Home / МАҚОЛАЛАР / АЛИШЕР НАВОИЙ ИЛМИЙ-МАЪНАВИЙ МЕРОСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ АҲАМИЯТИ ХУСУСИДА

АЛИШЕР НАВОИЙ ИЛМИЙ-МАЪНАВИЙ МЕРОСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ АҲАМИЯТИ ХУСУСИДА

(Фалсафий-синергетик таҳлил)

Алишер Навоий илмий-маънавий меросини, хусусан, Шарқ пандномачилигининг ноёб дурдоналаридан ҳисобланмиш “Маҳбуб ул-қулуб” асарини синергетик методология асосида чуқур тадқиқ этиш, мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, асарнинг комил инсонни тарбиялашдаги аҳамиятини очиб бериш илмий жиҳатдан долзарб аҳамият касб этади.

Уч қисмдан иборат мазкур асарнинг “Ҳар хил фойдали маслаҳатлар ва мисоллар (ҳикматлар, танбеҳлар)” деб номланган қисмида келтирилган танбеҳларда (даврнинг норостлигини айтиб, мансабдан мағрурланганларни танбеҳ билан уйғотмоқ ҳақида) муаллиф инсонларда учрайдиган манманлик, мақтанчоқлик, жоҳиллик, худбинлик, такаббурлик, фосиқлик, бахиллик, ҳасадгўйлик, ёлғончилик, қўполлик, чақимчилик, бадфеъллик, баднафслик, бадқовоқлик, нодонлик, вафосизлик, андишасизлик, тамагирлик, ношудлик каби иллатлардан кишига ва унинг атрофидагиларга етадиган зарар ва офатни, шунингдек, бундай қусурлардан қутулишнинг нажот йўллари камтарлик, донолик, инсонпарварлик, яхшилик, саховатлилик, олийжаноблик, мардлик, мурувватлилик, вафодорлик, мулойимлик, саодатмандлик, дўстлик, ширинсўзлик, тақводорлик, узрхоҳлик, хушфеъллик, қаноатлилик, сабрлилик, хотиржамлик каби фазилатларни ўзлаштиришдан иборатлиги айтилади.

Жумладан, мутафаккирнинг саховатлилик, ҳимматлилик, сахийлик тўғрисида билдирган фикрлари эътиборга молик бўлиб, – “саховат фақат ҳиммат аҳлида бўлади ва бу улуғ сифат покиза кишиларга хосдир. Одам бир бадан бўлса, ҳиммат унинг жонидир. Ҳимматлилардан олам аҳли учун юз минг шараф ва шукуҳ етишади. Ҳимматсиз киши эр сонида эмас. Жонсиз баданни ҳеч ким тирик демас. Ҳимматли кишиларнинг даражаси юксакдир, аммо сахийликнинг даражаси бир неча баробар юксакдир. Исроф қилиш саховат эмас, ўринсиз совиришни ақлли кишилар сахийлик демайдилар. Мақтаниш учун мол бермоқ – ўзини кўз-кўз қилмоқ ва бу билан ўзини сахий деб аташ беҳаёлик. Кимки халққа кўрсатиб эҳсон қилса, у – пасткаш, сахий эмас. Тилагандан сўнг бериш ҳам саховатдан эмас, қистов натижасида бергандан кўра бермаган яхшироқдир. Битта кулчани иккига бўлиб, ярмини оч одамга берганни сахий деб, ўзи емай ҳаммасини муҳтож одамга берганни ахий (ошна, биродар, дўст) деб билгин”, деб ёзганларида теран ҳикмат жамланган ва бу Навоий даҳосининг буюклигини кўрсатади. Мутафаккир сахийликни улуғлар экан, унинг меъёрида бўлишини маъқуллаб, эҳтиёждан ортиқ қилинган саховатни ўринсиз совуриш ёки исроф қилиш эканлигини айтади, саховат билан исрофгарчиликнинг аниқ чегараларини кўрсатиб беради.

Бугунги ҳудбинлик янада чуқурлашган, нафақат жамият аъзолари ўртасида балки, оталар ва болалар, туғишган жигарбандлар ва яқин қариндошлар ўртасида ҳам мулкка ва хулқ-атворга оид муносабатларда маънавий инқироз кескинлашган бир даврда Навоийнинг комиллик ғояси долзарб аҳамият касб этади. Бунда комилликнинг инсонпарварлик, эзгулик, яхшилик, ҳокисорлик, саҳоватлилик, олижаноблик, адолатпешалик, мардлик каби кўплаб ноёб таркибий қисмларини ўзлаштириш орқали инсон тизим сифатида ўз-ўзини ташкиллаштириб, беқарорлик ҳолатидан барқарорликка, тартибсизликдан тартибга ўтиб бориши илмий асослаб берилади.

Синергетика таълимотига кўра, ушбу жараёнда бошқа даражадаги борлиқнинг илгари мавжуд бўлмаган таъсирига ўта сезувчан очиқ ҳолатдаги бундай беқарор тизим янги маълумотга эга бўлади. Танлашдаги беқарорлик ҳолатлари эса бифуркация нуқталари дейилади. Беқарорлик ҳолатида бўшлиқдаги биргина нуқта бошқарув параметри (мегадаража) вазифасини бажаради ва у бифуркация нуқтаси деб аталади. Бифуркация нуқтаси битта ёки бир қанча бўлиши мумкин. Бифуркация нуқталари янги сифат пайдо бўлаётган ҳар қандай вазият учун хос бўлиб, бунда улар эски ва янгининг ўзаро чегараларини аниқ белгилаб беради. Бифуркация нуқталарининг аҳамияти шундаки, улар куч ишлатмасдан туриб, маълумот орқали тизимнинг яъни, шахснинг хулқ-атворига, тақдирига таъсир этади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, “Маҳбуб ул-қулуб” асарида баён қилинган инсонни комиллик сари юксалтирадиган қимматли фикрларни бифуркация нуқталари деб аташ мумкин. Навоий бундай инсонпарварлик фазилатларини таърифлар экан, шунчаки уларнинг мазмун-моҳиятини очиб бериш билан чекланмайди, балки уларнинг қатъий чегара ва меъёрларини, бифуркация нуқталарини аниқ кўрсатган ҳолда тавсифлайди.

Улуғ шоир қаноат зикрида – “қаноат ибодатга етгудек қувват ҳосил бўлгунча еб-ичиб кун ўтказмоқдир ва бошқа барча ҳою ҳавасларни хаёлдан чиқармоқликдир. Қаноат бир чашмадурким, суви олинган билан қуримайди ва бир хазинадурки, сочилган билан камаймайди. Қаноат бир қўрғонки, унга кирсанг, нафс ёмонлигидан қутуласан ва тоғ чўққисидурки, унга чиқсанг, дўсту душманга муҳтожликдан қутуласан”, – дея кишига қаноатлилик туфайли етадиган саодат содда ва ихчам шаклларда таърифланади.

Шунингдек, “қаноатда қанча аччиқ роҳат ва фароғат бўлса, унинг акси бўлган тамада шунчалик разолат ва тубанлик бор. Тама туфайли нокаслик ва разиллик авж олади, одамийлик эса завол топади. Қаноатсиз кишилар ор-номус уйини куйдирувчи бир ўтдир, иззат-ҳурмат хирмонини совургучи ва улуғворлик шамъини ўчирувчи бир елдир. Қаноат бир жавоҳирким, элни бу икки балодан қутқаради ва халқни бундай офатдан халос этади”, – дея муаллиф қаноатлиликнинг ҳосиятини юксак даражада улуғласа, унинг акси бўлган қаноатсизлик ва таъмагирлик туфайли киши бисотидаги энг қимматли гавҳар ҳисобланмиш ор-номус ва иззат-ҳурматдан маҳрум бўлиб, тубанлик ва разолатга юз тутиши муқаррарлигидан огоҳлантиради.

Мутафаккир сабр тўғрисида – “сабр аччиқдир, лекин фойдали, қаттиқроғдир, лекин зиён-заҳматни дафъ қилувчи. Сабр – роҳат-фароғат калити ва тугунлар ечими. Сабр – аччиқ сўзлаб, таъбни хира қилувчи насиҳатчи, лекин у туфайли охирида мақсад ҳосил бўлади. Ҳар балога гирифтор бўлган, жони хавф остида қолган одамнинг ҳаёти сабр туфайли озод, ҳар ноумиднинг тушкун руҳи сабр туфайли қувват топади”, [1] – деб инсон ҳаёти давомида дуч келган барча қийинчиликларни фақат сабр ва чидам билан енгиш орқали муроду мақсадга, бахту саодатга эришиши мумкинлигини маълум қилади.

“Маҳбуб ул-қулуб” асаридаги инсонпарварлик ғояларини, XV-XVI асрлардаги ижтимоий тоифаларнинг феъл-атворига оид қарашларини гўёки шу бугунги жамият тўғрисида билдирилган фикрлар дейиш мумкин. Чунки инсоният Навоий яшаган даврдан кейин ўтган беш асрлик тарихий тараққиёт давомида кўп соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритди, аммо табиатидаги мавжуд иллат ва қусурлардан бутунлай ҳоли бўла олмади. Навоийнинг ўткир тафаккур ила узоқ келажакни олдиндан кўра билиб, ёмон сифатлардан инсониятга етадиган хавфдан огоҳ этганлигини мутафаккир ижодида синергетикадаги “келажакнинг бугунга таъсири” тамойили акс этганлигининг исботидир.

[1] Ўша жой. 75 б.

Бахтиёр Турсунов,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …