Home / МАҚОЛАЛАР / ШУКРНИНГ ҲАҚИҚАТИ!

ШУКРНИНГ ҲАҚИҚАТИ!

Аллоҳ таолонинг хоҳ мўмин бўлсин, хоҳ кофир бўлсин, бандаларига берган неъматлари саноғи йўқ даражада кўпдир. Бу ҳақида Аллоҳ таолонинг Ўзи хабар бериб: “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига ета олмассизлар”, [1] деб марҳамат қилган. Инсон ўзига берилган неъматлар завол топишини истамайди, аксинча, улар бардавом ва бунданда зиёда бўлишини хоҳлайди. Бунга шукр қилиш билан эришилади.

Аллоҳ таоло: “Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қиладир?! Аллоҳ Шакур (оз амал учун кўп савоб берувчи) ва билувчи Зотдир[2], деб марҳамат қилган. Яъни, шукр қилган бандаларидан рози бўлади ва уларга улуғ ажрларни беради.

Бошқа бир оятда: «Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз«, [3] деб марҳамат қилган.

Имом Қуртубий ушбу оят тафсирида: Банданинг Аллоҳ таолога шукри – берган неъматлари учун ҳамду сано айтиш, Аллоҳ таолонинг бандага шукри – Ўзига қилган ибодатлари учун уни мақтамоқлигидир», деган. Аллоҳ таоло ҳам шукр қиладими дейилса, Аллоҳ Шакур бўлган Зот, Унинг шукри банданинг тоатлари учун кўп ажр ва мукофотлар бериш билан, неъматларини зиёда қилиш билан, уни мақтаб қўйиши билан бўлади, дейилади.

Али розияллоҳу анҳу: “Неъмат шукрга боғлиқдир ва шукр зиёда бўлишга боғлиқдир. Улар бир-бирига яқин, бириктирилган. Банда шукр қилишни тўхтатмагунча, Аллоҳ зиёда қилишни тўхтатмайди”, деганлар.

Шукр нима? Шукр фақат «Алҳамдулиллаҳ» дейишми? Ёки, неъматларнинг тур-турини базўр ҳазм қилинадиган даражада тановул қилиб бўлгач, «Худога шукр», деб қўйишми? Баъзи инсонлар шу сўзларни айтиш билан шукрни адо қиляпман деб ўйлайди.

Муновий шукрнинг таърифида: “Шукр икки хил бўлади. Биринчиси тил билан шукр қилиш – неъмат берувчига ҳамд-мақтов айтиш. Иккинчиси, барча аъзолар билан шукр қилиш – неъматга яраша мукофатлаш”, деган. [4]

Шукрнинг турлари:

  1. Қалб шукри. Неъматни қалбда ҳис қилиш. Шукр қилишдаги энг биринчи омил бу – Аллоҳнинг бизга берган неъматларини қалбимизда ҳис қилиш.
  2. Тил шукри. Неъматни тилда зикр қилиш, изҳор қилиш ва берувчига ҳамд, мақтов айтиш, бандалардан келган яхшиликка ташаккур изҳор қилиш.
  3. Аъзолар шукри. Неъматларни Аллоҳнинг тоати йўлида ишлатиш, маъсият йўлида ишлатишдан тийилиш, неъматлар ҳаққини адо қилиш, бандаларни яхшиликлари эвазига мукофатлаш, ҳақларига дуо қилиш.

Кўпчиликда шукрнинг шу қисми, муҳим қисми топилмай қолади. Чунки, аъзоларимиз – тил, кўз, қўл, оёқлар ва ҳоказоларни маъсиятлардан сақлаш, улардан тўғри йўлда фойдаланиш шукрдир. Қўлимиздаги мол-дунёни ҳалолдан топиб, уни ҳалолга сарфлаш ҳам шукрдир. Ҳақиқий шукр қилувчи – шукрни адо қилиш йўлида чин эътиқод билан, неъматларни эътироф қилиб қалби, тили ва аъзолари билан бор кучини сарфлаган кишидир.

Бизга яхшилик қилган кишига ташаккур билдириш, имкон бўлса тақдирлаш ва ҳаққига дуо қилиш ҳам шукрдир. Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларга ташаккур айтмаган одам Аллоҳга шукр қилмаган бўлади”, дедилар. [5]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шукр қилиб таомланиб (оғзи очиқ) юрган одамга, сабр қилиб (нафл) рўза тутиб юрган одам каби савоб бор”, дедилар. [6]

Шундай экан, биз неъматларга кўмилиб яшамоқдамиз-ми, уларнинг шукрини ҳам адо қилишимиз даркор. Бизга берилган неъматларни исроф қилишдан, уларнинг ҳаққини поймол қилишдан сақланайлик, шукрини адо қилайлик. Зеро, ношукрлик неъматлар заволига олиб келади.

Баҳодир Мирзаев
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Наҳл сураси, 18-оят.
[2] Нисо сураси, 147-оят.
[3] Бақара сураси, 152-оят.
[4] Аттавқиф ала муҳиммаатут таориф 206-бет.
[5] Абу Довуд ва Термизий ривояти.
[6] Термизий ва Аҳмад ривояти.

Check Also

ШАМСУЛ АИММА ҲАЛВОНИЙ ҚАЛАМИГА МАНСУБ АСАРЛАР

Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ Ҳанафий Бухорий ал-Ҳалвоний (ваф. 448/1056-1057) ижтимоий-сиёсий фаолияти учун …