Home / МАҚОЛАЛАР / МИРЗО ПОЛВОН УРГУТИЙ

МИРЗО ПОЛВОН УРГУТИЙ

Чор Россиясининг мустамлакачилик зулми остида эзилиб келган халқ чор империяси режимига қарши қуролли қўзғолон кўтарадилар. Бу ҳаракат 1918 йилда Кичик ва Катта Эргаш бошчилигида Фарғона диёрида бошланган.

Фарғона водийсида Кичик Эргаш, Катта Эргаш, Мадаминбек, ШерМуҳаммадбек, Мухиддинбек, Ислом Полвон, Ёрмат Махсум, Самарқанд вилоятида Очилбек, Баҳромбек, Мирзо Полвонбек, Бухорода Иброҳимбек, мулла Абдуқаҳҳор, Анвар Пошо, Салим Пошо, Давлатмандбек, Фузайл Махдум, Хоразмда Жунаидхон каби қўрбошилар бу ҳаракатни ягона кучга бирлаштириб Туркистон минтақасида қуролли харакат олиб боришди.

Самарқанд диёрида бу пайтда Бахромбек, Очилбек ва Мирзо Полвонбек каби етакчи қўрбошилар советларга қарши кураш олиб боришган.

Миллий истиқлолчилик харакати 1918-1935 йилларда бошқа вилоятларда бўлгани каби Самарқанд вилоятида ҳам авж олди. Бу ердаги миллий истиқлолчилик етакчилари асосан ерли халқ вакилларининг деҳқонлар, ҳунармандлар, уламолар ва қисман зиёлилардан ташкил топган эди. Турк тарихчиси Али Бодомчи шундай ёзади: “Самарқанд бугун 225.000 кишиси билан буюк сеҳрли бўлган Тошкентдан сўнг Туркистоннинг энг буюк шаҳридир. 1920-1922 йиллар миллий мужодала ҳаркатида Ўратепа, Ургут, Каттақўрғон, Хатирчи, Кармана, Иштихон, Нурота, Боботоғ қўрбошилари шуҳрат қозондилар”[1], деб, Зарафшон ва Самарқанд қўрбошилари ҳақида маълумот бериб ўтган.

Баҳромбек ва Ҳамроқул қўрбошилар Туркистон миллий истиқлол ҳаракатининг Очилбек каби довюрак мумтоз ва мунаввар шахсиятларидандир. Ҳар иккиси ҳам жадид мактабларида таҳсил кўрган ва милий истиқлол ҳаракатининг мазмунини яхши тушунар эдилар. Асли тожикланмиш турклардандир. Баҳромбек Денов вилоятининг хокими эди ва 1000 га яқин таълимли аскари бор эди. Ҳамроқул Баҳромбекнинг ёрдамчиси эди ва Паст қишлоқ минтақасида фаолият кўрсатди. Самарқанд мунавварларидан Қори Маҳмуд, Абдуҳакимбек, озарбайжонлик Асадбей, Баҳромбек ва Ҳамроқулбекларнинг ғоявий раҳнамолари эдилар[2].

Баҳромбек қўрбоши қўл остида Жумабозордан Умурбобо, Мурод Умур ўғли, Аҳмад Шариф ўғли, Эргашбобо, Карим Рахмонқул ўғли, Қўлдошев Эргаш, Жумаев Қаро, Амонов Ҳамдам, Хасанов Саидмурод, Раҳмонов Раҳимқул ва Қахрамонов Хотам, Мулла Ҳамроқулбек қўл остида Жўраев Тоғай ва Жўраев Ҳамро каби ўнлаб жасур йигитлар советларга қарши истиқлочилик курашини олиб боришган[3].

Самарқанд миллий истиқлол ҳаракати ва қўрбошилари ҳақида профессор Аҳмад Закий Валидий Тўғон ҳам қимматли маълумотлар беради “Самарқанд вилоятида “босмачилар”нинг уч гуруҳи бор эди. Баҳромбек, Очилбек ва Каттақўрғонда Қорақулбек гуруҳлари”[4]. Аҳмад Закий Валидий Ургут қўрбошилари ҳақида тўхталиб, “Ургут тожикларидан Хожи Абдулқодир исмли киши ҳам бор эди. У рус тилини билар эди, советларга ҳам хизмат қилган, ўктам фикрли бир инсон. Ўртоғи муаллим Шакурий билан бирга Ургутда яширин тарзда харбий гуруҳ тузди, у ердаги рус горнизонини босиб, қуролларини тортиб олишгач, тоққа чиқиб кетдилар. Қадимги форсий ҳамда туркий адабиётни жуда яхши кўрарди”[5] деб таъкидлайди.

Мирзо Полвонбек 1890 йилда Ургут тумани Бешкапа[6] қишлоғида таваллуд топади. Бу ҳақида Муҳаммад Али Балжувоний қаламига мансуб “Тарихи нофеий” (Фойдали тарих) асарида: “Ургут атрофида Мирзо полвон босмачи жуда жасур эди. Мирзо Полвон Ургутий Жума қасабасидаги Янги Қозонарис (ҳозирги Почвон, Бешкапа ва унинг атрофларидаги қишлоқлар назарда тутилмоқда) қишлоғидан эди[7]. Ёшлигидан меҳнатсевар, мард бўлиб вояга етади. Мирзо Полвон ва унинг йигитлари маҳаллий бойлар, дин пешволари мададига таяниб, бўйсуниш ва таслим бўлишни сира ҳаёлига келтирмасди. Хийлагарликда ном чиқарган Мирзо Полвон ўз айғоқчилари ёрдамида Советларнинг қуролли кучлари қаерда жойлашганлигини билиб олар, бир жойга турғун туришдан чўчиб, тоғдан-тоққа ўтиб юрарди, дейди А.Мухторов ўзининг мақоласида[8].

Мирзо Полвон бир неча йил советларга қаршилик кўрсатади, Раҳимбек Азимбеков, Шароф Усмонов, Бурхон Турсунов каби болшевиклар Бекнинг пири-устози Ургутда ном чиқарган ва босмачилар (истиқлол курашчилари)га пешволик қилган жумабозорлик Мирзо Амонуллохон (1889-1974) ҳам қаттиқ тазйиқ остига олинган…

1925 йилнинг январ ойида Самарқанд уездидаги умумий сиёсий аҳвол ҳақидаги ахборотда кўрсатилишича, Янги Қозонариқ волостида бўлган жангда Мирзо Полвоннинг учта йигити ўлдирилган, иккита йигити ихтиёрий таслим бўлган, ушбу гуруҳдан учта от тортиб олинган[9].

Охир ул амр Ургут туманининг Бахрин қишлоғида 7 апрель 1925 йил милодий 1343 хижрий йили зулқаъда ойининг бошида қатл этилади[10], Мирзо Полвон ва у билан бирга бўлган ўн бир[11] йигити захарланади (Бахрин қишлоғида Мирзо Полвоннинг акахондаси (мулла Алим – М.М) бўлган, унинг уйига зиёфат уюштирилиб, овқатга заҳар қўшилган) ва барчаси ўша жойнинг ўзида ўлдирилади. Мирзо Полвон Ургутийнинг боши олинган жасади, ўлдирилган сафдошлари билан бирга ўз тарафдорлари томонидан туғилиб ўсган қишлоғи Бешкапа қабристонига дафн этилади.

Шуни таъкидлаш керакки, дастлабки пайтларда большевистик ғояга ишонган оддий деҳқонлар вақт ўтиши билан совет тузумининг ярамаслигини, унинг халқни моддий бойлигидан, маънавий осори-атиқаларидан, ўзлигидан айириб ташлаётганлигини тушунишиб, қуролли гуруҳлар сафига қўшила борганлар. Ургут туманидан етти нафар деҳқон қуролли ҳаракат сафига қўшилган. Булар Янги Қозонариқ волостидан Исоҳбек Ёқуббеков ва Эшонқул Ашурбеков; Ургут волостидан мулла Хурсанд Абдураҳмонов ва мулла Хурсанд Ҳаққулбеков; Жумабозор волостидан мулла Абулқосим Холмўминов ва Абдуҳамид Абдуллаев; Қоратепа волостидан мулла Муҳиддин Тўқабоевлардир[12].

Мирзо Полвон қўрбоши гуруҳи йўқотилганидан сўнг, 1925 йилнинг охири – 1926 йилнинг бошида Ургут туманида ҳаракат қилган мулла Розиқ қўрбошининг 10 тадан 36 тагача йигитлари бўлган[13].

1925 йилнинг июн ойида Ургут туманида Абдуқодир полвон ва мулла Розиқ гуруҳининг йигитлари қизил армияга қарши ҳаракат қилган. Икки ўртада бўлган жангда Абдуқодир полвон ўлдирилган, мулла Розиқ таслим бўлган.

Бу икки гуруҳ йўқ қилингандан кейин, Самарқанд уездида советларга қарши қуролли мухолифат ҳаракати деярли фаолият олиб бормаган[14].

Мирзо Полвон Ургутий Сўфи қишлоқлик Ойбуви исмли турмуш ўртоғидан 1922 йилда Ражаббиби исмли қиз фарзанд кўради, кейинчалик иккинчи хотинидан Темур исмли ўғли 1941 йилда иккинчи жаҳон урушига кўнгиллилар қаторида урушга кетиб, ҳалок бўлган.

Ражаббиби Мирзо Полвон Ургутий қизи 2005 йилда Ургут туман Бешкапа қишлоғида вафот этган. Ундан 3 ўғил ва бир нафар қиз қолган[15].

Самарқанд ва унинг атрофидаги миллий истиқлол ҳаракати ватанимиз тарихининг муҳим ва ажралмас бир сарварағидир. Уни ҳар томонлама ўрганиш ёш авлод онгида тарихий онг ва хотира, Она ватанга садоқат, меҳр-муҳаббат ва ватанпарварлик, аждодларимизнинг улуғвор туйғуларини англашда катта аҳамият касб этади.

Мехрожиддин АМОНОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
_____________________________________________________________
[1] Али Бодомчи. 1917 – 1934 йиллар Туркистон миллий истиқлол харакати ва Анвар Пошо. –Истанбул: 1975. 1 – жилд, – Б. 442.
[2] Ушбу асар: – Б. 503.
[3] Мусаввада. Эсанов Мухаммад Қосим. 1972. 4 сахифа. Муаллиф ш.к.
[4] Аҳмад Закий Валидий. Тўғон. Бўлинганни бўри ер. –Т.: 1997. – Б. 138.
[5] Ушбу асар: – Б. 151.
[6] Хозирда ушбу қишлоқда Мирзо Полвонинг қизи Ражаббиби ва набираси Латифбой (Ургут туманида шифокор) истиқомат қилиб келишмоқда.
[7] Муҳаммад али Балжувоний. Тарихи нофеий. –Т.: 2001. – Б. 83.
[8] Ленин йўли газетаси. 1968 йил 30 ноябр сони.
[9] СамВДА, 65-жағарма, 1-рўйхат, 19-жилд, 96-варақ
[10]Тарихи нофеий. 81-83 бетлар, Ленин йўли газетаси. 1968 йил 30 ноябр сони.
[11] Ленин йўли газетаси. 1968 йил 30 ноябр сони.
[12] Тойиров Алишер Эргашевич. Ўзбекистонда совет ҳокимиятининг қатағон сиёсати (Самарқанд вилояти мисолида, 1918-1938 йй). Тарих фанлари номзоди … диссертацияси. –Самарқанд, 2007. – Б. 53-54.
[13] Ўша жойда: – Б. 54.
[14] СамВДА, 67-жамғарма, 4-рўйхат, 5-йиғма жилд, 331-варақ.
[15] Респондент Латифбой Рахмонов (1947 йилда туғилган) Мирзо Повлон Ургутий қизи Ражаббибининг ўғли, Олий тоифали шифокор. 1 феврал 2016 йил.

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …