Home / МАҚОЛАЛАР / ФИРҚАЛАНИШНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ

ФИРҚАЛАНИШНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ

Аллоҳ таоло ер юзида турли миллат ва элатларни яратди. Шунинг учун ҳам ислом дини инсонларни ўзаро яхши муносабатда бўлиб кун кечиришга, бир-бирларини яхшиликка бошлаб, ёмон ишларни қилишдан қайтаришга ундайди. Аллоҳ таолонинг инсонларни кўплашиб, жамоа-жамоа бўлган ҳолда яшашга мос қилиши, уларнинг бир-бирлари билан танишиши, хайрли ва эзгу ишларда ҳамкорлик қилишлари учундир. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримда марҳамат қилади: Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир[1].

Мазкур ояти каримада бутун башариятни бир ота ва бир онадан яратилгани, турли миллат ва элатларга бўлингани илоҳий ҳикмат асосида жорий қилинганига ишора қилинмоқда. Демак, улар бир-бирлари билан танишиб, маърифат ҳосил қилишлари керак. Аксинча, Қуръон каримда шундай дейилган: Агар Роббингиз хоҳлаганида эди, (барча) одамларни бир уммат (бир дин) қилган бўлур эди[2].

Чунки инсон табиатидан маълум нарса шуки, инсоният бир хилликдан зерикади, малолланади. Бундан келиб чиқадики, инсониятнинг ҳар хиллиги уларнинг бир хиллигига хизмат қилади.

Дарҳақиқат турли хил фирқага бўлиниш, жуда кўп салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Жумладан фирқаларга бўлиниш ўз навбатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган қабиҳ ишлардар бири саналади. Бу тўғрисида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай: “Фирқаланишдан эҳтиёт бўлинглар!”[3], дедилар.

Бинобарин, фирқаланиш кулфат келтириши турган гап. Аммо шу пайтгача бирор кишига фойда келтирган эмас. Унинг ортидан фақат азоб келган.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жамоат раҳмат, фирқаланиш эса азобдир”[4], деганлар.

Ушбу ўринда шуни айтиб ўтиш лозимки айнан тафриқага бўлиниш сабабидан инсонлар устига келган қанчадан-қанча бало-офатлар, азобу мусибатлар, турли хил кулфатлар келганлиги тарихий манбаларда ўз аксини топганлиги бутун дунё ҳамжамиятига маълум.

Аллоҳ таоло тафриқа қилувчига ёлғончи номини берган! Бу борада Аллоҳ Қуръони каримда марҳамат қилади: “Яна шундайлар ҳам борки, улар (мўминлар)га зарар етказиш, куфр, мўминлар орасига тафриқа солиш ва олдин Аллоҳ ва (Унинг) Расулига қарши урушган (бир) кишига кўз тутиш учун масжид қуриб олдилар. Яна: “Фақат (бундан) яхшиликни истаган эдик”, – деб қасам ҳам ичарлар. Аллоҳ гувоҳлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир[5].

Юқоридаги оятда ёлғончи кимсаларнинг сифатлари, қилган ёмон ишлари баён этилмоқда. Шунингдек, уларнинг асосий мақсадлари, мўмин мусулмонларга зиён келтиришдан ўзга нарса эмас.

Тафриқачиларнинг ишлари Аллоҳга ҳавола қилинади! Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: Динларини (фирқаларга) бўлиб, (турли) гуруҳларга айланганлар (учун) бирор нарсада (Сиз масъул) эмассиз. Уларнинг иши Аллоҳга (ҳавола). Сўнгра (У) уларни қилиб юрган амалларидан огоҳ қилур[6].

Имом Бағавий раҳматуллоҳи алайҳ фирқа-фирқага бўлинувчилар тўғрисида фикр ва мулоҳазаларини билдириб шундай деди: Улар (тафриқа қилувчилар) бидъат ва ҳаво эгаларидир[7].

Бинобарин, Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ эса: “Фирқаланиш бидъатчиларнинг энг ёмон сифатларидан биридир”[8], дедилар.

Эътиқоди мустаҳкаб бўлган инсон ҳеч қачон тафриқа қилмайди ва тарафкашликдан ўзини эҳтиёт қилади. Чунки тарафкашликни асосан, эътиқоди суст ва бузуқ бўлган инсонгина қилиши муқаррардир.

Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг машҳур “Ақидатут Таҳовия” асарида шундай: “Биз аҳли сунна вал жамоага эргашамиз. Аммо ажралиш, ихтилофга бориш ва фирқаланишдан тийиламиз” дедилар.

Шунингдек, Имом Таҳовиий ўз асарида: “Биз аҳли сунна вал жамоани ҳақ ва тўғри деб, биламиз. Аммо фирқаларга бўлинишни эса йўлдан оғиш ва азоб деб биламиз”, дейилади.

Ҳақиқатдан ҳам, мусулмонлар мана шу ақидага оғишмай амал қилган пайтларида фаровонликда, тинч яшадилар. Аксинча, ихтилоф, ўзаро келишмовчилик, фирқаларга бўлиниш ва эътиқоднинг бузилиши бошланди, уммат орасида турли балолар келди.

Тафриқа қилиш, бўлиниш, айрилиш инсонни фақат зулмат сари етаклаши тўғрисида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай: ”Аллоҳ таоло менинг умматимни залолат устида жамламайди. Аллоҳнинг қудрат қўли жамоат узрадир. Кимки жамоатдан ажралса, ажралиб жаҳаннамга киради” [9], дедилар”.

Бинобарин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тафриқа гуноҳи кабира эканини таъкидлаб шундай: “Ким итоатдан чиқиб, жамоатда ажралиб ўлса, у жоҳилият ўлимини топибди”[10], дедилар.

Бу ёриқ дунёда фирқа-фирқага бўлинмасдан бир ёқадан бош кўтариб Аллоҳнинг динини маҳкам ушлаган ҳолда кун кечиришимиз лозим эканлиги борасида Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони” (Қуръони)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматларини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади[11].

Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта мени умматим залолатга жамланмайди, шундай экан, қачон ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга саводи аъзамни (яъни, энг улуғ жамоани) лозим тутинг”[12].

Мужтаҳид уламоларимиз ҳадисда келган “саводи аъзам” калимасини аҳли сунна вал жамоа, деб таъриф берганлар.

Хулоса ўринда шуни айтиб ўтиш лозимки, фирқаларга бўлиниб кетмаслик учун авваламбор Аллоҳ таолонинг арқони – Қуръони каримни маҳкам ушлаб, уни мазмун-моҳиятини яхши ўқиб ўрганиш лозим. Бинобарин, аҳли сунна вал жамоа йўлини маҳкам ушлашлик орқали Аллоҳнинг дунё ва охират саодатига эришамиз. Шунинг учун ҳам ер юзидаги барча инсонлар диний, ирқий ва ҳаёт тарзи қандай бўлишидан қатъий назар бир-бирлари билан ўзаро яхши муносабатда бўлиб, тафриқага бормасдан гўзал ҳаёт кечиришлари лозим.

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Тошкент ислом университети. -Т.: – 2004.
  2. Имом Бухорийнинг “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари.
  3. Доктор Муҳаммад ибн Абду-р-Раҳмон Хумаййис. Усулуд-дин индал-имам Аби Ҳанифа. Ар-Риёз: Дорус-самъий лин-нашр ват-тавзийъ, 1428/2007.
  4. Саҳиҳул Муслим.
  5. Сунани Имом Термизий.
  6. Сунани Ибн Можа.
  7. Мифтаҳу-с-саодат. Ж. 2.
  8. Имом ал-Бухорий сабоқлари. Журнал. 2009/3.
Абдуҳалим Муҳиддинов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
___________________________________________________________
[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Ҳужурот сураси, 13-оят. –Б.517.
[2] Ҳуд сураси, 118- оят. –Б.235.
[3] Имом Термизий ривояти.
[4] Имом Аҳмад, Табороний ва Байҳақийлар ривоят қилишган.
[5] Тавба сураси, 107- оят. –Б.204.
[6] Анъом сураси, 159- оят. –Б.150.
[7] “Шарҳус сунна”, 1/210.
[8] “Ал-Иътисом”, 1/113.
[9] Имом Термизий ривояти.
[10] Имом Муслим ривояти.
[11] Оли Имрон сураси, 103- оят. –Б.63.
[12] Ибн Можа ривояти.

Check Also

ШУКРОНАЛИК – ИНСОН КАМОЛОТИНИНГ АСОСИ

Инсоннинг камолга етишида барча ижобий фазилатларнинг ўзига хос ўрни бор. Аммо улар ичида шукроналикнинг ўрни …