Home / МАҚОЛАЛАР / ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ВА МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК – ТАРАҚҚИЁТИМИЗ КАФОЛАТИ

ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ВА МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК – ТАРАҚҚИЁТИМИЗ КАФОЛАТИ

Маълумки, бугунги кунда дунёда 1600 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайди. Харитада эса ўз номи билан аталадиган 200 дан ортиқ давлатлар мавжуд. Демак, давлатларга кўп миллатлилик хосдир. Мазкур миллатлар вакиллари турли эътиқод, хусусан, диний эътиқодга амал қилади. Бу 130 дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қиладиган Ўзбекистон учун ҳам хосдир. Аҳолининг 90 фоиздан ортиғи ислом динига эътиқод қилиши баробарида яна 15 турдаги бошқа конфессия вакиллари ҳам юртимизда баҳамжиҳат ҳаёт кечирмоқда.

Марказий Осиё ғоят хилма-хил динлар, маданиятлар ва турмуш тарзлари туташган ва тинч-тотув яшаган халқлар маскани ҳисобланади. Бизнинг мамлакатимиз ҳам азал-азалдан қадимий динлар ривож топган замин сифатида тарихда алоҳида мавқега эга.

Инсоният тарихидаги тараққиётнинг барча ютуқлари жамиятдаги тинчлик-тотувликка чамбарчас боғлиқдир. Жамият тараққиёти ва ижтимоий муносабатларнинг ривожи ҳамда фаолият турларининг барча соҳалари учун тинчлик энг муҳим омил ҳисобланади. Жамият, юрт тинчлиги – бебаҳо неъмат, барқарор тараққиёт гаровидир. Бу тинчликни барқарор бўлишида бағрикенглик, миллатлараро тотувлик муҳим аҳамият касб этади. Шу боисдан бу муборак заминда ҳам бизнинг аждодларимиз бошқа дин вакилларига доимо ҳурмат билан муносабатда бўлганлар, мана шу юрт озодлиги, фаровонлиги йўлида улар бир-бирларига елкадош бўлганлар.

Шу сабабли бугунги кунда ҳам Тинчлик – Мамлакатимизнинг дунё сиёсий майдонида олиб бораётган асосий ғояларидан биридир.

Албатта, тинчликка ўз-ўзидан ёки баландпарвоз сўзлар билан эришиб бўлмайди, уни изчил ва қатъий ҳаракатлар ва айни вақтда дунёнинг сиёсий майдонида содир бўлаётган жараёнларни тафаккур қилиб узоқни кўра олиш орқали таъминлаш мумкин. Тинчлик деб аталмиш неъматни тутиб турувчи омилларидан бири диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ҳисобланиб, бугунги кунда бу сиёсат миллий мафкурамизнинг бир бўғинидир.

Шу нуқтаи назардан қараганда, конфессиялараро муносабатлар, уларнинг мазмуни жамиятдаги мавжуд ижтимоий муносабатларнинг характерини белгилаб берувчи омил сифатида намоён бўлади. Тарихга назар ташласак, Ўзбекистон ҳудуди қадим даврлардан турли маданият, тил, урф-одат, турмуш тарзига эга бўлган, хилма-хил динларга эътиқод қилувчи аҳоли яшаган ўлка эканига гувоҳ бўламиз.

Бағрикенглик – бизнинг дунёмиздаги турли бой маданиятларни, ўзини ифодалашнинг ва инсоннинг алоҳидалигини намоён қилишнинг хилма-хил усулларини ҳурмат қилиш, қабул қилиш ва тўғри тушунишни англатади. Уни билим, самимият, очиқ мулоқот ҳамда ҳурфикр, виждон ва эътиқод вужудга келтиради. Бағрикенглик – турли-туманликдаги бирликдир. Бу фақат маънавий бурчгина эмас, балки, сиёсий ва ҳуқуқий эҳтиёж ҳамдир. Бағрикенглик – тинчликка эришишни мушарраф қилгувчи ва уруш маданиятсизлигидан тинчлик маданиятига элтувчидир[1].

Бағрикенглик, энг аввало, инсоннинг барча ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тан олиш асосида шаклланган фаол муносабатдир. Ҳеч қандай вазиятда ҳам бағрикенглик ана шу асосий қадриятларга тажовузларнинг баҳонаси бўлиб хизмат қилмайди. Бағрикенгликни алоҳида шахслар, гуруҳлар ва давлатлар намоён қилиши лозим.

Бағрикенглик – инсон ҳуқуқларини қарор топтириш, плюрализм (жумладан, маданий плюрализм), демократия ва ҳуқуқнинг тантанаси учун кўмаклашиш мажбуриятидир. Бағрикенглик – ақидапарастликдан, ҳақиқатни мутлақлаштиришдан воз кечишни англатувчи ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ўрнатилган қоидаларни тасдиқловчи тушунчадир.

Сўнгги пайтларда Мянмадаги мусулмонларнинг ўлдирилиши[2], Ҳиндистондаги Бобур масжидининг бузилиши[3], Шри-ланка ва Африканинг айрим давлатларида юз бераётган диний низолар ушбу муаммо дунё миқёсидаги ҳал этилиши лозим бўлган долзарб масалалардан бири эканлигини кўрсатди. Диний бағрикенгликни таъминлаш, турли динлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат руҳини қарор топтириш 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайдиган Ўзбекистон учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу борада мустақиллик йилларида Республикада бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди ва ижобий натижаларга эришилди. Шу сабабдан, диний бағрикенгликни таъминлаш борасида амалга оширилган тадбирлар ва уларнинг натижаларини таҳлил этиш ҳозирги куннинг долзарб илмий масалаларидан биридир.

Мустақиллик йилларида дастлаб Республикада яшаётган турли халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашнинг қонуний асослари яратилди. Мазкур тамойиллар Ўзбекистон Конституциясида белгилаб қўйилди. Жумладан, Конституциянинг 4-моддасида Ўзбекистон давлати ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одат ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожи учун шароит яратиши кўрсатилган бўлса, 18-моддасида эса мамлакатимизнинг барча фуқаролари бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эгалиги, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилди[4].

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 1995 йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида “Бир само остида” шиори остида халқаро мусулмон-христиан конференцияси ўтказилди, 1996 йилнинг ноябрида эса Рус православ черкови Тошкент ва Марказий Осиё епархиясининг 125 йиллиги тантаналари ўтказилди[5].

Шу билан бирга, мазкур йиллар давомида турли диний жамоаларнинг юбилейлари нишонланди. Жумладан, 2003 йилнинг октябрь ойида эса Самарқандда Арман Апостол черковининг 100 йиллиги нишонланди. Ушбу тадбирларда Республикада фаолият юритаётган барча конфессия вакиллари иштирок этди. Бу эса ўз навбатида, конфессиялараро муносабатларнинг ривожланишида муҳим аҳамият касб этди.

Бу даврда Ҳукумат томонидан диний муносабатларни тартибга солиш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш жараёни олиб борилди. Жумладан, 1990-2005 йилгача бўлган даврда дин соҳасидаги фаолиятни такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16 та фармони, Вазирлар Маҳкамасининг 48 та қарори қабул қилинди[6]. Амалга оширилган мазкур тадбирлар диний соҳа фаолиятини такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Ушбу соҳадаги ислоҳотлар 2016 йилдан эътиборан янги босқичга кўтарилди. Жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ён-атрофимизда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини ривожлантириш, юртимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди[7].

Бу борадаги тадбирларни халқаро миқёсида ҳал этиш бўйича ҳам Ҳукумат томонидан тегишли ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббус асосида БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2018 йилнинг 12 декабрь ойида ўтказилган ялпи мажлисда «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси БМТнинг барча аъзо давлатлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди[8].

Аждодларимизнинг диний-илмий меросини кенг тарғиб қилиш билан қаторда динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик, инсонпарварлик тамойиллари ҳамда диний-маърифий ҳаётда содир бўлаётган янгиликлардан кенг жамоатчиликни хабардор қилиб боришни таъминлаш мақсадида муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси ҳузурида “Зиё” медиа-маркази ташкил этилди[9]. Мазкур марказнинг ташкил этилиши бу борадаги янгиликларнинг оммага тез ва холис етказилишида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, мустақиллик йилларида диний бағрикенгликни таъминлаш, динлараро муносабатларда барқарорликни таъминлаш борасида кенг миқёсдаги ислоҳотлар амалга оширилди. Соҳага тегишли норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чоралари кўрилди. Шунингдек, юзлаб масжидлар, черковлар, синагога ва ибодат уйлари қурилди ва қайта таъмирдан чиқарилди. Кейинги йилларда мазкур соҳа ривожи янги босқичга кўтарилди. Бу даврда Ислом дини таълимотини чуқур ўрганиш, уни илмий тадқиқ этишга йўналтирилган Халқаро илмий тадқиқот марказлари ўз фаолиятини бошлади. Шу ва бошқа омиллар Республикада диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг таъминланиши ва уни янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Жонибек Жумаев
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Диний-маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи
[1] Бағрикенглик тамойиллари Декларацияси. –Т., 2002, 9-бет.
[2] https://kun.uz/68336945?q=%2Fuz%2F68336945
[3] https://www.azon.uz/content/views/bobur-masjidi-urnida-buthona-birinchi-g
[4] Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. Lex.uz
[5] islaminstitut.uz/17203
[6] Расулов А. Диний бағрикенглик тамойиллари ёшлар талқинида//Талабалар республика илмий-амалий анжумани материаллари. –Т., 2015, – Б. 17.
[7] http://strategy.regulation.gov.uz/uz/document/2
[8] https://islaminstitut.uz/6126
[9] https://www.gazeta.uz/uz/2018/04/17/farmon/

Check Also

ХIХ АСР ОХИРИ ВА ХХ АСР БОШЛАРИДАГИ САМАРҚАНД МАЪРИФАТПАРВАРЛИК АДАБИЁТИ НАМОЯНДАЛАРИДАН БИРИ САБРИЙ МУФТАҚИРИЙ МЕРОСИ

Сабрий нақшбандия тариқати вориси, ХХ аср бошлари адабий жараёнига ўзига хос ҳисса қўшган, шоир, шайх …