Home / МАҚОЛАЛАР / МАЪНАВИЯТ МАСАЛАЛАРИ ВА ИСЛОМ

МАЪНАВИЯТ МАСАЛАЛАРИ ВА ИСЛОМ

Ислом дини эътиқод ва маънавият масалалари чамбарчас боғланиб кетган дин бўлиб, унда маънавият имоннинг таркибий қисми саналади. Шунинг учун ҳам имон-эътиқод масаласи тўғридан-тўғри маънавий ҳаёт масалалари билан айрилмаган тарзда олиб қаралади.

Ислом дини маънавиятнинг айни замонда маданиятнинг ҳам муҳим ва мукаммал бир қатлами ҳисобланади. У ўзининг улуғвор маънавий-руҳий мероси орқали халқнинг ижтимоий онги билан бевосита боғланиб кетган. Ислом ўзига хос такрорланмас “ҳаёт фани” бўлиб, одамлар ўртасидаги анъана ва муносабатларни, урф-одат ва байрамларни, турли маросим тартибларини, шунингдек, ҳаёт тарзини асословчи зарурий ижтимоий фаолиятдир.

Маънавият эса ислом динининг биринчи асоси ҳисобланади, нега деганда, у нафақат ғоявий маслак ёки дунёқарашга доир ишонч ва англовлар, балки кундалик ҳаётда қўлланиладиган ахлоқий сифатларга хос бўлган мўлжаллар, қадрият ва эътиқод тарзи ҳамдир.

Узоқ муддатли тарихий давр мобайнида ислом дини Марказий Осиё халқлари миллий ва маънавий қадриятларининг шаклланишида жуда катта аҳамият касб этди. Хусусан, ўзбек миллати этник маданиятининг ташкил топиши, турмушидаги ҳаётий тажрибаларининг қиёфаланиши Осиё ва Марказий Осиё халқлари тарихининг улкан ижтимоий-маънавий мерослари заминида, жумладан ислом дини таъсирида ҳам кечди.

Дин чиндан ҳам инсоний борлиқнинг бир-бирига боғланувчи муҳим ўринларини, масалан: туғилиш, никоҳ, дафн маросимлари кабиларни маълум илоҳий жиҳатларга боғлади. Бу ўринда албатта, ислом динининг тенгсиз ҳужжати, биринчи манбаи бўлмиш – Қуръони каримнинг ўрни ниҳоятда беқиёсдир. Ислом динининг далолатича, дунёда ҳеч бир нарса, на эзгулик ва на зулм Яратганнинг иродасидан ташқарида эмас. Агар ким бу эътиқоддан чекилса, демак беихтиёр ягона Аллоҳга бўлган имондан четга чиқиб қолади. Эзгулик ва шафқатлилик Яратгувчига хос, бу сифатлар унинг тамомий асл, яъни бошланғич сифатларидан ҳисобланади.

Бу диннинг туб моҳиятини тасаввур этар эканмиз, воқеан жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) ўз ҳаётининг энг буюк мақсади ва ўз зиммасидаги энг буюк бурчини аниқ қилиб шундай қайд этганига дуч келамиз: [1] وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ (таржимаси: Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!) Имом Бухорий ривоят қилган машҳур ҳадислардан бирида эса Расул (а.с.) нинг ўзлари: “Мен макорими ахлоқни ( إِنَّمَا بُعِثْتُ لِأُتمِّمَ مَكَارِمَ الْأَخْلَاقِ ) такомиллаштириш учун юборилганман”, – деганлар.[2]

Ер юзида ислом динининг тарқалиши одатдаги ахлоқ нормалари тушунчасидаги маълум ўзгаришлар билан бир қаторда кечганлиги маълум. Чунончи, патриархал оила, уруғ ва қабила тушунчаси тобора заифлашиб бориб, унинг ўрнига индивидуал оила тушунчаси кучайиб борган. Анъанавий ижтимоий-ахлоқий алоқалар ўзгаришларга юз тутиб, одамлараро муносабатларда янги алоқаларнинг тикланишига нисбатан янги талаб пайдо бўлган.

Ислом дини тарқалмасидан олдинги даврда мавжуд бўлган ва улуғ ҳикмат ва ғурур саналган ўз уруғи ва қабиласига нисбатан содиқлик ва садоқат туйғуларини янги дин – ислом дини келиб, бу сифатларнинг мазмуни ва кўламини бутун бир уммат, яъни “ислом уммати” тушунчаси билан мислсиз тарзда янада чуқурлаштириб ва кенгайтириб юборган. “Ислом уммати”нинг пайдо бўлиши қабила ва халқлар тарихида ягона конфессионал бирликнинг барпо бўлишига, яъни кўплаб этносларнинг сиёсий ва ижтимоий синтезига олиб келди.

Уруғ, қабила, халқ ва миллат тушунчаларидан ўз сифати ва моҳияти билан жуғрофий жиҳатдан жуда кенг ва улуғроқ бўлган ягона уммат тушунчаси ва шу тушунчанинг самараси ўлароқ пайдо бўлган воқелик, яъни мусулмончилик, ўз маънавий сифати ҳамда маданий даражаси билан юқори рутбаларни эгаллаб олди. Жамиятда унинг туб асоси – ислом дини анъаналари ва принципларига мос тарзда – исломий ақида, дин ва шариат, тавҳид устига қурилган эди. Энди ҳар бир алоҳида одамнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари унинг қайси уруғ ёки қабилага мансублиги билан эмас, балки ягона бир умматга, яъни “уммати Муҳаммадга” дахлдорлиги билан, ягона эътиқодга мансублиги билан аниқланадиган бўлди. Баайни ягона уруғ, қабила ёки халқ тушунчасидан каттароқ бўлган “ислом уммати” тушунчаси, ислом динининг кенг тарқалиши ва ғалабасига асос бўлди. Худди шу тушунча инсоннинг жамоадан ажралиб туришига ва ўз индивидуаллигини англашига сабаб бўлди. Бундай хулоса Қуръони каримнинг “Нажм” сурасидаги 39 оят билан ҳам мустаҳкамланиши мумкин. وَأَنْ لَيْسَ لِلْإِنْسَانِ إِلَّا مَا سَعَى (таржимаси: Инсонга фақат ўзи қилган ҳаракатигина (мансуб) бўлур.)[3]

Маълумки, ислом динида эътиқод қуйидаги жиҳатларга асосланади, жумладан: киши ўз эътиқодини ич-ичидан қалби билан тасдиқ этиши, унга тили билан иқрор бўлиши ва эзгу амалларни бажариши. Эътиқоднинг эҳсон билан боғланган бўлишлиги эса, бу диннинг ички табиий талаби саналади. Фақат шундай кишиларгина танланганлар сирасидан ҳисобланади. Бошқачароқ қилиб айтганда эса, эътиқод амалсиз бўлмайди, фақат эътиқод ва эзгу амаллар бирлашгандагина у ўзида маънавий қимматни жамлай олади ва том маънода исломга хос бўлган муҳим имон-этиқод тамойилларига жавоб беришга қодир бўлади. Айни пайтда барча эзгу амаллар кишининг ягона Яратгувчига бўлган эътиқодидан, унга муножотидан ва Яратгувчининг шафқатига бўлган умидворлигидан келиб чиқади.

Исломий тамойиллар ва анъаналар мустаҳкам бўлган жамиятда ислом дини кишининг хулқи ва ҳаракатидаги, демакки бутун маънавиятидаги маълум амалиётларни, жумладан, сўз ва иш бирлигини инкор этмайди.

Чинакам маънавиятли мусулмон худди Қуръони каримнинг “Мўъминун” сурасида (3-оят) таъкидлангани каби бўлишлиги лозим, яъни: (وَالَّذِينَ هُمْ عَنِ اللَّغْوِ مُعْرِضُونَ); ( таржимаси: Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар[4].

Жамият ва ижтимоий ҳаётдаги бутун бир тараққиётни биз ҳамиша тинчлик билан боғлаб келамиз. Қай ердаки домий тинчлик таъминланган бўлса, худди шу ерда ривожланиш бор, ижтимоий аҳиллик бор, яъни маданият, маънавият бор. Аслида ижтимоий ва маънавий онги баркамол бўлган жамиятгина тинчлик ва адолатни таъминлашга, ҳудудлар ва халқлар ўртасидаги доимий мувозанатни тиклаш ва қарор топтиришга ҳамда унинг тараққиётига сабабчидир. Ҳақиқатда бутун халқ ва миллатнинг тинчлик, тараққиёт ва куч-қудратга эришиш, фаровонлик ва саодатга етиш йўли бутун бир миллатнинг, ҳар бир одамнинг тарбияси, яъни хулқи, иродаси, маънавияти орқали ўтади. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, шахснинг жамиятдаги ўрни ҳам ва бевосита шахснинг жамиятни бошқарувидаги таъсири ҳам ҳеч шак-шубҳасиз маданият ва маънавият масалалари билан боғлиқ.

  Ислом ҳар қандай низони инкор этади. Ҳар бир мусулмон учун энг муносиб бўлган сифат, ўз қаҳру ғазабини тийиш ҳисобланади. Жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) шундай деганлар: “агар ғазаб сенинг юрагинга яқинлашса, сен ўтириб олгин, агар сен ўтирган ҳолингда ҳам ғазабинг келса, сен ётиб ол, агар у ҳолда ҳам сен тинчлана олмасанг, сен совуқ сув билан таҳорат ол ва Яратганга илтижо қил, токи ғазаб сенинг юрагинга ўрнашиб олмасин”. Агар бирор-бир ҳолатда қандайдир бир низо келиб чиқса, ислом дини томонларни музокара сари чорлайди. Худди шу чорлов Қуръони каримдаги “Нисо” сурасининг 59 оятида ўз аксини топган.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ فَإِنْ تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللَّهِ وَالرَّسُولِ إِنْ كُنْتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآَخِرِ ذَلِكَ خَيْرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلًا

(таржимаси: Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз! Борди-ю, бирор нарсада (дин ишида) келиша олмай қолсангиз – Аллоҳга ва охират кунига ишонадиган бўлсангиз – уни Аллоҳга ва Пайғамбарига ҳавола қилингиз. Мана шу яхшироқ ва ечими чиройлироқ (иш)дир).[5]

  Кичик бир оила ва жамоадаги хусусий мувозанат ҳам, бутун бир жамиятдаги ижтимоий мувозанат ва баркамоллик ҳам чинакам инсоний маънавият ва маданиятнинг энг юқори чўққисидир десак тўғри айтган бўламиз. Дарҳақиқат, маънавиятсиз маданият ҳам, тараққиёт ҳам бўлмайди.

[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири.(Абдулазиз Мансур),Тошкент-2004.“Қалам” сураси, 4-оят, 564-бет.
[2] Ўша манба, ўша ўрин.
[3] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири.(Абдулазиз Мансур),Тошкент-2004.“Нажм” сураси, 39-оят, 527-бет.
[4] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири.(Абдулазиз Мансур),Тошкент-2004.“Мўъминун” сураси, 3-оят, 342-бет.
[5] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири.(Абдулазиз Мансур),Тошкент-2004.“Нисо” сураси, 59-оят, 87-бет.
Нуриддин ЮСУПОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …