Home / ЯНГИЛИКЛАР / ИЛМ-ФАН – УЧИНЧИ РЕНЕССАНС ПОЙДЕВОРИ

ИЛМ-ФАН – УЧИНЧИ РЕНЕССАНС ПОЙДЕВОРИ

Президент Шавкат Мирзиёев 29 январь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази курилиши жараёнини кўздан кечирар экан, мазкур муассаса олдига кўйилган вазифалар ҳакида сўз юритиб, у илм-фан тараққиёти тарихини ифода этиши, аникроғи, мамлакатимизда рўй берадиган учинчи Ренессансга илмий фундамент яратиши лозимлигини таъкидлади.

Ҳеч шубҳа йўкқи, ислом дини Маккаи мукаррамада “туғилган”, Мадинаи мунаввара унинг бешиги вазифасини ўтаган бўлса, кўҳна Мовароуннаҳр мукаддас динимиз таълимотини илмий кувватлантирган заминдир. Саҳобаи киромлар ва тобеинларни ҳисобга олмаганда, ислом илмларининг аксарият уламо-устунлари бизнинг заминимиздан етишиб чиққан.

Айтадиларки, Имом Бухорийдек ёки Имом Мотуридийдек алломалар ҳаётга бир марта келади. Мовароуннаҳр замини дунёга ҳали-ҳамон юксак ақл-заковат ва чуқур тафаккур эгаларини тақдим этишга қодир. Имом Бухорийнинг қувваи ҳофизаси ёҳуд Имом Мотуридийнинг мантиқий фалсафаси сингари сифатларга эга юртдошларимиз бугун ҳам мавжуд эканига барчамиз катъий ишонамиз.

Таъкидланганидек, исломнинг йирик уламолари айнан Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан. Олти буюк муҳаддиснинг тўрт нафари ватандошимиздир. Бинобарин, мана шундай улуғ аждодлари бўлган халқ бугун ҳеч бир муболағасиз учинчи Ренессансни яратишга ҳакли. Нафақат ҳақли, балки бундай буюк мақсадни белгилаш учун ота-боболар хотираси олдида бурчлидир.

Президентимиз ташаббуси билан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий илмий-тадқиқот марказлари, халқаро ислом академияси, Ҳадис илми мактаби очилгани бу йўлдаги ғоят муҳим қадамлар бўлди. Пойтахтимизда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қад ростлаётгани эса бу борадаги ишларни янги даражага кўтарди. Яъни янги Ўзбекистон учинчи Ренессанс учун илмий-маънавий пойдеворни мукаммал асосда, комплекс тарзда мустаҳкамлади, дейиш учун бугун барча асослар мавжуд. Бу муассасаларнинг ҳаммаси ва ҳар бири белгиланган эзгу мақсад йўлида бор илмий салоҳиятини сафарбар этиб, жўшқин фаолиятга киришиб кетди.

Марказ томонидан шу чоққача 7 та халқаро конференция ва 14 та онлайн семинар ташкил этилди. Марказнинг илмий ходимлари юртимизда ва хорижда бўлаётган илмий анжуманларда фаол иштирок этиб, форум қатнашчилари билан алоҳида тадбирлар ўтказишни анъанага ай­лантирмоқда Жумладан, Буюк Британияда ўтган халкаро ижтимоий фанлар фестивали доирасида Лестер университети билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг маданий ва тарихий меросини тарғиб килиш, ислом динининг инсонпарварлик тамойилларини очиб бериш мақсадида “Саҳиҳул Бухорий” асари асосида “Бухорий: ислом санъати” халқаро он­лайн кўргазмаси ташкил килинди.

Бундай саъй-ҳаракатлар хорижда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятига қизиқишни орттирмоқда. Масалан, Туркиянинг Мармара университети билан ўтказилган “Саҳиҳул Бухорий”нинг Туркия фондларида сақланаётган нусхалари ва бухорийхонлик” мавзуидаги семинар Мисрдаги “Ал-хабар ал-явм” ахборот сайтида “Имом Бухорий таваллуди муносабати билан Ўзбекистонда онлайн-семинар бўлиб ўтди” сарлавҳаси остида ёритилди.

Аллома аждодларимиз барча фойдали — диний ва дунёвий илмлар равнақига беқиёс ҳисса кўшгани жаҳонда эътироф этилган. Бугунги илм-фанда “Ал” билан бошланувчи атама борки, барчаси араб тилига ишора қилади. Уларни яратганларнинг аксарияти эса Мовароуннаҳрда таваллуд топган. Биргина “алгеб­ра” ва “алгоритм” сўзларининг ўзи кўп нарсадан дарак беради.

Инсоният тарихидаги илк илм-фан марказларидан бири — Маъмун академияси ҳам ўзининг шон-шавкати, юксак илмий салоҳияти учун Хоразмий, Беруний, Ибн Сино каби алломаларимиз олдида қарздор. Мирзо Улуғбек тадқиқотларидан фойдаланаётган илми нужум аҳли ҳам ҳали-ҳануз мана шу бобомиз олдидаги қарзини уза олгани йўк.

Буларнинг барчаси бугунги авлодга фахр ва ғурур бағишлайди. Тўғри, биз бунга ҳаклимиз. Лекин Президентимиз айтганидек, факат фахр ва ғурур билан чекланиб қолмаслик керак. Аждодларнинг бой меросини чуқур ўрганиш, кенг тарғиб қилиш, энг муҳими, уларга ҳар томонлама муносиб бўлиш лозим. Муносиб бўлиш масъулияти кенг қамровли вазифа ва бурчларни келтириб чиқаради. Яъни ўрганиш ва тарғиб этиш баробарида янги илмий кашфиётлар қилиш, илм-фаннинг мутлақо янги довонларини забт этиш, жаҳонда улуғ аждодларимиз каби буюк иқтидор ва истеъдод орқали ном қозониш зарур.

Давлатимиз раҳбари учинчи Ренессанснинг пойдевори илм-фан бўлишини таъкидлаганида айнан мана шундай улуғ мақсадларни назарда тутганини бугун ҳар бир юртдошимиз калбан ҳис килиши, ўзига шунга мос вазифа, мажбурият ва масъулиятни белгилаб олиши лозим.

Шовосил ЗИЁДОВ,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори.
Манба: “Халқ сўзи” газетаси
2021 йил 3 февраль, № 24 (7804)

Check Also

«ЎРТА ОСИЁ ҚЎЛЁЗМАЛАРИ КОДИКОЛОГИЯСИ ЭЛEМEНТЛАРИ»

1-2 май, 2024 йил соат 10:00 да Ўтказиш жойи: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро …