Home / ЯНГИЛИКЛАР / Терроризмга қарши кураш – чегара билмас ҳамкорлик

Терроризмга қарши кураш – чегара билмас ҳамкорлик

Терроризмга қарши кураш – чегара билмас ҳамкорлик

Тошкентда 31 октябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси томонидан “Терроризмга қарши кураш – чегара билмас ҳамкорлик“ мавзусида олтинчи халқаро илмий-амалий конференция ташкил қилинди.

Унда ШҲТга аъзо, кузатувчи ҳамда мулоқот бўйича шерик мамлакатлар делегациялари, халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот марказлари вакиллари иштирок этди. 
 
Мажлисда ШҲТ Бош котиби Р.Алимов, БМТ Бош котиби ўринбосари, Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари В.Воронков, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Д.Аҳатов, ЕХҲТнинг Терроризмга қарши кураш бўлинмаси раҳбари А.Аваков, Халқаро қизил хоч қўмитаси вице-президенти К.Карбонье қатнашди. 
 
Таъкидланганидек, дунёнинг турли минтақаларида халқаро террорчилик ташкилотлари ҳаракати кучайиб бораётган бир пайтда ШҲТ маконида терроризмга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш зарур. Минтақада тинчликни мустаҳкамлаш, терроризм, сепаратизм, экстремизм хавфининг олдини олиш, ёшларнинг ёт ғоялар таъсирига тушишига йўл қўймаслик каби мақсадларга эришишда ШҲТга аъзо давлатларнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси доирасидаги фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу конференция эса бу борадаги қарашларни умумлаштириш, ўзаро фикр алмашишда қулай мулоқот майдони бўлиб хизмат қилмоқда. 
 
Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ўз фаолияти давомида дунёда хавфсизликни мустаҳкамлаш, тинчликни сақлашга қаратилган самарали натижаларга эришиб келмоқда. Тузилма терроризм, диний экстремизм, сепаратизм, қурол-яроғ ва наркотикларнинг ноқонуний савдоси, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш борасида салмоқли ишларни амалга оширмоқда. 
 
Ташкилот 2017 йилги фаолияти давомида қатор террористик актларнинг олдини олишга муваффақ бўлди, 50 дан ортиқ террористик гуруҳлар фаолиятига чек қўйилди. Шунингдек, халқаро қидирувда бўлган 150 террорчи қўлга олинди. 
 
Интернет тармоғидан ғаразли мақсадларда фойдаланишни аниқлаш ҳамда унга чек қўйиш бўйича ҳам тузилма самарали иш олиб бормоқда. Жумладан, ўтган йили қўпорувчилик ва бузғунчилик ғоялари акс этган 500 мингдан зиёд материални ўзида жамлаган 80 минг, террористик ва тақиқланган диний ташкилотларнинг 360 сайти фаолияти тўсиб қўйилди. Ушбу интернет манбаларини юритаётган 122 кишига нисбатан жиноий иш қўзғатилди. 
 
9.JPG
 
Бугунги кунда тузилма фаолиятида интеграция жараёни жадаллик билан кечмоқда. Хусусан, ШҲТ аъзолигига кирган Ҳиндистон ва Покистон давлатлари аксилтеррор тузилмаси ишида фаол иштирок эта бошлади. Бу, ўз навбатида, ШҲТнинг хавфсизлик ва барқарорликка эришиш бўйича имкониятларини янада оширмоқда. 
 
Конференциянинг хавфсизликка рахна солиши мумкин бўлган янги хавф-хатарларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш масалаларига бағишланган шўъба мажлисида терроризмга қарши курашишда халқаро ҳамкорлик, замонавий таҳдидларни олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди. 
 
Экстремизм, қўпорувчилик ва террористик фаолиятга чек қўйиш халқаро ҳуқуқ меъёрларига амал қилишни талаб этади. Навбатдаги шўъба мажлислари айни шу масалаларга бағишланди. Унда терроризм ва мавжуд бошқа таҳдидларга қарши курашишда қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти, жумладан, халқаро инсонпарварлик тамойилларига оғишмай амал қилиш зарурлиги қайд этилди. 
 
Конференция 1 ноябрь куни ўз ишини давом эттиради. Тадбирда иштирокчилар ШҲТ маконида тинчлик ва барқарорликка эришиш, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, унинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш имконига эга бўлади. 
 
Манба:ЎзА

Check Also

Тарғибот тадбирлари бошланди

Ўтаётган ҳафтада Самарқанд вилоятидаги маҳалла ва таълим муассасаларида “Жаҳолатга қарши – маърифат” шиори остида кенг …