Home / МАҚОЛАЛАР / Мовароуннаҳрда калом илмининг шаклланиши ва ривожланиши

Мовароуннаҳрда калом илмининг шаклланиши ва ривожланиши

Мовароуннаҳрга ислом дини кириб келишининг дастлабки йиллариданоқ калом илми ҳам пайдо бўлди. Ушбу илмнинг ўлкамизда пайдо бўлишига айрим сиёсий ва иқтисодий жараёнлар ҳам сабабчи бўлган. Тарихга назар ташласак, VIII аср бошларига келиб Мовароуннаҳр ва қўшни Хуросонда бошқа ҳудудларга нисбатан ислом динига кирувчиларнинг сони ортиб борар эди. 728 йил Хуросон волийси Ашрас ибн Абдуллоҳ Суламий Мовароуннаҳр аҳолисидан янги исломга кирганларни солиқ (жизя) тўлашдан озод қилиш ҳақида фармон чиқарди. Жизядан қутилиш учун кўплаб аҳоли ислом динига кира бошлади. Натижада ислом динига янги кирганлар давлат солиғидан (жизя) озод этилдилар. Исломни қабул қилган янги мусулмонлар жизя билан бир қаторда унга умуман алоқаси бўлмаган хирож солиғини ҳам тўлашдан бош торта бошладилар. Бу Хуросон ноибларининг норозилгини келтириб чиқарди. Чунки улар бундай даромаддан осонгина воз кечишни истамас эдилар. Ашрас ҳар бир мусулмондан хирож солиғини олишга буйруқ бергач, янги мусулмонлар бунга норозилик билдириб, ўз ҳуқуқларини талаб қилиб ҳатто Дамашқдаги халифага шикоят қиладилар. Ҳар икки томоннинг далиллари чин мусулмон ҳисобланиб, жизя солиғидан озод бўлиш учун қандай шартларни бажариш зарур, деган муаммога бориб тақалар эди. Бу муаммо эндиликда фақат сиёсий мазмунга эга бўлмай, балки “мўъмин” тушунчасига қандай таъриф бериш керак, деган масала билан боғлиқ эди. Чунки Хуросон ноиблари ўз моддий манфаатлари йўлида имоннинг шартларини ниҳоятда мураккаблаштириб, ҳаттоки унинг ичига Қуръоннинг энг узун сураларидан бирини ёд олишлик шартларини ҳам киргизган эдилар. Бундай вазифа араб тилини яхши билмайдиган форс ва туркларда қийинчилик уйғотар эди. Натижада имон масаласи калом илми бўйича ҳал қилиниши талаб қилинар эди. Юқоридаги вазиятлардан келиб чиқиб янги мусулмонларга муржийлар ўзларининг ақидалари билан “ёрдам” берадилар. Улар имоннинг шартларини кўриб чиқиб, имон фақат тил билан иқрор ва қалб билан тасдиқ қилишдан иборат (ал-иқрор бил лисан ват тасдиқ бил қалб), деган ақидани илгари сурдилар. Бунинг натижасида муржиийлар ўз-ўзидан янги мусулмонлар муаммоларига дахлдор бўлиб қолдилар ва жизя солиғига қарши курашаётган Мовароуннаҳр аҳолисига иттифоқдош ҳисобланиб қолдилар. Бу эса Хуросон маъмуриятининг муржийларга нисбатан кескин норозилигига сабаб бўлди. Бу воқеалар жиддий тўқнашувларга олиб келди. 728-729 йили муржийлар бошчилигида биринчи қўзғолон амалга оширилди. Орадан олти йил ўтгач, Ҳорис ибн Сурайж бошчилигида яна йирик исён бошланди. Исёнчилар узоқни кўзловчи сиёсий мақсадни кўзда тутган бўлсалар-да, ушбу исён бир томондан диний мазмунга ҳам алоқадор эди. Бунинг бошида эса, шубҳасиз муржийлар турар эдилар. Мазкур исён 746 йили батамом бостирилди. Жизя масаласи ҳам вақт ўтиши билан ўз долзарблигини йўқота бошлади. Лекин юқоридаги воқеалар натижасида муржийлар келажакда етакчи диний ҳаракат сифатида ўз мавқеларини анча мустаҳкамлаб олишга эришган эди. Аммо муржийлар ҳаракати Моваруннаҳрда узоқ муддат сақланиб қолмади. Чунки ушбу ҳудудда муржиия вакиллари мустақил фикрлаш ва чуқур билимга эга эмас эдилар. Улар бирон бир масаланинг ечимини топишда қийналиб қолсалар, Ироққа, аниқроғи муржийлар маркази ҳисобланган Куфага йўл олар эдилар. Лекин Куфада муржийларга қарши бўлган Абу Ҳанифа ўз даврининг энг ҳурматли олими ҳисобланар эди. Демак, муржиилар Куфада ўзларининг ақидавий қарашларида Абу Ҳанифадан қаршиликка учраганлар. Бундай шароит Мавароуннаҳрда нафақат калом масаласида, балки умумий диний муҳит учун ҳам иккинчи босқични белгилаб берди. Мовароуннаҳрдан Куфага сафар қилган олимлар у ерда Абу Ҳанифанинг қарашларидан таъсирланиб ўз юртларига қайтар эдилар. Натижада Мовароуннаҳрда муржийлар таълимоти аста йўқолиб, Абу Ҳанифа таъсирида шаклланган таълимот сингиб кира бошлади. IX асрга келиб эса, Мовароуннаҳрнинг Бухоро ва Самарқанд шаҳарларидаги диний муҳит бутунлай ҳанафийлашиб бўлган эди. Шу тариқа Мовароуннаҳр ва Хуросонда имон масаласи муҳим аҳамият касб этганлиги сабабли ҳанафий мазҳабига мансуб олимларнинг VIII-X асрдаги фаолиятларида калом масалалари асосий ўринни эгаллади. Бундай вазият кейинги асрларга келиб Мовароуннаҳрда хоҳ фиқҳий масалаларда, хоҳ ақидавий таълимотда Абу Ҳанифанинг йўлини тутган қатор уламоларнинг етишиб чиқишига сабаб бўлди. Демак, Мовароуннаҳрда калом илмининг шаклланишига VIII асрдаги сиёсий вазиятлар сабаб бўлган. Сиёсий вазиятлардан келиб чиқиб фаолият олиб борган муржийлар ушбу ҳудудда “имон” масаласини ҳал қилиш орқали калом илмининг дастлабки ривожланиш босқичларини белгилаб бердилар. Лекин кейинги даврларда муржийлар фаолияти умуман йўқолиб кетди. Мовароуннаҳрда кейинги асрларда калом илмининг ривожида Абу Ҳанифанинг ақидавий фикрларини маҳкам тутган ҳанафий уламолардан Аҳмад ибн Исҳоқ Абу Бакр Жузжоний (IX аср), Абу Сулаймон Мусо ибн Сулаймон Жузжоний, Абу Наср Иёдий ҳамда Абу Мансур Мотуридий (ваф. 944 й.) каби олимлар ўзларининг катта ҳиссаларини қўшдилар.

 Мовароуннаҳрда фаолият олиб борган дастлабки мутакаллимлар Абу Муқотил Самарқандий (ваф.823 й.) ва Абу Бакр Самарқандий (ваф.881 й.)дир. Абу Муқотил Самарқандий VIII-IX асрларда фаолият олиб борган мовароуннаҳрлик машҳур мутакаллим ва фақиҳ аллома ҳисобланади. У Самарқанд шаҳрида 208/823 йили таваллуд топган. Ушбу аллома ҳақида қомусий адабиётларда жуда кам маълумотлар учрайди. Унинг илмий мероси, ёзган асарлари ҳақида ҳам маълумотлар кам.

Абу Бакр Самарқандий ҳақида тарихий манбаларда олдинги мутакаллим Абу Муқотил Самарқандийга нисбатан кўпроқ маълумотлар келтирилган. IX аср охирларига келиб Мовароуннарҳда Мотуридий таълимотига рақиб бўлган карромия таълимоти ҳам кириб кела бошлаган эди. Карромийларга энг катта қаршилик кўрсатган олим Абу Бакр Самарқандий ҳисобланади. Абул Муин Насафий ўзининг “Табсират ал-адилла” асарида Мовароуннаҳрда ҳеч бир олим Абу Бакр Самарқандий каби карромийларга қарши кураш олиб бормаган, деб унинг илмий меросига юксак баҳо берган. Самарқандлик бошқа олимларга нисбатан ушбу олимнинг бизга кўплаб асарлари ҳақидаги маълумотлар етиб келган. Олимнинг каломга бағишланган рисоласи “Мақолат ал-исломийн” номли асар бўлиб, Абу Бакр Самарқандий ушбу асарида карромийларнинг нотўғри ақидаларига далиллар келтирган. Абу Бакр Самарқандий 268/881 йил ўз она юрти Самарқандда вафот этган. Унинг Мовароуннаҳрда фиқҳ, ҳадис ва калом илмлари ривожи учун қўшган ҳиссаси ниҳоятда беқиёсдир.

Абу Мансур Мотуридий номи тилга олинганда, бутун мусулмон оламида ақидавий ҳақ таълимот сифатида эътироф этилган мотуридий таълимоти кўз олдимизда намоён бўлади. Абу Мансур Мотуридийнинг келажак авлодга қолдириб кетган илмий-маънавий меросини таҳлил қилар эканмиз, у ўз асарлари орқали ўша даврда ислом эътиқодларига зид бўлган турли ақидавий адашган оқим ва тоифалардан муборак динимизни сақлаб қолганига гувоҳ бўламиз. Айниқса, Халифа Маъмун даврида гуллаб яшнаган ва ислом дини ақидаларига турли нотўғри ақидаларни сингдиришга ҳаракат қилган мўътазилийларга қарши курашда Мотуридий ўзининг бутун умрини сарф қилган. Мотуридий Самарқанднинг Мотурид қишлоғида 870 йил тўғилган ва Самарқандда 944 йил вафот этган. Мотуридий Мовароуннаҳрда Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собитнинг фиқҳий ва ақидавий қарашларини сақлаб қолишда ва кейинчалик, ушбу таълимот таъсирида ўзининг “мотуридия” деб ном олган таълимотига тамал тошини қўйиб кетган олим сифатида шуҳрат қозонган. У ўзининг бутун умри давомида ақоид илми билан машғул бўлган. Абул Муин Насафий ўзининг “Табсират ал-адилла фи усул ад-дин ала тариқат ал-Имом Абу Мансур ал-Мотуридий” асарида шайхи Абу Мансур Мотуридий ҳақида шундай дейди: “Биз юқорида зикр қилган олимларнинг барчаси бўлмаганда ҳам, Абу Мансур Мотуридий уларнинг барчасининг ўрнига кифоя қилар эди. У шундай зотки, илм уммонининг энг қарига шўнғиб, ундан дуру гавҳарларни олиб чиқди ва диний ҳужжатларни ўзининг фасоҳати, мислсиз заковати билан зийнатлади. Шунинг учун у вафот этганда, Шайх Абул Қосим Самарқандий унинг қабри устига, “Ушбу қабр илмларни нафасларигача қамраб олган, уни тарқатишда кўп захматлар чеккан, у қолдирган мерос кўп мадҳ қилинган ва ўзининг умр дарахтидан кўплаб мевалар тера олган улуғ зотнинг қабридир», деб ёзишларига буюрган эди”[1].

Мотуридия таълимоти вакилларига Мовароуннаҳрда фаолият олиб борган бир қанча олимларни мисол келтириш мумкин. Уларнинг орасида аввало Абул Муин Насафийнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Абул Муин ибн Муҳаммад Макҳулий Насафий 1024 йил Насаф воҳасида зиёлий оилада таваллуд топган. Абул Муин Насафий 1114 йил вафот этган. Аллома умри давомида ўндан ортиқ асарлар ёзиб қолдирган. Унинг асарлари орасида “Табсират ал-адилла”, “ат-Тамҳид ли қавоид ат-тавҳид” ва “Баҳр ал-калом” каби асарлари бизгача етиб келган. Абул Муин Насафий асарларининг орасида “Табсират ал-адилла” асари энг буюк ва асосий асари ҳисобланган. Асарнинг тўлиқ номи “Табсират ал-адилла фи усул ад-дин ала тариқат ал-Имом Абу Мансур ал-Мотуридий” (“Абу Мансур ал-Мотуридий тариқатига биноан дин усулларини аниқ далиллар билан шарҳлаш”) деб номланади. Насафий ушбу асарини ёзишига ўша даврда мотуридия таълимоти бўйича “Китоб ат-тавҳид”дан кейин биронта ҳам йирик асар ёзилмаганлиги сабаб бўлган. Насафий “Табсират ал-адилла” асарини ёзиб тугатгач, ушбу асарига хотима ва фиҳрист сифатида икки асари “Тамҳид” ва “Баҳр ал-калом” асарларини ёзган.

Абу Ҳафс Насафийнинг тўлиқ номи Нажмуддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил Насафий (1068-1142) бўлиб, у Имом Мотуридий мактаби вакили бўлган. Шунинг учун ҳам у “Мотуридий” нисбаси билан ҳам аталган бўлиши мумкин. Нажмуддин Насафий тилшунослик, тарих, фиқҳ каби илмларга бағишлаб 100 дан ортиқ асарлар яратган. Ҳозирги маълумотларга кўра, унинг бизгача 10 та китоби етиб келган. Унинг мотуридия калом мактабига оид “Ақоид ан-Насафий” асари катта шуҳрат қозонган. Ушбу асар мотуридия таълимотида Абул Муин Насафийнинг “Табсират ал-адилла” асаридан кейинги ўринда туради. Ҳожи Халифа ўзининг “Кашфуз зунун” китобида “Табсиратул адилла” асарини танитиш ниҳоясида: “Ким “Табсиратул адилла”га назарса солса, Умар Насафийний “Ақоид ан-Насафий” асари “Табсиратул адилла”нинг фиҳристи эканини билади”[2], дейди. Нажмуддин Насафийнинг фалсафа ва ақоидга доир кўплаб асарлари мавжуд бўлган.

Садр ал-ислом Абул Йуср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абдулкарим Паздавий 1030 йилда туғилган. Бобоси Абдулкарим ибн Мусо Мотуридийнинг шогирдларидан бири бўлиб, у Самарқанд калом мактаби билан оиласи орқали ҳам танишиш имконига эга бўлган. Паздавий ўз даврида бир қанча ҳанафий олимлардан таҳсил олган. Паздавийнинг энг машҳур шогирдларидан “Ақоид ан-Насафий” асарининг муаллифи Абу Ҳафс Нажмуддин Умар Насафий (в.1142 й.) ва Абул Муин Насафий ҳисобланган. Манбаларда қайд этилишича, у 1099 йилда Бухорода вафот этган. Паздавийнинг асарлари орасида унинг “Усул ад-дин” асари муҳим аҳамиятга эга. Мазкур асар 96 масаладан ташкил топган ва мазмун-моҳиятидан аҳли сунна ва-л-жамоа йўналиши ва мотуридия мактаби фикрларининг бутун моҳиятини очиб бериш ва Мовароуннаҳрда тарқалган “Аҳл аз-зайғ вал бидаъ” асарининг таъсирини камайтириш учун ёзилган. Паздавий Мовароуннаҳрда, айниқса Бухорода ҳанафий мазҳаби ҳамда мотуридия калом мактабининг ривожланишида улкан хизмат кўрсатган олим ҳисобланади.

Алоуддин Самарқандий Абул Муин Насафийдан фиқҳ ва калом илмларини ўрганган ва мотуридия калом мактабини қўллаб-қувватлаган. Алоуддин Самарқандий Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилот аҳли сунна” номли тафсирига “Шарҳ таъвилоти аҳли сунна” номи билан шарҳ ёзган. Алломанинг ушбу шарҳни ёзишида Абул Муин ан-Насафийнинг хизмати ниҳоятда катта бўлган. Чунки Алоуддин Самарқандининг ўзи Насафий билан Мотуридийнинг “Таъвилот” асарини бирга мутолаа қилганини ва Насафий жоиз, деб топган жойларга шарҳ ёзиб илова қилиб борганлиги ва кейинчалик ушбу шарҳларни алоҳида китоб ҳолига келтиргани ҳақида таъкидлаган. Шунингдек, Алоуддин Самарқандий Абул Йуср Паздавийдан ҳам илм ўрганган.

Иброҳим ибн Исҳоқ Саффор Бухорий (ваф. 1139 й.) Абул Муин Насафийдан Бухорода калом илмидан таълим олган. Дастлаб у ўзининг “Рисола фиҳа масоил суила анҳа аш-Шайх ас-Саффор фа ажаба анха” номли рисоласини ёзган. Ушбу рисолада Абу Мансур Мотуридийнинг фикрларини баён қилган. Олим бухороликлар учун калом илми бўйича “Китоб талхис ал-адилла ли қавоид ат-тавҳид” номли ўқув қўлланмасини яратади. Иброҳим Саффорнинг Бухорода мотуридия калом мактабининг тарқалишида хизматлари ниҳоятда катта бўлган.

Нуруддин Аҳмад ибн Маҳмуд ибн Абу Бакр Собуний (ваф.1184 й.) ҳам Саффор билан Бухорода мотуридия калом мактабининг тарқалишида жонбозлик кўрсатган олимдир. У Абул Муин Насафийни ўзининг устози деб ҳисоблаган ва ундан калом илмини ўрганган. Олим дастлаб “ал-Бидоя фи усул ад-дин” номли ўқув қўлланмасини яратган. Ушбу қўлланма Истанбулда Б. Топалўғли томонидан 1978 йил биринчи маротаба нашр эттирилган. Шундан сўнг бу асар муҳимлиги учун яна етти маротаба нашр этилди.

Абул Фатҳ Алоуддин Муҳаммад ибн Абдулҳамид ибн Умар ибн Ҳасан ибн Ҳусайн Самарқандий Усмандий 1095 йили Самарқанд атрофидаги Усманд шаҳрида тўғилган. Усмандий Абул Муин Насафий билан учрашгани ҳақида маълумотлар келмасада, калом илмига оид асарларини ёзишда асосан Насафийнинг илмий меросидан таъсирланган. У Абул Муин Насафий асарларини замондоши Алоуддин Самарқандийдан ўрганган. Усмандийнинг калом илмига оид биргина асари ҳақида маълумотлар бор. Баъзи манбаларда унинг номи “Лубаб ал-калом” деб аталган бўлса, баъзи манбаларда унинг номи “ал-Ҳидоя фи усул ал-эътиқод” ёки “ал-Ҳидоя вал калом” деб келтирилган. Ушбу асар усул ад-дин мавзуларини янги ўрганаётганларга йўлланма бериш учун ёзилган. Ҳанафий фақиҳлари орасида ўзига хос обрўга эга бўлган ушбу аллома XII асрда Мовароуннаҳрда калом илми ривожига салмоқли ҳисса қўшган. Усмандий 1157 йил 64 ёшида Бухорода вафот этган.

Саъдуддин Масъуд ибн Умар Тафтазоний (ҳиж. 712-793/мил.1322-1390) раҳимаҳуллоҳ ўз даврининг энг машҳур алломаларидан бири, Самарқандда илмий фаолият олиб борган улуғ олим ҳисобланади. Аллома Саъдуддин Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Шарҳ ал-Мақосид” номли асарларида аҳли суннат ва жамоат ақидасини тўла ёритиб берган. Аллома Саъдуддин Тафтазоний раҳимаҳуллоҳнинг “Шарҳ ал-ақоид ан-Насафий” асари Нажмуддин Абу Ҳафс ибн Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг “ал-ақоид” матнига ёзган шарҳидир. “Ал-ақоид” китобига кўп уломолар томонидан шарҳлар ёзилган, лекин Тафтазонийнинг шарҳи улар ичидаги шуҳратлиси ва уломолар томонидан қабул қилиниш, муҳимлик, кераклиги жиҳатидан катта аҳамиятга эга бўлган. Асар бир қанча шаръий илм даргоҳларида дарслик сифатида ўқитилган. Тафтазоний китобни 768/1367 йилнинг шаъбон ойи Хоразмда ёзиб тугатган [3].

Юқорида зикр қилинган уламолар Мовароуннаҳрда калом илмининг ривожланишига катта ҳисса қўшганлар. Бугунги кунда ҳам дунё илм-фан ривожига катта ҳисса қўшган алломаларимизнинг илмий меросини ўрганиш ва ҳаётга тадбиқ қилиш муҳим вазифамиз ҳисобланади. 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
каломшунослик шўъбаси илмий ходими
Шоназаров Абдувоси

 

[1] Абул Муин ан-Насафий. Тасбират ал-адилла фи усул ад-дин: II жилдли. К. Салома нашри. Дамашқ: 1990-1993. – Б. 1011.

[2] Ҳожи Халифа. Кашфуз зунун ъан асомил кутуб вал фунун. Биринчи жуз. Байрут: Иҳёъут туросил арабий. – Б. 337.

[3] Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳ ақоид ан-Насафий. Лакнав: 1322/1904. – Б. 128.

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …