Home / МАҚОЛАЛАР / ДУО ОДОБЛАРИ

ДУО ОДОБЛАРИ

Дуо ибодатдир. Дуода банда ўзининг хорлигини, Аллоҳга доим муҳтожлигини изҳор қилади, ўзига лозим деб билган нарсаларини сўрайди. Аллоҳ бандаларининг дуо қилишларини яхши кўради. Ҳар бир ибодатда унинг шартлари, талаблари ва одоблари бўлгани каби, дуонинг ҳам риоя қилинадиган жиҳатлари бор. Дуонинг одоблари ва қабул бўлишига сабаб бўладиган нарсалар – ихлос, маълум вақтлар, жойлар, сўзлар ва ҳолатларнинг қаторига васила қилишни ҳам қўшишимиз мумкин.

Васила – Аллоҳ розилигига яқинлаштирувчи йўллардан биридир.

Аллоҳ таоло: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга васила ахтарингиз”,[1] деган.

Васила қилишнинг бир қанча тури ва кўринишлари бор.

  1. Васила қилиш борасида энг афзали ва яхшиси Аллоҳнинг гўзал исмлари ва олий сифатларини васила қилиб сўрашдир.

Аллоҳ таоло: “Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас Унга ўша (исм)лар билан дуо қилинг”,[2] деган.

Бунда, дуо қилгувчи Аллоҳнинг гўзал исмларидан сўралаётган нарсага мосини дуо аввалида келтиради. “Эй Раҳим, менга раҳм қил”, “Эй Ғофур, гуноҳларимни кечир”, каби.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуода “Я залжалоли вал икром”ни лозим тутинг (доим айтинг)”[3] деб марҳамат қилганлар.

  1. Дуо қилувчининг ўзи қилган яхши амалини васила қилиши. Бунда, “Аллоҳим, Сенга бўлган иймоним сабаб мени мағфират қилгин” дейиши мумкин. Яна, сўровчи ўзи аввалда ихлос билан, Аллоҳнинг розилиги учун, Унга итоат билан қилган солиҳ амалини, дуоси қабул ва ижобат бўлишини умид қилиб Аллоҳга васила қилиб сўрайди. Бунга далиллар жуда кўп.

Аллоҳ тақво қилганлар сифатини баён қилганда: “Улар: “Раббимиз, албатта биз иймон келтирдик, бизнинг гуноҳларимизни мағфират қилгин ва дўзах азобидан сақлагин”, дейдиганлардир”[4] деган.

Ғор соҳиблари қиссасини ҳам келтиришимиз мумкин.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нафар киши йўлда кетаётган эканлар, ёмғирда қолибдилар. Тоғдаги ғорга кириб олибдилар. Бас, (уларнинг ғорига) тоғдан бир харсанг тушиб, чиқар йўлларини тўсиб қолибди. Улар бир-бирларига: “Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларингизга бир назар солиб, уларни васила қилиб Аллоҳга дуо қилинглар, шоядки, сизларга кушойиш берса”, дебдилар.

Улардан бири: “Эй бор Худоё! Албатта, менинг қари ота-онам бор эдилар. Менинг кичик ёшдаги болаларим ҳам бор эди. Уларнинг барчасининг риоясини қилардим. Уларнинг олдига қайтиб келсам сут соғиб, болаларимдан олдин ота-онамга ичирар эдим. Бир куни кеч қолиб, кечасигача кела олмадим. Келиб, икковларини ухлаб қолганларини кўрдим. Одатдагидек, сут соғдим ва ота-онам икковларининг бош тарафларида уйғотиб юбормай, деб кутиб турдим. Болаларга ичиришни ҳам эп кўрмадим. Болалар очликдан оёғим остида қичқиришар эди. Тонг отгунча шу ҳолда турдим. Агар Сен шу ишни Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга бир тирқиш очгин, осмонни кўрайлик”, деди. Бас, Аллоҳ тирқиш очди. Ундан осмонни кўрдилар.

Бошқаси эса: “Эй бор Худоё! Мен амакимнинг қизига эркаклар аёлларга энг ашаддий муҳаббат қўйишларидек муҳаббат қўйган эдим. Бас, ундан талаб қилдим. У (қиз) бош тортди. У ўзига юз динор беришимни сўради. Мен пулни жамлаб келиб, уни ушлаб, икки оёғи орасига тушдим. Шунда қиз: “Эй Аллоҳнинг бандаси! Аллоҳдан қўрқ! Узукни ҳаққини бермасдан очма!” деди. Мен ўрнимдан турдим. Агар шу ишни Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга яна ҳам каттароқ тирқиш оч”, деди. Бас, яна тирқиш очди.

Учинчи киши: “Эй бор Худоё! Мен бир фарақ гуручга мардикор ёллаган эдим. У ишни бажариб бўлганидан сўнг: “Ҳаққимни бер”, деди. Мен унга ҳаққини кўрсатдим. У олишга рағбат қилмади. Мен ўша гуруч (шоли)ни экишда давом этавердим. Ундан бир қанча сигир ва молбоқарлар орттирдим. У қайтиб келиб: “Аллоҳдан қўрқ!” деди. Мен унга: “Анави сигирлар молбоқарлари билан сеники, олавер”, дедим. У: “Аллоҳдан қўрқ! Мени истеҳзо қилма!” деди. “Сени истеҳзо қилаётганим йўқ, олавер”, дедим. У олди. Агар мен шу ишни Сенинг розилингни тилаб қилганимни билсанг, қолган қисмини ҳам очиб юбор”, деди. Бас, Аллоҳ очиб юборди”, дедилар”.

Бошқа бир ривоятда: “Чиқиб, юриб кетдилар”, дейилган.[5]

  1. Солиҳ кишининг олдига бориб ўзи учун дуо сўраш ва у киши келган одам ҳаққига дуо қилиб бериши.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жума куни хутба қилаётганда бир аъробий келиб, ўзига етган қийинчиликдан шикоят қилди. У зот унинг ҳақига дуо қилди ва минбаридан тушмасдан ёмғирни кўрдим, соқолидан томчилаб турган эди”.[6]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан онасининг Исломга ҳидояти учун дуо қилишларини сўраганда, у зот дуо қилиб Аллоҳ уни ҳидоятга бошлаганини ҳам келтиришимиз мумкин.

Тавассул – васила қилишнинг яна баъзи кўринишлари:

  • Дуо қилувчи ўз ҳолини, ожизлиги ва заифлигини, талабига етиш қудрати йўқлигини васила қилиб сўраш.

Мусо алайҳиссаломнинг дуоси: “Эй Раббим, албатта, менга туширажагинг ҳар бир яхшиликка муҳтожман”.[7]

Закариё алайҳиссаломнинг дуоси: “У: “Эй Раббим, менинг суякларим мўртлашди, бошга оқ туташди…” деди”.[8]

  • Аллоҳ таолонинг унга берган неъматларини зикр қилиб васила қилиш.

Юсуф алайҳиссаломнинг дуоси: “Эй, Раббим, ҳақиқатан, менга мулк бердинг ва менга тушларнинг таъбирини ўргатдинг. Эй осмонлару ерни яратган Зот! Сен дунёю охиратда менинг валийимсан. Мени мусулмон ҳолимда вафот эттиргин ва солиҳларга қўшгин”.[9]

Демакки, Пайғамбар алайҳимуссаломлар дуода Раббининг ёрдамига муҳтожлигини изҳор қилган, саҳобалар Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан дуо сўраганлар, ҳадисда келгани каби солиҳ амалларни васила қилиб дуо қилганларнинг дуоси ижобат бўлган экан, биз ҳам Аллоҳдан чин ихлос билан, дуонинг одоблари ва шартларини юзага чиқариб сўрайлик, дуоларимизнинг ижобат бўлишига ишониб дуо қилайлик, албатта дуоларимиз қабул бўлади.

Б. Мирзаев
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходими
[1] Моида сураси, 35-оят.
[2] Аъроф сураси, 180-оят.
[3] Термизий ва Аҳмад ривояти.
[4] Оли Имрон сураси, 16-оят.
[5] Бухорий, Муслим ва Насоий ривояти.
[6] Бухорий ривояти.
[7] Қасас сураси, 24-оят
[8] Марям сураси, 4-оят
[9] Юсуф сураси, 101-оят

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …