саҳобалар ўзи билмаган ёки эшитмаган ҳадисларни биладиган саҳобадан олиш учун сафарга чиқиши;
– Тобеинлар саҳобаларнинг турли шаҳарларга тарқалиб кетгани ва набавий меросни олиб юрганини билиб, уларнинг илмидан баҳра олиш учун сафарга чиқиши.
Юқоридаги иккисидан қуйидаги бошқа сабаблар келиб чиққан:
– Бидъатчилар кўпайиб, ҳадисларни ўз раъйига мослаб ўзгартириши ва уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат бериши оқибатида ҳадис борасидаги вазиятнинг кескинлашиши. Шунда уламолар ўша ҳадисларнинг ҳақиқати ва манбасини билиш учун илм сафарига чиқишда фаол бўлди;
– Имом Аҳмад: “Олий иснодни талаб қилиш ўтган (аллома)лардан қолган суннат (йўл)дир”, деб айтганидек, олий иснод талабида сафарга чиқиш.
Динда иснод жуда аҳамиятлидир. Бу хусусда Абдуллоҳ ибн Муборак қуйидагини айтган: “Иснод диннинг бир бўлагидир. Агар иснод бўлмаганида эди, ким нимани хоҳласа, ўшани гапираверарди”.
Имом Саврий: “Иснод мўминнинг қуролидир”, деган.
Ҳадисларнинг тарқалиши ва ривоят қилиш йўлларининг кўпайишида сафарнинг аҳамияти катта бўлган. Бу жараёнда ҳадис ровийлари ўта синчковлик билан текширилган. Ҳар бир муҳаддис сафар давомида борган шаҳарларидаги уламолар билан танишган, суҳбатлашган ва билмаганларини сўраб ўрганган. Шунинг учун ҳижрий иккинчи ва учинчи асрларда илм талабида сафар қилиш ниҳоятда кучайган.
Ўша даврда илм талабида бўлганлар маърифат марказлари ҳисобланган Мадина, Макка, Куфа, Басра, Шом, Ямома, Миср, Марв, Рай ва Бухорога айниқса кўп сафар қилган.
Имом Аҳмаддан илм талаб қилувчилар ҳақида “Бир одамнинг илми бўла туриб, у ҳақда ёзиши ёки шу борада илм мавжуд бўлган жойга сафар қилиши лозимми?” деб сўралганда, у: “Сафарга чиқади, куфалик, басралик, мадиналик ва маккаликлардан ёзиб олади. Одамларга кўрсатади, улардан тинглайди”, деган.
Иброҳим ибн Адҳамнинг: “Аллоҳ ҳадис соҳибларининг сафарлари билан бу умматдан балони кетказади”, деган гапи нечоғлик тўғри эканини қуйидаги далилларда кўришимиз мумкин – мусулмонлар орасида фитна авж олмайди, бидъат пайдо бўлмайди. Шунингдек, “Саҳиҳул Бухорий” хатм қилинса, душман даф бўлади, дейдилар.
Бу масалага бошқача ёндашганлар, яъни “Ҳар ишнинг ўртачаси афзал” ҳадисига амал қилганлар ҳам бор. Хатиб Бағдодий ҳадис илмида сафардан мақсадни икки иш билан белгилайди.
Биринчиси: исноднинг олийлигини ҳосил қилиш ва аниқ ровийлардан тинглашга устувор мақом бериш.
Иккинчиси: (ҳадис) ҳофизлари билан учрашиш, улар билан музокара қилиш ва илмидан фойдаланиш.
Илм толиби яшаб турган жойда мана шу икки иш мавжуд экан, бошқа ерга сафарнинг ҳожати қолмаган. Чунки бундай ҳолат етарли илмга эга бўлишга имкон берган.
Шундай саъй-ҳаракатлар ҳижрий учинчи юзйиллик ҳадис илмининг олтин асрига айланишига сабаб бўлди. Айнан шу даврда бу илм яна ҳам кенг миқёсда ривож топиб, ҳадис тўпламларининг энг машҳурлари тасниф этилди. Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ва бошқа муҳаддисларнинг асарлари дунё юзини кўрди. Ҳадис уламолари бу илм атрофида бирлашиб, турли шубҳаларга илмий услуб ва ўз замонасининг тили билан жавоб қайтара бошлади.