Home / МАҚОЛАЛАР / ОИЛАДАГИ ТАЪЛИМ-ТАРБИЯДА ҲАДИСЛАРНИНГ АҲАМИЯТИ

ОИЛАДАГИ ТАЪЛИМ-ТАРБИЯДА ҲАДИСЛАРНИНГ АҲАМИЯТИ

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев айтганларидек, “Ҳар бир мамлакатнинг кучи ундаги таълим-тарбияга боғлиқ”, ҳақиқатан ҳам таълим-тарбия келажак учун устувор ҳисобланади.

Тарбия энг авалло оиладан бошланади, оила-муқаддас даргоҳ. Оиланинг мустаҳкам бўлиши, ундаги соғлом муҳитни шакллантириш ва унинг фаровонлиги ҳар жиҳатдан ота-она ва уларнинг илм-маърифатига боғлиқ. Оилада фарзанд тарбияси энг муҳим саналади.

Маълумки, таълим-тарбия ва ахлоқий муносабатлар ҳар доим инсонларни долзарб масаласи бўлиб келган, олиму фозиллар илмий рисолалар ёзишган. Бу манбалар ҳаётимизда дастуруламалдир. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган амаллари (суннат) муҳим аҳамиятга эга. Оилада эркак киши раҳбардир, оила бошлиғи энг аввало рўзғорни ўз зиммасига олиши даркор. Ҳадисда айтиладики, “Оилангни оғзига тутган луқмада ҳам сен учун савоб бор”. Шу боис, ота-она фарзандга ҳалол луқма едирмоғи лозим, луқманинг қандайлиги фарзанд тарбиясига таъсири бор.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Аллоҳдан қўрқинглар ва болаларингиз ўртасида адолатли бўлинглар! Мен жабр-зулмга гувоҳлик бермайман”, дедилар” (Имом Бухорий ва Муслимдан) [10:60]. Оталар фарзанди қиз ёки ўғил бўлишидан қатъий назар, адолатли бўлиши лозим.

Уқба ибн Омирдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Кимда учта қиз бўлиб, уларни тарбиясини чиройли қилса, ҳалол едириб, кийимини бут қилса, улар бу кишига дўзахдан парда бўлади”, деганларини эшитдим”, дедилар[10:110]. Мазкур ҳадисда, ҳаётимизда долзарб муаммолардан бири бўлган, қизлар тарбиясида ислом динига катта аҳамият берган холда хушмуомалалик, ҳалолик, ор-номус, иймон-эътиқод, сабр-тоқатни, ўргатиб бориш назарда тутилганини кўришимиз мумкин. Ота-она фарзандлари учун мактаб, намунадир. Абдуллоҳ ибн Амр (р.а.) дедилар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: фаҳш ишларни қилувчи ҳам, фаҳш сўзларни гапирувчи ҳам эмасдирлар ва “Сизларнинг энг яхшиларингиз ахлоқи яхши бўлганларингиздир”, дер эдилар [10:71]. Ота-оналар ёмон сўзларни зинҳор гапирмаслиги,эркаклар сўкмаслиги, аёллар эса қарғамаслиги керак, чунки болалар оиладаги ва атрофдаги ҳар қандай сўзни тез илғаб олади ва бу уларни ҳотирасига муҳрланиб қолади, буни улар ҳаётида қўллайди.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхши ахлоқдан кўра тарозуни босадиган хеч нарса йўқдир”, деб марҳамат қилдилар [5:51]. Албатта, аҳлоқий тарбия ҳаётимизда энг муҳим аҳамиятга эга. Аҳлоқий тарбия ўрнини ҳеч бир нарса боса олмайди. Инсон одоб аҳлоқи билан азиздир.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда эса, Абу Барза Асламийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Банда қиёмат куни умрини нима билан ўтказгани, илмини нимага йўналтиргани, молини қаердан топиб, нимага сарфлагани ҳақида ҳисоб-китоб қилмагунча, қадамлари жилмайди”, дедилар [4:195]. Ушбу ҳадисда, инсонга берилган умр, фарзандлар, мол-дунё, илм ҳаммаси Аллоҳ субҳанаҳу таолони неъмати ва омонати эканлиги, уни исроф қилмасдан, тўғри ва ҳалол йўлда сарфлаш, аҳли оиласига сабоқ бериш, уларга ҳалол ризқ топиб едириш, ғамхўрлик қилиш ҳар бир инсоннинг бурч ва вазифаси ҳисобланади, солиҳа аёл эса эрининг меҳнатини қадрлаб, топганини тежамкорлик билан сарфлаши лозим бўлади. Мусулмон киши умри ва илми зое кетмасликка, исрофга йўл қўймасликка буюрилган, [4:197].

Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғида бола эдим. Қўлимни тавоққа узатаётган эдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Ҳой бола! Аллоҳнинг исмини айт, ўнг қўлинг билан егин ва олдингдан егин!” дедилар. Шундан буён ана шундай таомланаман. (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган)[4:200].

Ушбу ҳадисдан маълумки, тонгда туриб юз-қўлни ювиш, салом бериш, дастурхонга таом қўйилганда уни “Бисмиллаҳ” ни айтиб ейиш ва тановулдан сўнг Аллоҳга шукрона айтиб, “амин” дейиш, кимдир гапирганда уни тинглаш, ота-онани ҳурмат қилиш, уларга ғамхўрлик қилиш, меҳр-оқибат, орият каби эзгу фазилатларни шакллантириш лозим.

Мусулмоннинг бурчи аҳли оиласига диний ва дунёвий илмларни эгаллашда имконият яратиб беришдир.

Ота-оналар доим фарзандига эътиборли бўлиши керак, ҳалол яшашга ўргатиш, Ота-онанинг вазифаси ва улар фарзанди учун жавобгардир. инсон хонадонида Қуръон тиловат қилиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтиш ва ҳадис ўрганишни кўпайтирса, хонадонда файзу барака бўлади. Бундай хонадон аҳли қалбида меҳр-оқибат, иймон-инсоф шаклланиб боради.

Хулоса қилиб айтганда, оилада ота-она фарзанларига ҳадисдан сабоқ бериш, дунёвий илмлар билан бир қаторда, диний илмларни ҳам ўргатиш, ҳалоллик, покликка ўргатиш, яхши фазилатлар ва меҳр-оқибатни сингдириб бориши, муҳим аҳамиятга эга. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган амаллари (суннат)га амал қилинса, бундай оилани фарзандлари одобли бўлади, бу уларнинг муомала маданияти ва ўзини тутишда яққол кўриниб туради. Бундай тарбия олган фарзандлар, мустақил равишда савоб ва гуноҳ, ҳалол ва ҳаромни фарқлай олади ва ҳаёти фаровон бўлади. Ахлоқи комил фарзандлар эса юрт келажагидир.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт. Т.: Ҳилол Нашр, 2018. 1-жуз.
  2. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт. Т.: Ҳилол Нашр, 2018. 3- жуз.
  3. Ҳожи Аҳмаджон Бобомурод. Инсон одоби ва аҳлоқи. Самарқанд: Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2019.
  4. Саййид Раҳматуллоҳ Термизий. Мўмин киши мукаррам зот. Т.: Ҳилол Нашр, 2018.
  5. Имом Бухорий. Ал-адаб ал-муфрад. – www.iymon.com
  6. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири ҳилол. Т.: Ҳилол Нашр, 2018. 3- жуз.
  7. Саҳиҳул Бухорий. Олтин силсила. Т.: Ҳилол Нашр, 2018. 6- жуз.
  8. Имом Зарнужий. Илм олиш сирлари. Имом Бухорий халқаро маркази, С-2018
  9. Мубашшир Ахмад, Турсунали Акбаров. Исломда оила. Имом Бухорий халқаро маркази, Т.:-2018. Тагобун сураси 64-оят. Тагобун сураси 14-оят.
  10. Олимхон Исахон ўғли. Одоблар дурдонаси. С.: Имом Бухорий халқаро маркази, С-2015
Моҳира ШОДИЕВА
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …