Home / МАҚОЛАЛАР / АҚИДАВИЙ ВА АХЛОҚИЙ АДАШИШЛАР ОЛДИНИ ОЛИШДА АҚИДАНИНГ ЎРНИ

АҚИДАВИЙ ВА АХЛОҚИЙ АДАШИШЛАР ОЛДИНИ ОЛИШДА АҚИДАНИНГ ЎРНИ

Ақида – диннинг асоси ва мустаҳкам пойдевори ҳисобланиб, ҳеч қачон ундан айро тушиш мумкин эмас. Чунки инсон ўз ақидасини маҳкам тутиши ўта зарур ва аҳамиятли ишдир. Кишининг соғлом назар билан ҳаёт уммонига шўнғиб кетишида ҳам ана шу ақиданинг ёрдами беқиёс. Инсон ҳаётида унинг соғлом бўлиши бирламчи ўринда туради. Шунинг учун ҳам пайғамбарлар фаолиятидаги энг асосий вазифалардан бири – инсонлар ақидасини ислоҳ қилиш бўлган. Улар ўз қавмларига олиб келган ҳар бир шариатнинг устувор мақсади ҳам ақида масаласи бўлган.

Ана шу ақиданинг соғлом ва тўғри бўлиши шахс ва жамиятнинг ҳаётида муҳим роль ўйнайди. Зеро, бузуқ ва носоғлом ақида билан бажарилган ибодатлар ва муомалотларнинг ҳеч қандай манфаати бўлмайди. Кишининг ҳаёт тарзига унинг салбий таъсири борлиги учун ҳам уни тўғри йўлга бошлаш, ҳаёт тарзини ҳамда ақидасини тузатиб қўйиш, чин инсонийлигини рўёбга чиқариш ўта зарур ва аҳамиятли ишдир.

Ахлоқий адашиш ва таназзулга юз тутишнинг олдини олишда соғлом ақиданинг ўрни каттадир. Бутун дунёга ўз ҳукмини ўтказишга уринишлар бўлаётган ҳозирги оммавий ғарб маданиятининг мусулмон ёшлар онгига кириб келиб, эътиқод даражасига тушиб қолмаслиги учун ҳам уларнинг ақидаларини соғломлаштириш керак.

Дарҳақиқат, ислом ақидасига кўра инсон буюк мартаба соҳибидир. Яъни Аллоҳ таоло уни азиз ва мукаррам қилган, Ер юзини Ўзи белгилаб берган дастурга мувофиқ обод қилиш ишларини унинг зиммасига юклаган. У зот инсонни Ўз қўли билан яратди, фаришталарга унга сажда қилишни амр этди, унга эътиқод эркинлигини бериб қўйди.

Ислом ақидаси инсониятга ахлоқий фазилатларни тақдим этади. Улар Аллоҳ таолога, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга, охират кунига ва тақдирга имон келтириш кабилардир. Аллоҳ таолога имон келтириш инсонни фақат эзгуликка етаклайди. Агар унинг ақидаси тўғри, имони мукаммал бўлса, юксак ахлоқий фазилатлар унинг қалбига мустаҳкам ўрнашиб қолади ва ҳаёт тарзи ва одоб-ахлоқи ижобий томонга ўзгаради. Агар бунинг акси бўлса, мана шу фазилатлар ўз-ўзидан кўтарила бошлайди.

Ислом мусулмонларни фаришталарга имон келтиришга чақиради. Уларга ишониш имон арконларидан бири бўлиб, уларга имон келтирмагунча, инсон мўмин бўла олмайди. Имон руҳий ҳаётнинг асосидир. Бундай ҳаёт эса кишиларни фақат яхшиликка ундайди. Бундан мақсад, инсонни камолот чўққисига олиб чиқишдир. Шунинг учун ҳам фаришталарга имон келтириш Ислом динининг асосларидан биридир. Қуръони карим таълимотларига кўра, Аллоҳ таоло инсонга бир неча фариштани бириктириб қўйганки, улар инсоннинг қилган ишларини ёзиб борадилар. Ўнг томондаги фаришта яхшиликларни, чап томондагиси ёмонликларни ёзиб боради. Агар инсон шу нарсаларга ишонса, дунёда ҳеч бир ёмонлик қилмай яшаш ҳаракатида бўлади.  

Аллоҳ таоло нозил қилган китобларга имон келтириш инсонда Аллоҳ инсонларни яратганидан сўнг уларни ўз ҳолига ташлаб қўймаган, балки тўғри йўлга бошлайдиган нарсаларни нозил қилганки, бу У зотнинг ўз бандаларига бўлган меҳрибонлигидандир, деган тушунчанинг пайдо бўлишига олиб келади.

Пайғамбарларга имон келтиришга келсак, улар башарият учун гўзал намуна бўлиб, солиҳлик, самимийлик, сидқидиллик, сўз ва амалда маъсумлик каби сифатлар билан сифатланганлар. Ахлоқий фазилатларнинг энг олий даражалари айнан уларда ўз ифодасини топган.

Охират кунига имон келтириш шунинг ифодасики, мўмин ўз ҳаётини ўша кунда жаннатга эришиш ва дўзахдан халос бўлиш учун жидду жаҳд билан ўтказади. Бинобарин, охират кунига бўлган имон инсонда ахлоқий фазилатларни пайдо қиладиган ва мустаҳкамлайдиган энг муҳим омиллардан биридир.

Тақдирга имон келтириш ҳақида сўз юритадиган бўлсак, инсон ўз ҳаётида рўбарў келадиган мусибатлар ва қийинчиликларни унга енгил қилиб кўрсатадиган энг муҳим сабаблардан бири удир. Чунки уларни Аллоҳнинг синови деб билган ҳар бир инсон унга мағлуб бўлиб қолмайди. Аллоҳнинг мукофотини қўлга киритиш учун уларга сабр қилади. Бир сўз билан айтганда, тақдирга имон келтириш инсонда бу ҳаётдан розилик ҳиссини пайдо қилади. Шунинг учун ҳам у ўзининг ижтимоий мавқеи ва моддий ҳолати қандай бўлмасин, ўшанга рози бўлиб яшайди. Ўзининг рангига, жинсига, шаклига, оиласига ва аҳволига рози бўлади. Чунки бу нарсаларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг ҳузуридан эканини у яхши билади.

Энди ислом ақидаси ортидан вужудга келадиган ахлоқий фазилатлар ҳақида сўз юритсак. Маълумки, ахлоқий фазилатлар ислом ақидасининг тўрт асоси – имон, ибодат, муомалот ва ахлоқлардан биттасидир. Бинобарин, инсон мусибат вақтида сабр, тўқчилик вақтида шукр қилиш, тақдирга рози бўлиш, гўзал ахлоқ-одобларга ва эзгу амалларга чорлаш каби мақтовли хулқлар билан хулқланадиган бўлса, унинг нафси гуноҳлардан покланиб, юксалиб бораверади. Ана шунда у Аллоҳнинг розилигини топади ва икки дунё саодатига эришади.

Ислом ақидаси кишида юксак фазилатларни вужудга келтирар, уни тўғри ҳаёт тарзига ундар экан, ўз жамиятини ислоҳ қилиш, унинг орасида яхшилик ва фазилатларни кенг ёйиш каби хайрли ишлар учун уни тайёрлаган бўлади. Бундан мақсад у яшаётган жамият аъзолари бир-бирларига дўст, меҳрибон ва ўзаро аҳил-иноқ бўлишларига эришишдир. Зеро, бундай фазилатлар орқали инсонлар ва жамият саодатли бўлади. Эзгуликлар кенг ёйилиб, разолат йўқолади. Бузғунчилик ва бузғунчилар озаяди.

Юқорида ўтганлардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, инсонларнинг қалбларида соғлом эътиқодни шакллантириш ва уни воқелик билан боғлаш учун узлуксиз ҳаракат қилиниши зарур. Инсонларни ақидавий ва ахлоқий адашишлардан ҳимоя қилиш учун шу соҳа вакиллари ҳамжиҳатликда фаолият юритишлари лозим. Ғоявий, ақидавий ва ахлоқий адашишлар олдини олиш мақсадида доимий изланишлар ва тадқиқотлар олиб боришлари, ҳаётни изга солиш, адолат ўрнатиш, фазилатли амалларни кенг ёйиш, ёмонликлардан узоқ бўлишнинг энг асосий воситаси сифатида соғлом эътиқодга кўпроқ эътибор берилиши керак. Айниқса, ёшларга алоҳида эътиборли бўлиб, уларни соф исломий эътиқодни маҳкам тутишга тарғиб қилиш, ана шу соф исломий ақида билан яқиндан танишиб, бохабар бўлишлари учун уларга янада кўпроқ имкониятлар яратиб бериш лозим.

Алоуддин Ҳофий
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходими

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …