Home / МАҚОЛАЛАР / ИНСОН МАЪНАВИЯТИНИНГ ШАКЛЛАНИШИДА ШАРҚ МУТАФАККИРЛАРИНИНГ БУЮК ХИЗМАТЛАРИ

ИНСОН МАЪНАВИЯТИНИНГ ШАКЛЛАНИШИДА ШАРҚ МУТАФАККИРЛАРИНИНГ БУЮК ХИЗМАТЛАРИ

Инсон қалбини гўзал қиладиган, инсонийлик ҳис-туйғуларини уйғотадиган нарса бу – маънавият. Маънавият, гарчи у барча одамларга хос бўлса-да, ҳеч ўзгармайдиган, доимий ўлчам деб бўлмайди. Юксак маънавийлик Ўзбекистон халқи интилаётган устувор мақсадлардан биридир.

Юртимизда жамиятни тубдан янги асосда қуриш ва уни ҳар томонлама ривожлантириш, халқнинг дунёқараши ва шу билан биргаликда маънавияти билан бевосита боғлиқдир. Ўзбекистонни янгилаш ва ривожлантиришнинг ўз йўли тўртта асосий негизга асосланади. Бу негизлар:

— умуминсоний қадриятларга содиқлик;
— халқимизнинг маънавий меросини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;
— инсоннинг ўз имкониятларини эркин намоён қилиши;
— ватанпарварлик.

Маълумки, маънавий-ахлоқий негизлар замирида умуминсоний ва миллий қадриятлар муштараклиги, кишиларнинг маънавий маданиятини шакллантиришга эришиш мақсади ётади. Зеро, шахс тафаккурини ўстирмай, унинг маънавий дунёсини бойитмай туриб, ижтимоий, иқтисодий, маданий жабҳалардаги вазифаларни бажариш, мустақиллик мафкурасини шакллантириш мумкин эмас. Айни чоғда, жамиятимиз ва давлатимиз ўзлигини англаган, ватанпарварлик туйғуси билан миллат, халқ манфаатлари, ижтимоий, меҳнат ва касб-кор кўникмалари, ишбилармонлик асосларини эгаллаган, руҳан соғлом, жисмонан етук, умуминсоний ва миллий хулқ-атвор нормаларини ўз онги ва фаолиятида мужассам этган маънавий етук инсонни тарбиялаб вояга етказишдан ғоят манфаатдордир.

Бинобарин, у ёки бу миллатнинг маънавий бойлиги миллий ва умуминсоний қадриятларнинг бирлигидан ташкил топади. Маънавий мерос ўтмишнинг ютуғи. Уни тўла, оқилона эгаллаш ва ривожлантириш эса, ҳозирги авлоднинг вазифасидир.

Шунинг учун ҳам “маънавият инсонга ҳаводек, сувдек зарур. Саҳродаги сайёҳ ҳар доим булоқдан чанқоғини босади. Худди шунингдек инсон ҳам неча-неча азоблар ва қийинчиликлар билан маънавият чашмасини излайди. Ер, оила, ота-она, болалар, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, халқ, мустақил давлатимизга садоқат, инсонларга ҳурмат, ишонч, хотира, виждон, эркинлик-маънавиятнинг маъноси ана шундай кенг. Инсон уни инсон даражасига кўтарадиган асосларнинг асосини ўз ақли билан том маънода қамрай олмайди. Инсон ўзини халқнинг бир зарраси деб сезгандагина, у ҳақда ўйлаб, меҳнат қилиб яшагандагина маънавият билан туташади”[2: 36].

Биринчи Президентимиз айтганларидек, “Маънавият ишларини йўлга қўймай туриб, иқтисодий юксалишларга эришиш қийин. Маънавиятда инсоннинг иймони, эътиқоди, ахлоқи, ҳаётнинг маъносини қандай тушуниши, ички дунёси намоён бўлади. Ватан, халқ олдидаги бурчни англаш ҳам юксак маънавият белгисидир. Маънавий баркамол инсон ўзининг савобли ишлари билан кечирган ҳаётидан рози кетади”[2: 35].

Маънавиятимиз олдида турган асосий вазифа мустақиллигимизни мустаҳкамлайдиган комил инсонларни, ҳар томонлама етук ва баркамол ёшларни тарбиялашдан иборат. Халқимизнинг маънавий оламини шакллантиришда юқорида таъкидланган негизларга асосланган ҳолда ўтмиш аждодларимиз билан ҳақли равишда фахрланиш туйғуларини уйғотиш, ёшларни тарбиялашда ислом динининг илғор ғояларидан самарали фойдаланиш зарур бўлади.

Ўтмиш маданий меросини ўрганиш жамият тараққиёти учун зарур бўлган долзарб масалалардан биридир. Чунки ажддодларимиз қолдирган маънавий меросда барча даврлар учун керак бўладиган ажойиб, илғор фикрлар борки, булар бугунги тараққиёт учун ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Ўтмишдаги илғор мутафаккирларимизнинг ҳаётнинг маъноси, жамиятда инсоннинг тутган ўрни, тарбияси ҳақидаги пурҳикмат, доно фикрлари ғоят тотли тафаккур меваларидир. Улар халқимизнинг маънавий дунёсини янада бойитишда, тарбиялашда амалий ёрдам бериб келмоқда. Шу жиҳатдан олганда, ўтмиш маданий меросининг янги маданиятни шакллантиришдаги ролини ҳамда унинг жамият маънавий ҳаётидаги аҳамиятини ўрганиш ва кўрсатиб бериш муҳим, янгича назарий-методологик ва амалий аҳамиятга молик ишлардандир.

Аждодларимиздан бизга Ғарб цивилизацияси, тараққиёти ва Шарқ маънавияти деб аталувчи бир-биридан тубдан фарқ қилувчи маданий-маънавий анъаналар мерос қолган. Ғарб ва Шарқнинг ўзига хос маданий ва маънавий қиёфалари борлигини кўп мутафаккирлар холисона эътироф этганлар. Улуғ аллома Абу Али ибн Сино бу мавзуга оид бўлган 20 жилдли “Инсоф” китобини яратган. Улуғ ҳинд мутафаккири Свали Вивеканда Ғарб ва Шарқ ўртасидаги тафовутларга тўхталар экан: “Оврўпа овози – сиёсат овозидир ва бу борада унинг устози қадимий Юнонистондир”, дейди. “Шарқ овози – руҳият ва маънавият овозидир, – барча Пайғамбарларнинг ҳаёт фаолиятлари руҳни тарғиб қилишга қаратилганлиги ва уларнинг ҳаммаси истисносиз Шарқ вакили эканлиги бежиз эмас, албатта. Шарқ одамининг севгиси ички моҳият ва абадиятга, руҳият ва маънавиятга қаратилган”.

Бизнинг томиримизда Маъмун академияси – “Байтул ҳикмат”нинг пешқадам олими Аҳмад Фарғонийнинг, Ал-Жабр ижодкори Муҳаммад Хоразмийнинг, ҳакимлар ҳакими Абу Али ибн Синонинг, тафаккур кўзи билан янги дунё – Америка қитъасини кашф этган Абу Райҳон Берунийнинг, энг мукаммал юлдузлар жадвалини тузган Мирзо Улуғбекнинг, турон пири Аҳмад Яссавийнинг, беназир Муҳаддис имом Исмоил Бухорийнинг, соҳиби шижоат Амир Темурнинг – жаҳонни ҳайратга солган яна қанчадан-қанча улуғ зотларнинг қони борлигини атрофлича тушунтиришимиз зарур[1: 42-43].

Мустақиллик туфайли мусулмончиликнинг улуғ маданий қадриятлари қайта тикланди. Бу бебаҳо хазинани қалбдан чуқурроқ идрок қила борганимиз сайин, ҳаётимиз маънавий жиҳатдан покизароқ бўла боради. Шу ўринда ота-боболаримиз эътиқод қилиб келган ислом динининг инсон ва унинг оиласи, ҳаётидаги, одоб-ахлоқ ва хайр-саховат ишидаги аҳамиятини ҳамда виждон эркинлиги билан уйғун тарзда қўшилиб кетаётганлигини алоҳида уқтириб ўтиш даркор.

Муқаддас ислом дини ҳам бутун борлиғи билан инсонларни илмга, ҳидоятга етакловчи диндир. Зероки, Қуръони каримнинг биринчи нозил бўлган сураси ҳам “Иқраъ” яъни, “ўқи” деб бошланади. Қуръоннинг 96 “Алақ” сурасида эса: “Ўқи, Парвардигоринг беҳад карамли, унинг ўзи қаламга ўргатган, инсонга унинг билмаганларини ўргатган”, сўзлари битилган. Муборак ҳадисларда ҳам илм, маърифатлилик улуғланади. Масалан, “Илм ўрганиш ҳар бир мўмин учун фарздир”, сўзлари муборак ҳадиси шарифда битилган. Илм туфайли одамлар нодонлик, жаҳолат ботқоғидан чиқиб, имонларини камолотга етказадилар. Илм туфайли кишилар ҳақ ва ноҳақни, ҳалол ва ҳаромни фарқлайдилар ва адолат қиладилар. Бас, шундай экан, жамиятнинг ҳар бир аъзоси маърифатли, маънавиятли бўлмоғи лозимдир[4: 227].

Улуғ бобомиз Абдулла Авлоний ҳам “…Маърифатли ҳалқ шижоатли бўлур. Шижоат қалбнинг матонатидан, руҳнинг саломатлигидан иборатдир. Маорифдан, фандан ва маданиятдан маҳрум қолган халқ жаҳолат панжараларининг орасида эзилади. Зероки, жаҳолат, энг қўрқинч, фақир ва муҳтожликдан зиёда даҳшатлироқ бир мусибатдир”, – деган эди[1: 80].

Ҳар бир халқ ўзининг маданий-маънавий мероси, анъаналари, тарихий хотираси билан мавжуддир. Тарихий хотирасини йўқотган халқ қалбини, ўзлигини йўқотади, оддий аҳоли тўдасига айланади ва натижада халқ сифатида тарих саҳнасидан тушади. Халқ ўз тарихий хотираси туфайли маданий меросини, қадриятларини, ўзлигини асрайди, ўз тарихининг ижодкор ва меросхўри эканлигини ҳис қилади.

1917 йилда Абдурауф Фитрат айтган эди: “Туркистон номуси, эътибори, иймони, эътиқоди, виждони оёқ остида қолди; Туркнинг юрти, ўчоғи ёт қўлларга тушди”.

Маданиятни, маънавиятни барбод этиш, миллий тил, миллий онг ривожланишига йўл бермаслик, оммани сиёсий қарамлик, манқуртлик ҳолатида ушлаб туриш мазлум халқларни жиловда тутишнинг энг нозик йўлларидан бири эканлигини зўравонлик йўли билан босиб олган чор амалдорлари жуда яхши билардилар. Шунинг учун ҳам улар бу масалага жиддий эътибор беришган.

Дарҳақиқат, рус истилосининг энг ўткир тиғлари халқимизнинг тарихий хотирасини ўчиришга, унинг тарихи ва маънавиятини йўқотишга қаратилган эди. Асрлар давомида халқимиз томонидан яратилган маънавий қадриятларимиз йўқ қилинди, ёқиб юборилди, мактаб ва мадрасалар беркитилди, лекин мадрасалар асл маънавият ўчоғи эканлигини улар тан олгиси келмади. Чунки одамлари руҳан қашшоқ бўлса, бундай жамият ҳеч қачон дунё миқёсида танилмайди. Шу ўринда Чор Россияси генерали М.Д. Скобелевни гапларини эсга олайлик: “Миллатни йўқ қилиш учун уни қириш шарт эмас – маданиятини, санъатини, тилини йўқ қилсанг, бас, тез орада ўзи адойи тамом бўлади”. Демак, уларнинг нияти бутун бир миллатни ер юзидан бутунлай қириб ташлаш экан.

Мустақиллик эса буларнинг ҳаммасига чек қўйди ва маънавият булоғини очиб берди. Биринчи Президентимиз таъкидлаганларидек, “Халқнинг теран маънавиятисиз, ғурурисиз, юксак маданиятисиз буюк давлат қуриб бўлмайди”.

Аждодларимизнинг асрлар давомида йиғиб келган маънавий бойлиги бугун ҳаётимизда намоён бўлиб келмоқда. Ер юзидаги бутун мавжудот қуёшдан баҳра олганидек, ёш авлод маънавият булоғидан баҳраманд бўлмоқда. Бу эса миллий ғурурни ва ўзликни англаш учун маънавий озуқа бўлади.

Санобар ТЎРАЕВА,
Қарши муҳандислик иқтисодиёти институти
“Ижтимоий фанлар” кафедраси ўқитувчиси
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. –Т.: Маънавият, 2008.
  2. Инсон бахт учун туғилади. –Т.: Шарқ, 1998.
  3. Имомназаров И. Миллий маънавиятимизнинг такомил босқичлари. –Т.: Шарқ, 1996.
  4. История религий народов Центральной Азии. Отв.редактор: Ш.А. Ёвкочёв. –Т.: ТГИВ, 2006.

Check Also

ЎЗБEК ДАВЛАТЧИЛИГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШДА «НИЗОМ АТ-ТАВОРИХ»НИНГ АҲАМИЯТИ

Ўзбек давлатчилигини бошқарган сомонийлар, салжуқийлар, ануштегинийлар ҳамда мўғулларга қарамлик даври (1220–1370) тарихига оид манбалардан бири …