Home / МАҚОЛАЛАР / АМИР ТЕМУРНИНГ ТАСАВВУФГА МУНОСАБАТИ

АМИР ТЕМУРНИНГ ТАСАВВУФГА МУНОСАБАТИ

Соҳибқирон Амир Темур ҳақида сўз кетганда, бутун дунё тарихчилари кўпроқ Амир Темурнинг ҳукмдорлик салоҳияти, илми ҳарбий санъати, истеъдоди хусусида кўпроқ фикр юритишади. Аслида, Амир Темур ҳар жиҳатдан ўз замонасининг комил кишиси бўлиб, нафақат салтанат ва сиёсат бобида, балки инсоний муносабат, илм ва маънавият масаласида ҳам беқиёс фазилатлар соҳиби бўлган. Амир Темурнинг эътиқоди, маънавияти ва тафаккурига хос фазилатларни кейинчалик бутун дунё алломалари ҳам тан олган.

Соҳибқирон Амир Темур тасаввуф моҳиятини теран англаб, бутун умри мобайнида ўз даврининг улуғ тасаввуф намояндалари билан суҳбатдош бўлган, уларнинг панду насиҳатлари ва маънавий йўл-йўриқларига амал қилиб келган.

Буюк саркарданинг тасаввуф аҳлига эътиқоди унинг нафақат “Темур тузуклар”ида балки бошқа бир қатор асарларда ҳам намоён бўлган. Ўз салтанати сиёсатини тасаввуф асосига қурган Темур адолат байроғини баланд кўтариб, халқни фақат қонун-қоидага эмас, балки инсоний тартиб-интизомга бўйсунишга чақирган. Чунки Темур инсоний тартиб-интизомга илоҳий тус бериб, уни муқаддас деб билган ва шунинг учун ҳам ёмонликни мақсад қилган кишиларни жиловловчи ва яхшилик йўлида жафо чекувчиларни қувватловчи ҳар қандай подшо ва ҳокимга бўйсуниш керак, деб ҳисоблаган. Темур, тасаввуфнинг ривожланишини янгича хусусият билан бойитган ва унинг дунёвийлик аҳамиятини янада кенгайтирган [2: 168].

Амир Темур ҳар гал Қуръони каримдан сўнг пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак номларини чексиз ҳурмат-эҳтиром билан тилга олган ва у кишининг саҳобаларини ва авлодлари – саййидларни ўзининг ягона ва энг яхши дўсти деб билган.

Шуниси муҳимки, Амир Темур жаҳоннинг катта қисмини фатҳ этиб, хоқон бўлганида ҳам исломга тааллуқли ишларни дунёвий ишлардан устун қўйган. Бу ҳақда у шундай ёзади: “Аввал Тангри таоло тоатини адо этиб бўлгандан кейингина кундалик ишларга қўл урдим” [5: 260-262].

Шу билан бирга, кўплаб манбаларда Темурда тасаввуфнинг Яссавия тариқатига ихлоси баланд бўлганлиги ҳақида ҳам далиллар бор. Бунинг сабаби бир томондан “… Яссавия таълимоти ўзининг мустаҳкам интизоми, пок исломий-мазҳабий, тасаввуфий ғоялари билан Мовароуннаҳр халқларини мўғуллар зулми ва истибдодига қарши жипслаштириб тарбиялаб борган”лигида бўлса, иккинчи томондан, Амир Темур Кўрагон, Хожа Аҳмад Яссавийнинг (1166-1167 йилда вафот этган) авлиёлик мартабасидан маънавий, руҳий озиқ, куч олиб келганлигидадир.

Яна баъзи олимлар ҳақли равишда, Амир Темур салтанати – империясининг бошқариш қонун-қоидалари Нақшбандия тариқати ғояларига асосланган, деб ҳисоблайдилар. Темур тузукларининг вужудга келиши, кучли мафкуравий қарашлар ҳамда бой амалий тажрибалар маҳсули сифатида майдонга келганлиги кўрсатиб ўтилган. “Ана шу тарзда Нақшбандия тариқати ғоялари Амир Темур даврида Мовароуннаҳрда ва салтанатнинг бошқа ҳудудларида кучли ижтимоий мафкурага айланган деган фикрлар ҳам илгари сурилган [6: 10].

Ҳақиқатда эса тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Соҳибқирон ҳамма тариқатларни ҳам маъқуллаган ва уларга ислом динининг қувватлантирувчи чин йўналиш сифатида қараган. Амир Темурни бирон-бир тариқат ёки сулукнинг муриди эмас, балки умуман “…сўфийларнинг муоширлари (суҳбатдошлари, шериклари), яъни тасаввуф аҳлининг мухлиси, дўсти деб айтиш, мувофиқ бўлади, – чунки сўфий ҳеч нарсага банд ва гирифтор бўлмаслиги керак. Амир эса салтанат эл-улус ташвишлари билан банд, мудом тоат-ибодат билан ҳаёт кечиришга имкони йўқ шахс” [3: 9]. Чунки шундай катта давлатнинг бошлиғи тарафдорлик қилиб, бирон-бир тариқатга устунлик бериши мумкин эмас эди. Бу эса шундан далолат берадики, Темур ўз салтанати сиёсатини амалга оширишда ислом, шариат, тариқат илмларини тўла эгаллаш билангина эмас, балки дунёвий илмларни ҳамда сиёсат тамойилларни, ўтмишдаги давлат бошлиқлари сиёсий қарашларини ўрганиш ва қабул қилиш билангина муваффақиятли сиёсат юргизиш мумкинлигини англаб етган.

Амир Темурнинг исломга ва унинг руҳонийларига юксак ҳурмати ва унинг юксак маънавиятли мусулмон сифатида давлатни ислом қонун-қоидалари асосида тузиши ҳам Мовароуннаҳрнинг диний марказга, тасаввуф марказига айланишига олиб келган. Унинг динга ривож беришда қўллаган тадбирларидан бири “саййидлар орасидан лаёқатли биттасини аҳли исломга бошлиқ – садр этиб” тайинлаш бўлган. Мусулмонларга диний таълим бериш учун, хусусан, шариат ақидалари ва ислом дини илмларидан тафсир, ҳадис, фиқҳдан сабоқ бериш учун” ҳар бир шаҳарга олимлар ва мударрисларни тайинлаган. Унинг ислом динини ривожлантириб, шариатни ёйгани, унга равнақ бергани учун ислом олимлари мелодий XIV асрда “Амир Соҳибқирон Муҳаммад динини янгиловчиси бўлғай” деб фатво берганлар [4: 74].

Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолияти давомида кучли диний билимга эга бўлган дин пешволари ва уламоларни қадрлаб, қўллаб-қувватлаб келган. Амир Темур марказлашган давлатни адолат тамойилига асосланиб, олиму уламолар маслаҳатларига амал қилиб, кенгаш ва машварат асосида бошқаришда ислом оламида юксак обрўга эга бўлган, шайхлик даражасига эришган пирларига эътиқод қилиб ва уларнинг маслаҳатлари билан иш тутган.

Соҳибқирон пирларидан биринчиси шаҳрисабзлик Шайх Шамсиддин Кулол бўлган. Хожа Шамсиддин Кулол XIV аср бошида Қашқадарё воҳасида таваллуд топган ва ёшликдан дарвешлик йўлини тутган. Хожа Шамсуддин Кулол Амир Темурнинг отаси амир Муҳаммад Тарағай-нинг ҳам пири бўлган. Ривоятларга кўра, Хожа Шамсиддин Амир Темурнинг таваллудини ва жаҳонгирлик саодатини олдиндан каромат қилган, Амир Темурнинг муборак исмини ҳам Хожа Шамсуддин қўйган, Тарихий маълумотларга қараганда, Амир Темур 1363 йили Пули Сангинда мўғуллар устидан ғалаба қозонгач, қадимий Кеш шаҳрига келиб, шайх Шамсиддин мозорини зиёрат қилган. Шунга кўра, Амир Темур пири деб таърифланган Шайх Шамсиддин Кулол, тахминан, ҳижрий 764 (милодий 1362-1363 йиллар) йилларда вафот этганлиги қайд қилинган.

Амир Темурнинг иккинчи пири Саййид Амир Кулол бўлиб, Бухоронинг Сухор қишлоғида яшаган ва хожагон тариқатини Абдулхолиқ Ғиждувонийдан кейин давом эттирган. Манбаларга кўра Амир Темур Амир Кулол билан, тахминан, 1363 йилда танишган. Амир Кулол Амир Темурга Хоразм сафарини маслаҳат берган ва зафар тилаган.

“Шайхул буюк”, “Султонул тариқа”, “Бурҳонул ҳақиқат”, “Ҳазрат борифъат”, “Шарафул мустаффвил”, “Зайнул ворисун вал муҳаққиқин” каби фахрли унвонлар эгаси Саййид Амир Кулол 1370 йилда оламдан ўтагач, Ҳазратнинг васиятига асосан, Мавлоно Ориф Деггароний билан Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ул зоти шарифнинг муборак жасадларини тупроққа қўйганлар.

Баъзи манбаларда Сайид Амир Кулол билан Шамсиддин Кулолни бир шахс деган нотўғри маълумотлар ҳам берилган бўлиб булар аслида битта шахс бўлмаганини айтиб ўтиш жоиздир.

Амир Темур ардоғидаги учинчи пир Зайнуддин Абубакр Таёбодий бўлиб, Ҳирот яқинидаги Таёбод қишлоғида дунёга келган. Амир Темур билан Мавлоно Зайнуддин жуда кўп бор учрашиб суҳбатлашганлар. “Таржимаи ҳол” асаридаги ривоятлардан бирида ҳазрат Амир Темур тилидан бу икки зот тақдирида муҳим ўрин тутган учрашув хусусида ҳикоя қилинади: “Мен йигирма бир ёшга тўлганимда саёҳат қилмоқчи бўлдим. Лекин аввал Шайх Зайнуддин Абу Бакр Таёбодийдан дуои фотиҳа олмоқни ният этдим. Шайх саёҳатимга дуои фотиҳа бериб, белимга камар боғлаб, бошимга кулоҳ кийгизди ва менга бир чиғаноқ узук тортиқ қилди; унинг кўзида “Рости-русти” деб ёзилган эдики, унинг маъноси “Куч адолатда” демакдир.

Тарихий манбаларда ёзилишича Илёсхўжага пайғамбар авлодлари бўлмиш етмишта саййидни асир олгач Амир Темур жанг қилиб, асирларни озод этган. Шундан сўнг Мавлоно Таёбодий, – сен етмишта саййидни асирликдан қутқардинг, энди ишонавергин, бундай буюк ишинг учун келажакда сени улуғ мукофотлар кутади” деб фотиҳа берган. Яна “Темур! Тўрт сифатни ўзлаштириб ол: ҳар қандай ишни тангрининг исми ва марҳамати билан бошла. Иккинчидан, ўз ишларингда Иброҳим алайҳиссаломдан ибрат ол; кўз-қулоқ бўлиб кузатиб юр, токи сенга тобе ерларда маишатбозликка ёки оғир жиноятга йўл қўйма. Тиришқоқликда лайлакдан устун бўл. Бир лайлак уясида қарға боласини кўради. Уч кун давомида лайлак унга ҳеч аҳамият бермайди, тўртинчи куни эса тўрт юзта лайлак учиб келиб, унинг уясида қарғани кўргани учун уя эгасини чўқиб ўлдиради. Учинчидан, ҳар қандай ишни, пайғамбаримиз сингари, одамлар билан маслаҳатлашиб бошла. Ҳар не ишни биров билан маслаҳатлашмай, ўзбошимчалик билан амалга оширган ҳокимлар бўлган. Лекин уларнинг салтанати узоққа чўзилмаган. Тўртинчидан, чорёр халифалардан ибрат ол; жасур, ғамхўр ва сахий бўл; ҳар бир ишни ғоят эътибор бериб бажар, токи қушлар ҳаракати сенга ибрат бўлсин, улар жўжа очадиган тухумни беҳад диққат ва эътибор билар ёрадилар” деб насиҳат қилган экан.

“Тузуклар”да Амир Темурга мавлоно Зайнуддин томонидан битилган жуда кўплаб мактублар қайд этилган. Улар асосан Соҳибқироннинг маслаҳат сўраб ёзган хатларига жавоб бўлиб, Амир Темурнинг давлатчилик сиёсатини белгилашда ғоят муҳим ўрин тутган.

Муаррих Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, Амир Темур мудом: “Салтанатимдан орттирган жамийки бойлигим ва мустаҳкам маъволарни фатҳ этганим — барчаси Шайх Шамсуддин ал-Фахурий (Кулол)нинг дуоси. Мавлоно Зайнуддин Абу Бакр Таёбодий ҳимматидан ва бор топган барокатим эса ёлғиз Саййид Барака шарофатидандир” [1: 28], деган экан.

Темурнинг яна бир пири Мир Саййид Барака бўлиб, Амир Темур Мир Саййид Барака билан илк бор 1370 йилда учрашган. Манбаларга кўра, пайғамбар авлодига мансуб Мир Саййид Бараканинг руҳоний қудрати ҳақида кўплаб ривоятлар мавжуд. Ибн Арабшоҳ улардан бирини бундай ҳикоя қилади: “Дашт ва Тотор султони Тўхтамишхон Амир Темур ва султон Ҳусайн ўртасида юз берган можарони кўргач, қони қайнаб ғайирлиги келди. Негаки, улар (Тўхтамишхон ва султон Ҳусайн) насаби жиҳатидан бир-бирига яқин ва қўшни эди. У кўп аскар, денгиздек ҳайқирган қўшин тўплади ва Сиғаноқ Ўтрор тарафидан Амир Темур лашкаргоҳи томон йўл олди. Амир Темур Самарқанд тарафдан қарши чиқди… Икки ўртада уруш “бозори” қизиди. Жанг олди-сотдилар авж олди ва ниҳоят, Темур аскари (ун бўлиб янчилмагунча) муҳороба тегирмонининг тошлари айланаверди. Темур сипоҳи пароканда бўлиб, ҳимоя тугуни ечилаётган бир пайтда баногоҳ Саййид Барака исмли зот пайдо бўлди ва Амир Темурга ёвуқ келди. Темур – у ғоятда танг ҳолатда қолган эди – бояги зотга юзланиб: “Эй саййид афандим! Сипоҳи енгилди!” деди.

“Қўрқма!” – деди унга Саййид Барака. Кейин тулпоридан тушди ва ердан бир сиқим тупроқ олиб, яна бўз отига минди. Сўнг ўша тупроқни бостириб келаётган душман юзига сочиб, “Йоғи (душман) қочди!” деб бақира бошлади. Амир Темур ҳам ёрдам қўлини чўзган шайхни такрорлаб бақираверди… Шунда Амир Темур аскарлари… рақибларига қарши дадил маъракага тушди. Унинг қўшинидаги заифу жасур бор жангчи “Йоғи қочди” деб қичқирди, бақирмагани қолмади. Ниҳоят, уларни бир-бирини қўллаб-қувватлаб ва (бир-бирига) мадад тилаб, ёғий устига ҳамла қилди. Тўхтамиш қўшини мағлубиятга учради ва орқасини ўгириб тарақайлаб қочди. Амир Темур аскарлари улар бўйнига тиғ солиб, ажал қадаҳин ичирдилар… Амир Темур назарида Саййид Бараканинг эътибори ошди… Амир Темур унга: “Неки истарсиз, сўранг ва ҳар не муродингиз бўлса, тиланг!” – деди [1: 44].

Амир Темур ҳаёти давомида эътиқод қўйган ва ихлос қилган улуғ кишилар кўп бўлиб, Соҳибқирон дин пешволари ва уламоларни қадрлаган ҳамда қўллаб-қувватлаган, устозларининг ўгит ва ҳикматларигагина эмас, ҳатто уларнинг муборак қадамларидан тўкилган чангу ғуборларни ҳам эъзозлайдиган садоқатли шогирд бўлган. Соҳибқирон улардан маслаҳат, руҳан ва маънан далда олган. Бу эса шубҳасиз, буюк саркарданинг бунёдкорлик, ободончилик ва саховатпешалик ишлари-га замин яратган.

Соҳибқироннинг “Золимлардан мазлумлар ҳаққини олдим”; “Шижоатли кишиларни дўст тут, чунки Тангри таоло жасур кишиларни ардоқлайди”; “Адолат ва инсоф билан Тангрининг яратган бандаларини ўзимдан рози қилдим”; “Пок ниятли, тоза қалбли кишиларга талпин”; “Дўст-душмандан кимки менга илтижо қилиб келгудек бўлса, дўстларга шундай муомала қилдимки, дўстлиги янада ортди, душманларга эса шундай муносабатда бўлдимки, душманлиги дўстликка айланди”; “Адоват эмас, адолат енгади”; “Куч – адолатдадир” каби ҳикмат-лари тасаввуфона моҳиятга эга бўлиб бугунги даврда ҳам ўз қимматини йўқотмаган.

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:

  1. Ибн Арабшоҳ. Ажойиб ал-Мақдур фи тарихи Таймур (Темур тарихида тақдир ажойиботлари. 2-қисм. – Т.: Меҳнат, 1992
  2. Каримов С.К. Амир Темур ижтимоий-сиёсий таълимотининг асосий тамойиллари. Ўрта Осиё социологик фикрлари тарихидан (Ўқув қўлланма). – Самарқанд: СамДУ.
  3. Каримов С.К. У фоний бўлмаган (Амир Темур ва тасаввуф) // Гулистон, 1996. № 5.
  4. Темур тузуклари. – Т., 1996.
  5. Қиссаи Темур (Малфузоти Темурий). – Т., 2000.
  6. Fойибов Н. Амир Темур даври маънавияти. – Т., 2001.
Суннатилло РАҲМОНОВ,
СамИСИ ўқитувчиси

Check Also

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун …