Home / МАҚОЛАЛАР / “САХОВАТ ДЕНГИЗИ” ЛАҚАБЛИ САҲОБА

“САХОВАТ ДЕНГИЗИ” ЛАҚАБЛИ САҲОБА

Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан мактабларида таълим олганлари сабаб ҳаётнинг барча соҳаларида умматга намуна ўлароқ гавдаландилар. Хусусан, улар муҳтожларга яхшилик қилиш, сахийлик, қўли очиқлик бобида юксак даражада бўлганлар. Шундай сахий зотлардан бири – саҳоба Абдуллоҳ ибн Жаъфардир.

У кишининг тўлиқ исми Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толибдир. У отаси Жаъфар ибн Абу Толиб ва онаси Асмо бинти Умайс Ҳабашистонга ҳижрат қилганида, ўша ерда туғилган. Ҳабашистон ерида Исломда туғилган биринчи бола ҳисобланади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганидан кейин ва Ҳабашистон муҳожирлари ортга қайтгач, ота-онаси билан Мадинага қайтиб келади. Кўп ўтмай, отаси Жаъфар ибн Абу Толиб ҳижрий 8-йилда “Муъта” жангида вафот этгач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг оиласини кафилликка оладилар.  У Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатда бўлган Бани Ҳошим авлодининг энг кичикларидан биридир.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар Мадинада улғайган, меҳрибон, саховатли, бағрикенг, иффатли, баланд мавқега эга ва тижорати ривожланган кишилардан эди. Абдуллоҳ ўзининг сахийлиги ва қўли очиқлиги билан танилган ва «Саховат денгизи», “Сахийлик қутби” лақабини олган.

Ривоят қилинадики, бир киши бир қўйни семиртириб сотишга олиб чиқди. Абдуллоҳ ибн Жаъфар унинг олдидан ўтиб қолиб: “Эй қўйнинг эгаси, уни менга сотасанми?”, деди. У: “Йўқ, бу сизга совға”, деди-да қўйни Абдуллоҳ ибн Жаъфарга қолдириб уйига кетди. Абдуллоҳ ибн Жаъфар ундан пул олишга ҳаё қилди. Озгина ўтмасдан қўйнинг эгаси эшиги олдига йигирмата ҳаммол юк кўтариб келди. Улардан ўнтаси буғдой, бештаси гўшт ва кийим, тўрттаси мева ва ширинлик, биттаси дирҳам кўтариб турган эди. Абдуллоҳ ибн Жаъфар буларнинг барчасини унга бериб узр сўради ва шу тариқа қилган яхшилигига зиёдаси билан жавоб қайтарди.

Муовия розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Жаъфарга ҳар йили минглаб дирҳам берар эди. У бўлса келган пулларни одамларга тарқатиб юборарди. Муовия розияллоҳу анҳу вафотидан кейин ўғли Язиднинг олдига келганида, Язид: “Отам сизга ҳар йили қанча миқдорда пул бериб турар эдилар”, деб сўради.

Абдуллоҳ: “Муовия роҳимаҳуллоҳ менга минглаб дирҳам берар эди”, деди.

Язид: “Унга ҳурматингиз сабаб яна минг зиёда қиламиз”, деди.

Абдуллоҳ эса: “Ота-онам сизга фидо бўлсин”, деди.

Язид: “Бу учун ҳам минг”, деди.

Абдуллоҳ: “Энди буни сиздан бошқага айтмайман”, деди. У киши кетгач, одамлар: “Мусулмонларнинг шунча молини бир кишига бериб юбордингиз-ку!”, дейишди. Язид: “Аллоҳга қасамки, буни Мадина аҳлининг барчасига бердим”, деди ва ёнидагилардан бир кишини унинг нима қилаётганини яширин кузатишга тайинлади. Абдуллоҳ ибн Жаъфар Мадинага етиб келгач, пулнинг барчасини одамларга тарқатиб юборди. Ўзи бир ойдан кейин қарзга муҳтож бўлиб қолди.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар бир куни овули томон йўлга чиқади. Йўлда бир қавмнинг хурмозори ёнида тўхтайди. Қараса, боғда бир тим қора бола ишлаб юрибди. Озуқасига уч дона нон бўлагини чиқарган эди, боққа бир ит кириб болага яқин келди. Бола итга битта нон бўлагини берди, ит уни еб қўйди. Кейин иккинчи, учинчи бўлакларни ҳам берди, ит уларни ҳам еб қўйди. Абдуллоҳ ибн Жаъфар уни кузатиб туриб: “Ҳой бола, кунлик озуқанг қанча?”, деб сўради.

Бола: “Кўрганингиз”, деди.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар: “Нега уни итга тақдим қилдинг?”, деди.

Бола: “У бу ернинг итларидан эмас. Узоқ ердан оч ҳолда келибди, унинг очлигини кўриб ўзим тўйиб олишни хоҳламадим”, деди.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар: “Бугун энди нима қиласан?”, дея сўради.

Бола: “Бугун оч қоламан!”, деди.

Шунда, Абдуллоҳ ибн Жаъфар: “Сахийликда танбеҳ олдим. Албатта, бу бола мендан кўра сахийроқ экан”, деди-да, боғни, ундаги нарсаларни ва болани сотиб олди. Болани озод қилиб, боғни унга ҳадя қилди.

Шу ва бошқа ривоятлар Абдуллоҳ ибн Жаъфарнинг ўта сахий, карамли ва қўли очиқ зот эканлигини, унга қўйилган лақаблар рост эканлигини кўрсатади.

Б. Мирзаев
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходими

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …