Home / МАҚОЛАЛАР / ШАРҚШУНОСЛИК СОҲАСИ БУГУНГИ КУН ТАРАҚҚИЁТИ БОСҚИЧИДА

ШАРҚШУНОСЛИК СОҲАСИ БУГУНГИ КУН ТАРАҚҚИЁТИ БОСҚИЧИДА

Дунё тараққиётининг оқими кўрсатиб турганидек, XXI аср Шарқ асри бўлиб бормоқда. Бу фикрни ривожланиш кўрсаткичларига кўра баҳоловчилар кўп. Аммо бу асрни учинчи ренессанс деб таърифловчилар ҳам йўқ эмас. Бундан кўринадики, Шарқ алломаларининг тафаккури самараси бўлган инсоният ютуқларига бот-бот мурожаат қилинаётган ҳозирги кунларда фанда ҳам, тафаккур кенглигида ҳам, фалсафий мушоҳадада ҳам шарқона ёндашувлар устун келмоқда… Бу ёндашувларнинг тўғрилигини ёки холислигини манбаларга таянган ҳолда, илмий асосда ўрганиш, тадқиқ этиш турли фан соҳаларида янгидан янги хулосаларни келтириб чиқараётгани ҳам сир эмас.

Шарқ алломаларининг илмий меросини ўрганмасдан туриб, зиёли ёшларни тарбиялаш, ўзимиз кутаётгандек, давр талабларига жавоб берадиган мутахассисларни ҳам тайёрлаш мушкул. Шу сабабли ҳам шарқшунос мутахассисларни тайёрлашни кучайтириш масаласи бугунги кун тартибига алоҳида долзарб масала сифатида чиқди. Давлатимиз раҳбари 2020 йил 16 апрель куни “Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини имзолади. Мазкур қарор, энг аввало, шарқшунослик соҳасига берилаётган катта эътиборнинг самараси, деб биламан. Бугунги кунда Шарқ мамлакатларининг дунёдаги мавқеи ҳар томонлама ортиб бораётганлиги мамлакатимиз шарқшунослиги олдига янги вазифаларни қўйиб, янги масъулият билан илмий изланишларни олиб бориш, таълим жараёнини ҳам тубдан қайта кўриб чиқиш заруратини кўрсатмоқда. Бу муҳим омил.

Президентимизнинг қарори асосида таълим муассасамизга университет мақоми берилиши ўзбек шарқшунослигининг жаҳонга чиқишига кенг йўл очиб берадиган қадам бўлди, дея оламиз. Бу албатта, жамоага жуда катта масъулиятни юклайди. Ўзбекистоннинг Шарқ мамлакатлари билан икки ва кўп томонлама сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилувчи, шарқ тиллари бўйича малакали мутахассислар, жаҳонда рўй бераётган жараёнларни тўғри талқин қила оладиган таҳлилий тафаккурга, комплекс билимларга эга кадрларни тайёрлаш вазифасини бажарувчи ТДШУ эндиликда замонавий олий таълим муассасаси сифатида жаҳон илм фани ва таълим жараёнларига дадил кириб бора олади.

Шарқшунос мутахассис Шарқ мамлакатларининг тиллари, тарихи, маданияти, моддий ва маънавий мероси, иқтисодиёти, сиёсати, халқаро майдондаги нуфузини ўрганиш учун ҳар томонлама билимга эга бўлиши лозим. Албатта, узоқ ўтмишга ва бой миллий-маънавий қадриятларга эга юртимиз тарихини холис манбалар асосида ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Қарорда айнан ушбу масалада ҳам жамоа олдига қатор вазифалар қўйилган бўлиб, бу вазифаларни амалга ошириш жараёни асрлар давомида сақланиб келаётган қўлёзма манбаларни ўрганиш бўйича ёш шарқшунос-манбашуносларни тайёрлаш, илмий тадқиқотларни кенгайтириш ва бу орқали мамлакатимиз ва миллатимизни дунёга тарғиб этиш билан боғлиқ фаолиятни кучайтиришимизни тақозо этади. Бу ишларни кенгайтириш мақсадида Мумтоз филология кафедраси базасида адабий манбашунослик ва матншунослик таълим йўналиши очилиши, Шарқ цивилизацияси ва тарихи факультетида янги “Манбашунослик ва тасаввуф герменефтикаси” кафедраси ташкил этилаётгани, “Марказий Осиё халқлари тарихи” кафедраси базасида Этнология, этнография ва антропология” магистратура мутахассислигининг очилгани ҳам бу мақсадларга эришишимизда асос бўла олади.

Қарорда илмий тадқиқотларни ривожлантириш мақсадида университет ҳузурида “Шарқ маданияти ва меросини тадқиқ этиш илмий-тадқиқот маркази”ни ҳамда “Шарқ мамлакатларининг ривожланишини тадқиқ этиш илмий-таҳлил маркази”ни очиш белгиланган. Мазкур марказлар Шарқ халқлари маданияти, шарқ тилларидаги адабий, тарихий, фалсафий манбаларни чуқур ўрганишга йўналтирилган илмий тадқиқотлар олиб бориш, юртимиз қадриятлари, миллий меросимизни дунёга тарғиб этиш, Шарқ мамлакатларининг тарихи, ривожланиш босқичи, иқтисодий-сиёсий тараққиёт хусусиятларини комплекс тадқиқ этиш, айниқса, Ўзбекистоннинг Шарқ халқлари билан ўзаро муносабатларини ривожлантиришда ўз ўрнига эга бўлади, деб ўйлайман. Бунда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан давлат илмий-техник дастурлари доирасида ажратиладиган илмий грантларга эга бўлиш учун янги илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, молиялаштиришга эришиш ва самарадор тадқиқотларни бажариш зарур бўлади.

Қарорда Фанлар академиясининг илмий тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган бир қатор вазифалар белгиланган, Жумладан, Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Маҳмуд Замахшарий ва бошқа буюк аждодларимиз томонидан яратилган Шарқ мамлакатларининг ижтимоий-сиёсий ҳаёти, тили, маданияти ва тарихига оид ёзма манбаларни ўрганиш, Университетнинг кафедралари филиалларини очиш каби масалалар ҳам бор. Айнан академиянинг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланаётган қўлёзма ва тошбосма манбаларнинг факсимиле, фото, сканер нусхалари билан бепул таъминланиши масаласига тўхталсак, бу ҳам фан ва таълим интеграциясини кучайтириш йўлидаги муҳим қадам бўлади. Дунё бўйича мамлакат ва миллат тарихини акс эттирувчи қўлёзма манбалар сақланадиган фондларда қўлёзмаларнинг нусхаларини олишнинг ўзига хос тартиблари бор. Бу фондлардаги ноёб қўлёзмаларнинг тарқалиб кетмаслиги, нотўғри ва илмий асосланмаган нашрлар пайдо бўлиши, талқин ва таҳлиллар ҳам холис бўлмаслигининг олдини олиш, умуман айтганда, бебаҳо миллий бойликни келажак авлодларга етказиш билан боғлиқ. Қарорда назарда тутилган ҳолатда эса, Университет талаба ва тадқиқотчилари томонидан Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти илмий жамоаси билан мақсадли тарзда алоҳида белгилаб олинган, ўрганилиши, илмий муомалага кириши зарур, долзарблиги юқори бўлган қўлёзмаларнинг электрон нусхалари билан ишлашни жадаллаштириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамкорликда амалга оширилади. Бу узоқ йиллардан буён жуда кам қисми ўрганилган фонддаги қўлёзмаларни ўрганиш, илмий истифода этиш кўламини кенгайтиради ҳамда талаба ёшларни бу мураккаб жараёнга олиб киришда бир муҳим жиҳат бўлади. Мазкур институт олимлари билан ҳамкорликда ташкил этиладиган ишлар доирасида қўлёзмаларни сақлаш ва реставрация қилиш лабораториясига, хаттотлик ишларини ўрганишга ҳам талабаларнинг жалб этилиши келажакда ниҳоятда қийин аммо, жуда керакли бўлган соҳани ривожлантиришда ўз самарасини беради, деб ишонаман.

Шу билан бирга, Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Тарих институти, Темурийлар тарихи давлат музейи каби муассасалар билан ҳамкорликни кенгайтириш, университетнинг манбашунослик йўналишидаги кафедра­лари филиалларининг бугунги кунда расман ташкил этилгани ҳам янги тадқиқотлар учун шароитларни кенгайтиради, албатта.

Университетда илмий салоҳиятни ошириш энг муҳим долзарб масала. Миллий меросимизни чуқур илмий тадқиқ этиш орқали мамлакатимиз тарихи ва келажагига дахлдор илмий манбаларни яратиш ва жаҳон миқёсида тарғиб этиш барча шарқшуносларнинг бугунги кундаги энг муҳим вазифаларидан бири бўлиши керак.

Гулчеҳра РИХСИЕВА,
Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …