Home / МАҚОЛАЛАР / КАЛОМ ИЛМИНИНГ ЮЗАГА КЕЛИШИ ВА РИВОЖЛАНИШИ

КАЛОМ ИЛМИНИНГ ЮЗАГА КЕЛИШИ ВА РИВОЖЛАНИШИ

Калом илми атамаси – диний ақидавий ғоя ва мафкураларни ишончли далилларга таяниб ўрганишга айтилади. Яъни ишончли саҳиҳ нақлий ва ақлий-мантиқий далиллар асосида диний эътиқодга доир соғлом ақидавий маълумотларни ўзлаштиришдан иборатдир.

Уламолар калом илмига турли хил таъриф берганлар. Аҳмад Ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Валалий Микносий ўзининг “Фалсафату-т-тавҳид ав-ашрафу-л-мақосид” номли китобида: “У ўта ишончли далиллардан диний ақидаларни касб қиладиган илмдир”, деди. Абдуроҳман Аҳмад Абдулғаффор Ийжий ўзининг “Мавоқиф” номли китобида: “У ҳужжатлар келтириш, шубҳаларни рад қилиш йўли билан диний ақидаларни исбот қилишга қодир бўладиган илмдир”, деди. Имом Ғаззолий ўзининг машҳур “Иҳёу Улуми-д-дин” номли китобида: “Ақоид-тавҳид идрок этиладиган, Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари билинадиган илмдир”, деган. Шариф Журжоний ўзининг “Ал-Мавоқиф”га қилинган шарҳида: “Калом бир илмдирки, унда Ислом қонуни асосида Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари ҳақида ҳамда бошланиш ва қайтарилиш каби мумкинотлар аҳволи ҳақида баҳс қилинади”, деган. Муҳаммад Абдуҳ ўзининг “Рисолату-т-Тавҳид” китобида: “Ақоид бир илмки, унда Аллоҳнинг мавжудлиги, Унга қандай сифатларни собит қилиш вожиблиги, нима билан васф қилиниши жоиз эканлиги, У зотдан нимани нафий қилиш вожиблиги, пайғамбарлар ҳақида, уларнинг қандай бўлишликлари вожиблиги, уларга қандай нисбат бериш жоизлиги, уларга нималарни нисбат бериш ман қилингани ҳақида баҳс юритади”, деди. Таърифларнинг энг мукаммали, энг осони ва энг қисқаси, Аллома Али Қорининг “ал-Фиқҳул Акбар”га қилинган шарҳининг такмиласида, 146-саҳифада зикр қилинган таърифидир: “У бир илмки, унда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида баҳс қилинади”.

“Калом илми” ақоид илмининг энг машҳур исмларидан бири бўлиб, бу исм ҳижрий II асрда зоҳир бўлган. Тарихий манбаларга қарайдиган бўлсак, дастлаб Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик ва Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳлар ўз ижтиҳодларида калом илми ва мутакаллимларга тегишли ҳукмлар ҳақида баҳс юритганлар. Шу билан бирга, ушбу имомларнинг ўзлари ҳам бу илм билан шуғулланганлар. “Калом илми” номининг ишлатилишига эътиқодий баҳсларнинг энг машҳури, баҳс қилувчилар ўртасида энг кўп низоларга сабаб бўлгани ва ихтилофлар келтириб чиқаргани, Аллоҳнинг каломи ҳақидаги масала шу илмда ўрганилганидандир.

Калом илмининг юзага келишига бир қанча ички ва ташқи сабаблар туртки бўлган. Ички сабаблар:

  1. Қуръони каримда кўпгина мавзулар қатори аввал ўтган ҳамда қолдиқлари ўша пайтда мавжуд бўлган турли сохта ва бузилган динлар ва фирқалар ҳақидаги оятлар ҳам мавжуд эди. Қуръони карим улар ҳақида маълумот берибгина қолмай, уларга раддия берган ва улар билан мунозаралар олиб борган эди. Мусулмонларнинг уламолари бундан ўрнак олиб, ўз мухолифларига раддия бериб, улар билан муноқашалар олиб боришлари турган гап эди.
  2. Фатҳ ишларидан қўли бўшаган мусулмонлар фикрий ишларга киришиб кетишди. Бунинг оқибатида дин-диёнат ва эътиқод масалаларидаги тортишувлар кўпайди.
  3. Сиёсий масалалар. Ҳукм талашиш, ҳар ким ўз тарафининг сиёсий қарашлари тўғри эканини тасдиқлаши учун ҳам калом илми керак бўлиб қолди.

Ташқи сабаблар:

  1. Фатҳ туфайли Ислом ерларининг кенгайиб кетгани.
  2. Масиҳий, яҳудий, мажусий, бараҳмий, монавий, даҳрий каби турли тоифа вакилларининг Исломга киргани.
  3. Динбузарлар ва диндан ўз мақсадида фойдаланишни мақсад қилиб олганларнинг кўпайганлиги.

Калом илми вужудга келганидан бошлаб ҳозирги кунимизгача беш босқични босиб ўтган:

  1. Вужудга келиш босқичи. Ҳижрий I асрда ва II аср бошларида баъзи эътиқодий масалалар тўғрисида баҳс-мунозаралар бошланган. Бу баҳс-мунозараларнинг юзага келишига иккита асосий сабаб бўлган:

1) Кўплаб фатҳлар туфайли турли дин, фалсафа ва мафкурага эга инсонларнинг исломни қабул қилганлари ёки мусулмонлар билан аралашиб яшай бошлаганлари;

2) Ислом оламининг ичида жуда тезлик билан ўзаро зиддиятли сиёсий, ижтимоий ва маданий ривожланиш юзага келгани.

Ушбу сабаблар туфайли айрим эътиқодий масалаларда тортишувлар пайдо бўла бошлаган. Аммо бу тортишувлар дастлаб саноқли масалалар атрофида бўлиб, улар асосан қуйидагилар бўлган:

А) Гуноҳи кабира содир этган мўмин киши мўминлигида қоладими ёки дўзахга абадий маҳкум бўладиган кофирга айланадими?

Б) Инсон қилаётган амалларини қадарига кўра мажбур бўлиб бажарадими ёки уларни мутлақо ўз ихтиёри билан бажарадими?

В) Имомлик, яъни Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг мусулмонларга ким раҳбар бўлади ва нима асосида бўлади?

  1. Китоблар ёзилиш ҳамда мазҳаблар ва фирқалар пайдо бўлиш босқичи. Ҳижрий II асрнинг бошларида мусулмонлар орасидаги ақидавий баҳс-мунозаралар янги босқичга кўтарилган. Ақидавий масалалар баҳс қилинадиган махсус давралар пайдо бўла бошлаган. Бу давраларнинг етакчилари, уларга эргашувчилар ҳамда бир-биридан фарқли ақидавий қарашлар яққол кўрина бошлаган. Буларнинг самараси ўлароқ турли номлар билан аталадиган фирқалар шакллана борган. Ушбу турли нотўғри эътиқодларни даъво қилиб чиққан хилма-хил фирқаларнинг хуружларидан Аҳли сунна вал жамоа эътиқодини ҳимоя қилиб чиққан ашъария ва мотуридия мазҳаблари юзага келган.
  2. Ривожланиш ва фалсафа билан аралашиш босқичи. Ҳижрий VI асрдан IX аср охирларигача бўлган даврлар. Бу даврларда ақидавий масалаларнинг оралари ажратилиб, тартибли равишда ёзишга ўтилган. Натижада ақида илмига оид турли асарлар таълиф этилиб, ақидавий мадрасалар шаклланиб борган. Шунингдек, Ислом дини эътиқодига хилоф бўлган фалсафий қарашларга раддиялар ҳам қилинган. Натижада ақида китоблари ичига фалсафий қарашлар ҳам аралашиб борган.
  3. Турғунлик босқичи. Ҳижрий X асрдан XII асргача. Ушбу даврлар олдинги ва кейинги босқичларга нисбатан ақоид илми барқарор бўлган пайтлар бўлган. Бу даврларда асосан олдинги асрларда ёзилган матнларга шарҳлар ва ҳошиялар ёзилган.
  4. Янги фикрлар пайдо бўлган босқичи. Ҳижрий XII ва XIII асрлар. Бу даврларда Қуръон ва суннатга эргашиш даъвоси билан олдинги босқичлардагидан фарқли янги фикрлар пайдо бўлган.

Ҳозирги вақтда олдинги уламоларнинг тутган йўлларини маҳкам ушлайдиганлар ҳам, янги пайдо бўлган фикрларга эргашадиганлар ҳам бор.

Бу илмнинг мақсади динга бўлган ишончни, диний ақидаларни қатъий далиллар ила исботлаш ва улар тўғрисидаги шубҳаларни рад қилишдир. Кишининг ақидада тақлидчи бўлишдан далил келтириш ва ишончли бўлиш чўққисига кўтарилишдир. Тўғри йўлни изловчиларга очиқ-ойдин ҳақни баён қилиш билан йўл кўрсатиш аксинча бўйин товловчиларга эса далил ва ҳужжатларни исбот қилиш. Дин асосларини аҳли ботилнинг шубҳаларидан ва адаштиришларидан муҳофаза қилиш.

Калом илмининг энг асосий бош мақсади эса мукаммал имонга етишиш ва икки дунё саодатига мушарраф бўлишдир. Бу фандан кўзланган устувор мақсад – соҳа аҳлининг имон-эътиқодини соғломлаштириш, шунингдек, уларни турли бидъат-хурофотлар, таассуб ва ғулув каби ҳалокатга олиб борувчи ақидавий иллатлардан асраш, бу дунёда бахтли ҳаёт, охиратда эса абадий саодатга етишлари учун керакли маълумотларни беришдир. Бу илмнинг асосий мақсади эса барча шаръий илмлар каби икки дунё саодатини ҳосил қилишдир.

АБДУВОСИ ШОНАЗАРОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ҚЎРҚҚАН ФИТНА

(Бир ҳадис шарҳи) Фитналар ҳар доим бўлиб келган. Бундай ишлардан энг ёмони ноҳақдан ширк ва …