Home / МАҚОЛАЛАР / Етимни қарамоғига олганнинг мақоми

Етимни қарамоғига олганнинг мақоми

Шукрки, юртимизда етимлар бошини силайдиган меҳрибонлик уйлари, саховатли кишилар бор. Аммо ҳар қанча яхшилик кўрмасин, сағир болаларнинг кемтик қалбини оила деган улуғ қадриятдан ўзга нарса тўлдиролмаслиги аниқ.

Халқимиз азалдан саховати билан шуҳрат қозонган. Сўнгги йилларда кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилаларга, етимлар ва меҳрибонлик уйларига ёрдам кўрсатиш анъанаси яна ҳам кенг оммалашди. Одамларнинг синиқ қалбига хурсандлик ва шодлик бахш этиш кўпаймоқда. Бу жараёнда давлат томонидан ҳам кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ёрдамга муҳтож оилаларни “Темир дафтар”дан чиқариш, уй-жой билан таъминлаш, ночор оилалар вакиллари учун иш ўринлари яратиш, вақти-вақти билан ҳолидан хабар олиб туриш қатъий одат тусини оляпти.

Ислом таълимотида ҳам муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, етимлар бошини силаш, уларга ғамхўрлик қилиш ниҳоятда ажри улуғ, савобли амаллардан саналади. “Ҳар бир мўмин кимса отаси йўқнинг отасидир”, деганларидек, етимларга ғамхўрлик қилинса, меҳр берилса, улар ҳам ватанга, жамиятга, инсонга, инсонийликка ҳурмат ва муҳаббат билан улғаяди. Шундай амаллар туфайли жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик ва бирдамлик мустаҳкамланади.

Яратган зот етимнинг молини ейиш нақадар ёмонлиги ҳақида бундай марҳамат қилади: “Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз қоринларига оловни еган бўлурлар. Ва, албатта, дўзахга киражаклар!” (Нисо сураси, 10-оят). Ҳақ таолони рози қиламан, деган ҳар бир инсон қалбида етимларга нисбатан шафқат ва меҳрибонликни шакллантириб боради. Уларга озор бериш ёки ҳақини ноҳақ ўзлаштириб олишни ўзи учун улкан гуноҳ деб билади.

Аждодларимиз етимпарварликда бошқа халқларга намуна бўлган. Ҳозирги пайтда иймонли инсон меҳрибонлик уйида вояга етаётган болаларни кўриб беихтиёр кўнгли ранжийди. Ҳурфикр инсонлар жамияти қандай бегуноҳ болаларни шундай кўйга солади?! Улар холидан хабар олишга борилса, қалбида ота-она меҳрига ташналик қанча катта эканини илғаб олиш қийин эмас. Энг ачинарлиси, улар орасида ота-онаси ҳаёт бўлатуриб ташлаб кетилганлар ҳам бор. Ҳаётда қанчадан-қанча инсон тирноққа зор. Ундайлар эса Оллоҳ таоло берган буюк неъмат бўлмиш фарзанднинг қадрига етмасдан, меҳрибонлик уйларига топширади.

Шукрки, юртимизда етимлар бошини силайдиган меҳрибонлик уйлари, саховатли кишилар бор. Аммо ҳар қанча яхшилик кўрмасин, сағир болаларнинг кемтик қалбини оила деган улуғ қадриятдан ўзга нарса тўлдиролмаслиги аниқ.

Албатта, яқин-яқингача диёримизда етимхоналар бўлмаган. Аждодларимиз бу масалага жиддий ёндашган, етимларга ўз уйидан жой берган, нонини бўлишиб еган. Муқаддас динимиз кимда-ким етимга бошпана берса, қорнини тўйдирса, бошқа жиҳатлардан ғамхўрлик қилса, улуғ ажр олишини ваъда қилади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Етимни қарамоғига олган одам мен билан жаннатда мана бундаймиз”, дедилар-да, кўрсаткич ва ўрта бармоқларига ишора қилиб, орасини сал очиб қўйдилар” (Бухорий ривояти). Етимни қарамоғига олиш дегани уни тарбиялаш, едириб-ичириш, кийинтириш, уй-жой бериш ва агар мол-мулки бўлса, уни кўпайтиришга кўмаклашишдир.

Айниқса, муқаддас Рамазон ойида етимлар ҳолидан тез-тез хабар олиб туришнинг хосияти катта. Бундай амалларда бардавом бўлиш одамийликнинг юксак намунасидир.

Машраб ХИДИРОВ,
Имом Бухорийхалқаро илмий- тадқиқот маркази
илмий ходими
Манба: yuz.uz

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …