Home / ЯНГИЛИКЛАР / Тарих саҳифаларидан жой олажак мўътабар маскан

Тарих саҳифаларидан жой олажак мўътабар маскан

Буюк аллома ва муҳаддислар юрти бўлган жаннатмакон ватанимизда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар каби диний-маърифий соҳани ривожлантириш борасида ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда. Дунё илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимиз ҳаёти ва маънавий меросини ўрганиш, ислом динининг мазмун-моҳиятини теран англаш, маърифий ислом асосида “Жаҳолатга қарши — маърифат” шиори билан ҳаракат қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу борада кейинги йилларда салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, буюк алломаларимиз номи билан Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Бухорода Мир араб олий мадрасаси, Термизда ислом таълим муассасаларининг ташкил этилиши буюк аждодлар ме­росини ўрганишда муҳим амалий қадам бўлди. Бу маърифат масканлари ва уларнинг фаолият самарадорлиги нафақат юртимиз, балки дунё экспертлари томонидан ҳам муносиб эътироф этилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йили Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини кенгайтириш зарурлигини таъкидлаб: “Бу жой Имом Бухорий бобомизнинг илмига, ислом оламидаги мақомига муносиб бўлиши керак. Мамлакатимизда зиёрат туризмининг асоси аслида шу ер. Бу масканга қанча зиёратчилар келса ҳам, қулай шароит бўлиши зарур”, — деган эди.

Ўтган вақт мобайнида мажмуанинг бутунлай янги лойиҳаси яратилди. Президентимиз ҳузурида бир неча бор тақдимот қилиниб, у кишининг кўрсатмалари асосида такомиллаштирилди. Гўзал ниятнинг натижаси ўлароқ давлатимиз раҳбари муборак Рамазон кунларидаги навбатдаги ташрифида Имом Бухорий мажмуасида янги лойиҳа асосида бунёдкорлик ишлари бошланганлигига эътибор қаратиб, “Рамазон ойи — эзгу ниятлар ижобат бўладиган муқаддас ой. Бу қурилишни шу ойда бошлаётганимиз ҳам хайрли, хосиятли бўлади, қалбимизга таскин беради. Бу соҳада қилаётган ишларимиздан мақсад — исломга эътиқодимизни, аллома боболаримизга ҳурматимизни илм билан билдириш. Аждодларимизга муносиб бўлиш биз учун жуда катта бурч”, дея таъкидлаб ўтди.

Дарҳақиқат, Рамазон ойи барака ва меҳр-саховат ойи. Бу ойда қилинган ишларнинг ажр-мукофоти бошқа ойлардан кўра кўпайтириб бери­ладиган фурсат ҳисобланади. Яхши ниятлар билан бошланган бу катта иншоот буюк муҳаддиснинг мусулмон оламида тутган ҳурмат-эътиборига хос улуғ иш бўлади. Бутун дунё аҳли Имом Бухорийнинг юрти бўлган Ўзбекистонга ошиқади, бу маконга келиб, муҳаддислар юртини зиёрат этишни доим ўзига мақсад қилади.

Халқаро конференцияларнинг бирида хорижлик олимлардан бири: “Имом Бухорий маърифати олдида бутун дунё аҳли бирга ҳаракат қилса ҳам, бу буюк муҳаддиснинг ҳадис илми борасида қилган хизматини оқлай олмайди”, деган эди. Буюк муҳаддисга берилган ушбу таърифдан унинг абадий қўним топган масканини обод этиш, мажмуанинг халқаро андозаларга мос меъморчилигини, унинг жозибадорлигини ошириб, дунё аҳлига тараннум этишда муҳим ишга қўл урилди. Бу хайрли ташаббуснинг айни улуғ кунларда бошланишида ҳам рамзий маъно бор. Зеро, кўплаб алломаларимиз асарларининг тасниф этилиши, уни охирига етказишлари Рамазон ойида амалга оширилгани ёки улар доим рўза ҳолда бўлгани таъкидланади.

Мажмуадаги янги лойиҳа бўйича қурилиш ишларининг шу муборак кунларда бошланиши ҳам улуғ аждодларимиз томонидан риоя этиб келинган қоидага мувофиқ келади. Президентимиз таъкидлаганларидек, “Рамазон ойининг олижаноб ғоялари, муқаддас амаллари ҳам ана шундай эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришда мустаҳкам замин бўлади”.

Мажмуада бошланган бу хайрли ишларнинг бардавом бўлишини сўраб нуроний оқсоқолларимиз дуо қилдилар. Президентимиз Самарқанд вилоятига ташриф буюрганининг асосий сабаби – бу маконда улуғ муҳаддис Имом Бухорийнинг хотираси борлигини қуйидагича таъкидлади: “Президент нега айнан Самарқандга келди, дерсиз. Биз шу улуғ айём кунларида Самарқанд учун режалар тузамиз. Бу ерда улуғ бобомиз Имом Бухорий хотираси бор. 600 минг ҳадисни пиёда юриб тўплаган. Унинг меросини бутун мусулмон дунёсига тараннум этсак арзийди. Бобомизга муносиб мақбаралар, масжидлар қуришни бошлаганмиз. Бу ерга келган мўмин-мусулмонларга шароит яратсак, улар ҳам буюк тарихли давлат эканимизга, шу тарихни элга, айниқса, ёшларга етказишни истаётганимизга гувоҳ бўлади. Ўзимизга ҳам бу ишларимиз инсоф, диёнат, шукроналик ҳиссиётларини беради”.

Дарҳақиқат, бу ишлар улуғвор мақсадларни кўзлаб амалга оширилмоқда. Ҳаёти давомида олти юз минг ҳадис тўплаб, умрининг қирқ йилини илм сафарида ўтказган муҳаддис ўзининг шоҳ асари “Саҳиҳ ал-Бухорий”даги биринчи ҳадисда “Албатта амаллар унинг ниятига қараб бўлади” деб таъкидлаган. Бугун давлатимиз раҳбарининг ниятлари чиройли, албатта, бу эзгу ниятларнинг натижаси ҳам бундан-да гўзал бўлади. Бу бутун юртимиз аҳлининг буюк аждодлари олдидаги ворислик бурчи ҳисобланади. Шунингдек, миллатимиз ғурур-ифтихори бўлган бу буюк муҳаддисга ҳақиқий эҳтиром намунаси бўлиб хизмат қилади. Албатта, бу мажмуанинг қурилиши дунё аҳлини ҳайратга солади, Амир Темур давридаги муҳташам бинолар каби тарихда қолади.

Шукурилло УМАРОВ,
Имом Термизий халқаро илмий – тадқиқот маркази директори
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 20 апрель, №78 (334)

Check Also

Янги лойиҳа бошланди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) …