Home / МАҚОЛАЛАР / “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”ДА ТИЛШУНОСЛИК САБОҚЛАРИ

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”ДА ТИЛШУНОСЛИК САБОҚЛАРИ

Имом Бухорийнинг нафақат буюк муҳаддис, балки етук аллома ҳам бўлганига тилшуносликдаги ишоралар

“Саҳиҳул Бухорий” асарига кўп таъриф берилган. Тадқиқотчи олим, умуман, ҳар қандай даҳо аввал жуда юқори илмий-ижодий мартабага эришади, барча довонлардан ошиб ўтгач эса унинг номининг ўзи мартабага айланади. Масалан, Навоийни “халқ шоири” десак, у зотни қуйига тушириб юборган бўлиб қоламиз, Эйнштейнни академик атасак ҳам шундай. Бундай инсонлар ҳеч қандай мартабага муҳтож эмас, уларнинг номи – мартаба. Яхши шеър ёзган кишига “Навоий бўлиб кетинг-а!” дейишимиз, физика ё математикада ютуққа эришган олимни “Эйнштейн” аташимиз бежиз эмас.

Имом Бухорий тўғрисида ҳам, у зотнинг шоҳ асари ҳақида ҳам шу йўсинда фикр билдириш мумкин. Бу беназир аллома тўғрисида кўп-кўп иқтибослар борки, улардан ўтказиб бирон янги гап айтиш мушкул.

Шундай эса-да, мавзуга киришдан аввал “Саҳиҳул Бухорий” тўғрисида илоҳиёт, ҳадис ва дин илмлари бўйича таниқли олим, Туркиянинг Ислом тафаккури институти раҳбари, профессор Меҳмет Гўрмезнинг қуйидаги сўзларини келтириб ўтишни жоиз топдик:

– Давлат органларидаги фаолиятим давомида расмий делегация вакиллари қаторида кўплаб мамлакатларда бўлганман. Марокашга борганимда мамлакат маъмурий марказидан олисроқдаги қишлоқлардан бирида жуда обод қилиб қўйилган бир мақбарани кўрдим. “Бу ерда қандай зот ётибди?” деб сўрадим. Шунда бу мақбара қачонлардир “Саҳиҳул Бухорий”ни биринчи бўлиб шу ерларга келтирган инсон хотираси учун бунёд этилганини айтишди.

Меҳмет Гўрмез бу ҳодисани жорий йил 29 апрель куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий жамоаси билан ўтказилган онлайн семинарда тилга олган эди.

“Саҳиҳул Бухорий”ни келтирган инсон шунчалик эъзоз топган бўлса, муаллифнинг ўзи ва асарига муносабат қанақа эканини ҳар ким тасаввури таҳаммул этганича ўйлаб кўраверсин.

Бевосита мавзуга келсак, бундан кўзланган мақсад Имом Бухорий асарининг олимлар тадқиқоти қамровига тўлиқ олинмаган жиҳатига эътибор қаратишдир. Муҳаддис яшаб, ижод этган даврда араб дунёси билан ажам ўртасида илмий интеграция ҳали яхши ривожланмаган эди. Арабларнинг ўзлари ҳам қоришиқ лаҳжалар, ҳабаший ва бадавий каби турли халқ ва элатларнинг таъсири туфайли араб тилини яхлит андозага солиб улгурмаганди.

Буюк муҳаддис шундай шароитда “Саҳиҳул Бухорий”ни битар экан, ўрни келганда айрим сўзларга изоҳлар қолдириб кетган. Бунинг учун эса ровийлар, устозлар, шориҳлардан қолган меросни, ўша пайтлар мавжуд бўлган луғатларни батафсил ўрганган.

(Изоҳлар “Олтин силсила” туркумида нашр этилган 8 жилдлик “Саҳиҳул Бухорий” асаридан олинди. Қулайлик учун ҳадис рақами келтирилиб, жилд ва саҳифа рақами қавс ичига олинди.)

Масалан, қуёш тутилганида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқиганлари тўғрисидаги 1047-ҳадис (2-жилд, 111-112-б.) «“Қуёш тўсилди” дейдими ё “тутилди”ми?» деб номланган бобга киритилган. Бу боб

و قال الله تعالى: ﴿و خسف القمر﴾

Аллоҳ Таоло: “Ва ой тутилса…” деган. (Қиёмат сураси, 8-оят.)

сўзлари билан бошланади. Гап шундаки, араблар одатда қуёшга “касафа” (тўсилди), ойга “хасафа” (тутилди) феълини ишлатади. Лекин бу феъллар ўрин алмашиб ҳам келади. Мазкур ҳадисда шундай бўлган. Имом Бухорий Қуръони Карим ояти билан бунга изоҳ беряпти.

«Туя миниш ҳақида»ги боб аввалида (2-жилд, 504-505-б.) Ҳаж сурасининг 36-37-оятлари келтирилиб, “бадана” деб қурбонликка аталган туяга айтилиши хабар қилинади.

«Мужоҳид айтади: “Туя жуссадор бўлгани учун “бадана” деб номланган”», деб ёзади Имом Бухорий ҳамда мазкур оятлар ва бобда келадиган шу мазмундаги ҳадислар тушунарли бўлиши учун “қониъ” (тиланчи), “муътарр” (туя қурбонлик қилинган жойга келиб, унинг гўштидан сўрамай турган бою камбағал), “шиорлар” (туяни катта қилиб семиртириш ва гўзаллаштириш) каби сўзларни ҳам изоҳлаб ўтади.

«Чанқоқ касалига учраган ёки қўтир туяни сотиб олиш ҳақида»ги боб (3-жилд, 115-б.) “Ал-ҳоим – ҳар бир нарсада мақсадга терс бўлувчи” сўзлари билан бошланади. Ушбу бобда келадиган 2099-ҳадисда “чанқоқ касалига учраган туя” арабча матнда هيم шаклида берилган бўлиб, кўпликдаги сўздир. Унинг бирлиги (هائم) ҳоим бўлади. Мақсадга терс борувчи одамларни шундай атаган араблар чанқоқ касалига учраган бесаранжом туяга нисбатан ҳам ушбу сўзни қўллаган. Имом Бухорий هيم сўзининг асл келиб чиқишини кўрсатиб, “ҳийм”нинг бирлиги “ҳоим” эмас деганларга раддия бермоқда.

«Ичимлик ичиш ҳақида»ги бобда (3-жилд, 299-б.) Воқиъа сурасининг 69-70-оятларидаги المزن (булут) ва اجاجاً (аччиқ), «Набий соллалоҳу алайҳи васалламнинг “Қуллар биродарларингиздир, уларга еганларингиздан едиринг”, деганлари ҳақида»ги бобда (3-жилд, 457-458-б.) Нисо сурасининг 36-оятидаги ذي القربي (қариндош), الجنب (ғариб) ва الجار الجنب (сафардаги ҳамроҳ) сўзларига изоҳ берилади.

«Васиятлар ва Набий соллалоҳу алайҳи васалламнинг “Кишининг васияти ҳузурида ёзилган (бўлиши лозим)” деган сўзлари ҳақида»ги бобда (4-жилд, 3-4-б.) Бақара сурасининг 181-оятидаги جنفاً (мойил бўлиш) сўзи изоҳланиб, бу изоҳ Моида сурасининг 3-оятидаги متجانف (мойил бўлувчи) калимаси билан қўшимча равишда қўллаб-қувватланмоқда.

«Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчиларнинг даражалари ҳақида»ги бобда (4-жилд, 50-б.) муаллиф йўл сўзи музаккарда ҳам, муаннасда ҳам ишлатилишига ишора қилади: يقال هذه سبلي و هذا سبلي (икки шаклда ҳам “бу менинг йўлимдир” маъносида).

Ғазотда Аллоҳ йўлида соқчилик қиладиганлар тўғрисидаги 2887-ҳадис остидан طوبى(ҳар қандай хуш нарса) сўзига изоҳ берилиб, қайси вазнда келгани (فولي) хабар қилинмоқда. “У аслида “йа”лик бўлиб, “вов”га ўзгартирилган يطيب (хуш бўлди феълидан)”, деб ёзади Имом Бухорий.

Муаллиф «Тез юриш ҳақида»ги бобда (4-жилд, 185-б.) النصّ (туяни чоптириш) ваالعنق (йўрттириш) сўзларига ҳамда «Аллоҳ Таолонинг “У ўз раҳмати олдидан шамолларни тарқоқ қилиб юборган зотдир”, деган сўзи хусусида келган хабарлар ҳақида»ги бобда (4-жилд, 343-344-б.) Исро (69-оят), Ҳижр (22-оят), Бақара (266-оят), Оли Имрон (117-оят) ва Анъом (57-оят) сураларида келган шамол сифатларига – قاصفاً (ҳамма нарсани тепкилаб, босиб кетадиган), لوقح (урчитувчилар, чанглатувчилар), إعصار (олови устун шаклида ердан осмонга қараб эсадиган қуюн, уюрма), صرّ (совуқ) ва نشراً (тарқоқ ҳолда) калималарига изоҳ беради.

Имом Бухорий Қуръони Карим қироатида аниқликни мустаҳкамлаш мақсадида ҳам кўп ҳадис жамлаган. Хусусан, «Яратишнинг ибтидоси китоби»даги Нуҳ алайҳиссаломга бағишланган бобда қуйидаги ҳадис келтирилади (4-жилд, 424-б.):

  1. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ҳамманинг қироатидек “Фа ҳал мим-муддакир” (فهل من مدّكر) деб ўқиганлар”. Оятдаги “муддакир” “зикр” сўзидан ясалгани учун айримлар уни “музтакир” (مفتعل вазнида) ўқилмаганмикан, деган гумонга борган экан. Пешқадам қори саҳобалардан бўлган Абдуллоҳ ибн Масъуд Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам бу оятни ундай ўқимаганларини, балки ҳамма қорилар ўқиётганидек, “муддакир” деб ўқиганларини таъкидлаган. Бу калима Қамар сурасининг олти жойида келади.

Буюк муҳаддис ўзининг шоҳ асарида кўп калималарни Каломи Шариф оятлари воситаси билан изоҳлайди. Масалан, «Набий соллалоҳу алайҳи васаллам Мадинага келган пайтларида ҳузурларига яҳудийлар келгани ҳақида»ги бобда (5-жилд, 206-б.) يهود калимасининг ўзакдошларини келтириб, уларни бундай изоҳлайди: هادوا – яҳудий бўлдилар дегани )Анъом сураси, 146-оят). Аммо هدنا – тавба қилдик дегани (Аъроф сураси, 156-оят). هائد – тавба қилувчи.

Шунингдек, “Саҳиҳул Бухорий”да айрим сўзларнинг кўпчилик изоҳламаган нозик жиҳатлари очиб берилади. «У Зотнинг “Одамлар ичида Аллоҳдан ўзга муқобил ўхшашларни тутадиганлар бор” деган сўзи ҳақида»ги бобда (5-жилд, 584-б.)انداداً калимасиاضداداً (зидлар) сўзи билан изоҳланиб, نِدّ унинг бирлиги экани айтилади ҳамда نِدّ деганда фақат “ўхшаш”, “тенгдош” маънолари эмас, бирор ниманинг қарама-қаршисига қўйиб, унга баробар тутилган, зиддида турган ўхшаши ҳам англашилиши қайд қилинади.

Имом Бухорий ўрни келганда баъзи калималарнинг келиб чиқишига ишора беради. Қуръони Каримнинг Нисо сураси 145-оятидаги «Мунофиқлар дўзахнинг энг пастки қаватидадирлар» деган сўзлар билан аталган бобда (6-жилд, 27-б.) Анъом сурасининг 35-оятидаги نفقاً калимаси “ер ости йўли” маъносини англатишини ёзади. Аслида мунофиқ шундай эмасми?! Фано оламида тўғри йўлдан юргандек бўладию кўнгли эгри бўлади, зимдан иш тутади, дорулбақода эса унга остлар ости – “Дўзахнинг энг пастки қавати” ваъда қилинган.

“Саҳиҳул Бухорий”да «Тафсир китоби»га жуда катта ўрин берилган. Имом Бухорий бошқа муҳаддислар каби унда Қуръони Каримдаги кўплаб оят ва калималарнинг тафсири ҳақидаги ривоятларни жам қилган. Бирон сура қолмаганки, «Тафсир китоби»да ҳеч бўлмаганда бир калимасига изоҳ берилмаган бўлсин. Уларнинг қамрови мақола эмас, бутун бир катта илмий иш кўламида эканлиги важидан фақат Фил сурасига бағишланган «Алам таро» бобидаги (6-жилд, 464-465-б.) سجّيل сўзи изоҳига тўхтаб ўтишга жазм қилдик.

Имом Бухорий ёзади:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «من سجّيل – у “санк” билан “кил”дир», деган.

Сижжийл ҳақида энг машҳур изоҳ шу. Форсчадан ўгирганда “санк” (“санг”) – тош, “кил” (“гил”) – лой. Араб тилида “г” товуши бўлмагани учун кўпинча ажнабий сўзлар ўзлаштирилганда “ж” деб олинади. Шу тариқа санг-гил сижжийлга айланиб кетган. У лойдан пиширилган тош маъносини билдиради.

Бу ўринда уламолар ҳар бир сўзга эътиборли бўлиб, келиб чиқиши ажамий бўлган сўзларни ҳам тадқиқ этганини алоҳида қайд этиш жоиздир.

Албатта, юқорида таъкидланганидек, “Саҳиҳул Бухорий” жуда катта манба бўлиб, ундаги барча илмий жавоҳиротни жамоатчиликка бирваракай етказиш ғоят мушкул, аниқроғи, имконсиздир. Шу боис сўзни мухтасар қиламиз. Ушбу кичик луғатшунослик машқи Имом Бухорий меросининг ҳали кенг ва чуқур ўрганилмаган жиҳатларига жамоатчилик эътиборини қарата олса, тадқиқотчиларни янги мавзуларга жалб қилиб, илҳомлантирса, олимларимизнинг бундай азму шижоати мамлакатимиз ижтимоий-маънавий ҳаётини янги маъно-мазмун, янги илмий ютуқлар билан бойитишга хизмат қилган бўлур эди.

Музайяна МАШРАБХОН

Check Also

ЎЗБЕКИСТОН ФАЛСАФА ТАРИХИ РИВОЖИДА НАЖМИДДИН КОМИЛОВ ТАСАВВУФШУНОСЛИК МАКТАБИНИНГ ЎРНИ ВА ИЗДОШЛИК АНЪАНАЛАРИ

Инсоннинг ақлий кашфиёти, интеллектуал салоҳияти юқори даражага етган глобал даврни рақамлашган дунё бошқармоқда. Аммо башарият …